АҚШ президенти Доналд Трамп Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған билан амалга оширган мулоқот чоғида Россия президенти Владимир Путин ҳақида кескин фикр билдирди ва унинг уруш ҳаракатларини дарҳол тўхтатиши зарурлигини таъкидлади.
«Одамларнинг ҳаёти беҳуда йўқотиляпти. Бу жараён тўхташи шарт, Владимир Путин дарҳол тўхташи лозим... Россия бомбалар, ракеталар, қурол-яроғ ва инсон ҳаёти учун улкан маблағларни сарфламоқда, аммо натижада улар деярли ҳеч қандай ҳудудга эга бўла олмади», – дея Оқ уй раҳбари ўз чиқишида қайд этди.
Шу билан бирга, Америка етакчиси Туркия раҳбари ҳақида ҳам фикр билдирди. Трампнинг таъкидлашича, Россия «Украинага қарши узлуксиз ҳужум олиб бораётган» пайтда Эрдўған Москвадан нефть сотиб олишни чеклаш ниятида. Унинг сўзларига кўра, Туркия Украинадаги воқеаларга жиддий таъсир ўтказиш имкониятига эга.
«Эрдўғанни ҳамма ҳурмат қилади, мен ҳам унга катта ҳурматим бор. У хоҳласа, Украинадаги урушнинг йўналишига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ айни вақтда бетараф туришни маъқул кўряпти», – деди Трамп.
Шунингдек, АҚШ президенти Туркия етакчисини нафақат ўз мамлакатида, балки Украина ва Россияда ҳам ҳурмат қилишларини таъкидлади. Трампнинг қўшимча қилишича, Эрдўған қудратли армия тузган ва АҚШ қурол-аслаҳаларидан самарали фойдаланмоқда. Шу билан бирга, у «Путинни Трамп каби яқиндан танийди».
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!