12:43 / 16.11.2024
24

Трамп қайтди: бу дунё сиёсатида нималарни ўзгартиради?

Трамп қайтди: бу дунё сиёсатида нималарни ўзгартиради?
Доналд Трамп АҚШда ҳокимиятга бир муддатдан сўнг қайтган иккинчи президент бўлди. У дунёдаги энг қудратли давлат, биринчи иқтисодиёт ва биринчи ҳарбий қудрат бўлган АҚШ тарихидаги зиддиятли президентлардан бири. Шу сабаб биз АҚШ ва Трампни таҳлил қилишда давом этамиз.

Бунга қадар АҚШнинг 22 ва 24 президенти бўлган Грувер Кливленд ҳам бир муддат президентлик курсисини йўқотиб, яна ҳокимиятга қайта олган сиёсатчи эди. Кливленд 1885-1897 йиллар оралиғида жами саккиз йил президентлик қилган. Трамп АҚШ тарихидаги энг зиддиятли президентлардан бири. Лекин АҚШ дунёдаги энг қудратли давлатлардан бири, биринчи иқтисодиёт, биринчи ҳарбий қудрат. Шу сабаб биз АҚШ ва Трампни таҳлил қилишда давом этамиз.

АҚШ геостратегияси учун энг муҳим қитъа – Евросиё ва унинг уч минтақаси алоҳида аҳамиятга эга. Булар Европа, Шарқ – Хитой Халқ Республикаси, унинг атрофи ва Яқин Шарқ ҳамда Америка учун унинг маркази – Исроил давлати ҳисобланади.

Демократлар кейинги ўн йилликларда мана шу уч минтақадан асосий эътиборни шарққа – Хитой ва унинг атрофига қаратди. “Обама доктринаси”нинг энг муҳим нуқтаси шуки, XXI асрдаги АҚШнинг энг асосий рақиби – бу ХХР, Америка мана шу давлатни тийиб туришга ҳаракат қилиши керак. Мана шу вазифадан келиб чиқиб, Европа билан иттифоқчилик кучайиши, Исроил-мусулмон дунёси зиддияти барҳам топиши керак. Шунинг учун ҳам Обама ўз бошқарув даврида Эрон билан келишишга ҳаракат қилди.

Ҳокимиятга Байден келган 2021 йилда яна Хитойни қуршовга олиш сиёсати кучайтирилаётган эди. Лекин Путиннинг Украинага бостириб кириши АҚШ кун тартибини тактик жиҳатдан ўзгартирди. Чунки агар Украина Россия томонидан ютилишига қараб турганида, бунинг оқибатлари ғарб учун жуда оғир бўларди.

Мана энди, яна Трамп ҳокимиятга қайтяпти. Ва яна АҚШнинг геосиёсий, ташқи сиёсий приоритетлари ўзгариши мумкин.

Трамп импульсив, беқарор ва кайфият билан иш қиладиган сиёсатчи. У изоляционист, институтларга ва алянсларга ишонмайди. Трамп учун Яқин Шарққа эътибор кучайиши аниқ. У исроилпараст, исломофоб шахс. Ва кутиш мумкинки, АҚШнинг Эронга босими, вақти-вақти билан “уруш очиш” таҳдидигача бориши мумкин. Айни пайтда, Трамп “мен уруш қилмайман, лекин куч ишлатишга тайёрман” деган баёнотлари билан танилган президент.

Украина-Россия уруши борасида, Трамп ваъдасини ҳамма билади. У бу урушни “бир кунда” тугатиш ниятида. Назаримда, бу имконсиз. Чунки Путиннинг мақсади – Украина устидан тўлиқ назоратни қўлга олиш, Украинани Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлишга йўл қўймаслик. Демак, ҳозирги босиб олинган 20% украин ерлари Путинни қониқтирмайди. Путин бу чегараларда урушни тўлиқ тўхтатиши даргумон.

Украина ҳам ерларини йўқотишга рози эмас. Қолаверса, НАТОга интилишдан воз кечиш нияти йўқ. Агар украиналик сиёсатчилардан кимдир “биз НАТОга киришдан воз кечишимиз керак” деса, унинг сиёсий умри тугаган бўлади. Шунинг учун Трампнинг урушни тўхтатиш ваъдаси, ҳозирча жуда абстракт. Агар уруш тўхтаса ҳам, бу вақтинчалик тўхташ бўлиши мумкин.

Трампнинг беқарорлиги шундаки, у бирон бир лойиҳани катта тантаналар билан бошлайди. Бу иш муваффақиятли кетавермаса, унинг ҳафсаласи пир бўлади ва лойиҳадан воз кечиб қўя қолади. Яхшигина мисол – 2017-2021 йилларда АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида кечган музокаралар. Ўшанда Трамп Ким Чен Ин билан бир неча марта учрашди. У билан келишишга ҳаракат қилди. Бу учрашувлар Шимолий Кореяга жуда қўл келди. Шимолий Кореяга нисбатан жорий қилинган санкциялар, де-факто кучини йўқотди. Лекин Ким ядровий қуролдан ҳам, Жанубий Корея ва Японияга таҳдидлардан ҳам воз кечмади. Ва бугун Ким Чен Ин ҳар доимгидан агрессив бўлиб, қўрқмасдан Россияга ҳарбий ёрдам бермоқда.

Трамп Хитойга босимни албатта кучайтиради. Лекин олдинги президентлардан фарқланиб, у бу ишларни якка ўзи қилмоқчи. У анъанавий иттифоқчиларини сафарбар қилмоқчи эмас, баъзан буни қила олмайди ҳам. Чунки у НАТО ва Европа Иттифоқи аъзоларига ҳам босим қилиш ниятида.

Агар эътибор берсангиз, яқин ўн йилликлар, балки асримиз давомида, энг катта геосиёсий тирашувлар, можаро ва урушлар бизнинг атрофимизда кечади. Бу конфликтлар билан Ўзбекистон ўртасида, кўпинча биттагина қўшни давлат бор холос. Қозоғистон оша уруш қилаётган Россия, Қирғизистон оша АҚШнинг энг асосий рақиби Хитой Халқ Республикаси, Туркманистон оша Эрон, Яқин Шарқда эса биз ўзлигимиз билан Фаластин тарафдамиз, Украина эса пост-совет ҳудудидаги “яқин сиёсий қўшни давлат” ҳисобланади. Яъни пост-совет ҳудудида, Украина каби давлатнинг ўз ҳудудларини йўқотиши “қоида”га айланса, бундан бутун Марказий Осиё ютқазган бўлади.

Айни пайтда, бу конфликтлар Ўзбекистон учун, Марказий Осиё, туркий ва мусулмон дунёси учун “ҳамжиҳат бўлишга”, “бирдамлик ва бирликка”, “иттифоқчиликка” қулай имкониятлар ҳам шакллантириб боради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп қайтди: бу дунё сиёсатида нималарни ўзгартиради?