date

Иммун тизими қаришга қарши курашишда янги умид уйғотди

Иммун тизими қаришга қарши курашишда янги умид уйғотди

Исроилдаги Бен-Гурион университети тадқиқотчилари инсон организми қандай қилиб қариш жараёнига қарши табиий курашишини кўрсатувчи муҳим илмий натижа эълон қилишди. Олимлар аввал номаълум бўлган, аммо қариш жараёнини секинлаштиришда катта аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган иммун ҳужайраларини аниқлашди.

Янги очилган ушбу ҳужайралар CD4 T-ҳужайраларининг махсус тури бўлиб, улар организмда йиғилиб борувчи сенесцент, яъни “зомби”-ҳужайраларни йўқ қилиш қобилиятига эга экани исботланди. Сенесцент ҳужайралар вақт ўтиши билан кўпайишдан тўхтаса-да, организмда фаоллигини сақлаб, зарарли моддалар ажрата бошлайди. Бу моддалар яллиғланишнинг давомли шаклини келтириб чиқариб, тўқималарга зарар етказади ва ёшга доир кўплаб касалликларнинг асосий сабабларидан бирига айланади.

Тадқиқот илк бор CD4 T-ҳужайралари сенесцент ҳужайралар таъсирида CD4-Eomes деб аталувчи махсус “жангчи” шаклга ўта бошлашини молекуляр даражада кўрсатди. Ушбу жангчи ҳужайралар “зомби”-ҳужайраларни аниқлаб, уларни йўқ қилади ва организмда уларнинг ҳаддан ташқари кўпайишининг олдини олади.

Сичқонларда олиб борилган тажрибаларда CD4-Eomes ҳужайраларининг пайдо бўлиши айнан сенесцент ҳужайралар мавжудлигига боғлиқ экани тасдиқланди. Яъни иммун тизими қариш жараёнини “кўриб”, унга қарши табиий равишда жавоб қайтараётгани аниқ бўлди. Тажрибада CD4-Eomes ҳужайраларининг фаоллиги сунъий тўхтатилганда эса қарий бошлаган “зомби”-ҳужайралар сони кескин ошгани кузатилди.

Жигар циррози моделида ўтказилган қўшимча текширувлар ҳам шуни кўрсатдики, ушбу иммун ҳужайралари тўқималардаги емирилиш жараёнини пасайтиради ва қариш аломатларини сусайтиради.

Олимлар фикрича, бу кашфиёт иммун тизими қаришга қарши ўз механизмига эга эканини исботлаб, биологик қаришни секинлаштириш бўйича янги йўналиш очиши мумкин. Келажакда CD4-Eomes ҳужайралари фаоллигини махсус усуллар билан кучайтириш орқали ёшга оид касалликларнинг олдини олиш эҳтимоли бор. Бироқ бу амалиётга айланиши учун ҳали яна кенг қамровли тадқиқотлар зарур.

Янги очилган механизм қаришга қарши курашда инсон учун умидли йўналиш экани шубҳасиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Иммун тизими қаришга қарши курашишда янги умид уйғотди