
Украинадаги урушни тугатиш масаласи яна марказий муҳокамага айланди. Бу гал эътибор марказида Трамп маъмурияти атрофида шаклланаётган, ОАВларда “тинчлик режаси” деб номланаётган ҳужжат турибди. Аммо муҳокамаларга қарасангиз, бу режа Вашингтондан кўра Москвага яқинроқ эканини ҳис қилиш қийин эмас: ҳужжат амалда Киевдан кескин ва оғир ён беришларни талаб қилади.
Режа ортида кимлар турибди?
Муҳокама марказидаги ном — Стивен Уиткофф. Ҳа, Трампнинг даврий равишда сиёсий вазифаларга аралашиб қўядиган, Путин билан таржимонсиз учрашиб нима дейилганини тушунмай қайтган миллиардер дўсти. Трамп унга яна бир бор имконият берган кўринади, аммо бу сафар у Украина тақдирига дахлдор режа ишлаб чиқишда иштирок этгани айтилмоқда.
Режанинг Россия томонидаги архитектори эса Кирилл Дмитриев — Киевда туғилган, кейинчалик Кремлда ўзини “аҳамиятли шахс” сифатида кўрсатишга интилган амалдор.
Уиткофф эса одатдагидек ноқулай вазият яратиб улгурди — Twitter’да “маълумотлар K.дан чиққан” деб ёзиб қўйди ва тезда ўчирди. Бир қарашда смс ёзаяпман деб ўйлаб, ижтимоий тармоққа жўнатиб юборгандек. Қисқа қилиб айтганда, дипломатия эмас — реалити-шоу.
Режа нима дейди?
ОАВлардаги маълумотларга кўра, ҳужжат Украинадан қуйидагиларни талаб қилади:
– Донбассни тўлиқ Россияга топшириш;
– Армияни кескин қисқартириш;
– Узоқ масофали қуроллардан воз кечиш;
– Рус тилини давлат тилига айлантириш;
– Ҳарбий инфратузилмага чекловлар қўйиш.
Эътиборли жиҳати — Россиядан ечим ёки компромисс деярли талаб қилинмайди. Ҳужжат Украинадан бир томонлама ён беришни талаб қилар экан, “бу тинчлик режасими ёки Кремлнинг орзу-истаклар рўйхатими?” деган савол ўз-ўзидан туғилади.
Нега айнан ҳозир?
Режа муҳокамаси икки муҳим жараён фонида тинмай қалқияпти:
– Россия фронтда айрим йўналишларда илгарилаб бормоқда;
– Киевда эса йирик коррупцион можаро юзага келиб, Ғарб билан муносабатларда совуқчилик пайдо бўлмоқда.
АҚШ эса Украинадан кескин талаблар қўйишгача бориши айни шу икки омилга боғлиқ экани тахмин қилинмоқда.
Хулоса қандай?
Ушбу “тинчлик концепцияси” Украинада ҳам, Европада ҳам жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Чунки ундаги шартлар мустақил давлат учун жуда оғир ҳисобланади. Вашингтоннинг мақсади — урушни тезда, ҳар қандай нарх эвазига тўхтатишдек кўринади. Аммо Киев учун бу нарх жуда баланд.
Украинада муҳокамалар оловланяпти, Европа эса режани жиддий хавф сифатида кўрмоқда. Ғарб расмийлари буни “Кремлга ёқимли шартлар тўплами” деб баҳолашни бошлади.
Бир нарса аниқ: ушбу режа атрофидаги тортишувлар Украина–Россия можаросида янги босқич бошланганидан дарак беради.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.