
Пенсильвания губернатори Жош Шапиро ўзбекистонлик фуқаро Аҳрор Бозоров билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот берди. Маълум бўлишича, Бозоров Ўзбекистонда жиҳод тарғиботи билан шуғулланганликда айбланиб, қидирувда бўлганига қарамай, АҚШнинг Пенсильвания штатида тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасини (CDL) қўлга киритган.
Шапиронинг сўзларига кўра, гувоҳнома берилишида Пенсильвания расмийлари федерал даражадаги Systematic Alien Verification for Entitlements (SAVE) базасидан фойдаланишган. Бироқ мазкур тизимда Бозоровнинг қидирувда эканлиги ҳақида маълумот мавжуд бўлмагани сабабли, ҳужжатни беришда ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган.
"Биз фойдаланишга мажбур бўлган тизим ўз ишини тўғри бажармади. Пенсильвания штати барча текширувларни амалга оширди, аммо федерал базага зарур маълумотлар киритилмаган", — деди Шапиро.
31 ёшли Бозоров 9 ноябр куни Канзас штатида юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ишлаётган пайтда қўлга олинган. Ўзбекистонда унга жиҳодга чақириқ ва тарафдорларни ёллаш мақсадида онлайн материаллар тарқатганликда айблов қўйилган.
Ушбу айблов бўйича 2022 йилда ҳибсга олиш тўғрисида ордер чиқарилган эди. Ушбу воқеадан сўнг, Пенсильвания расмийлари тижорат ҳайдовчилик гувоҳномаларини чет эллик шахсларга бериш бўйича жараённи қайта кўриб чиқишни бошлашди.
Шунингдек, федерал идоралардан маълумот алмашиш тизимини янгилаш ва кучайтиришни талаб қилишди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.