
Украина етакчиси Володимир Зеленский АҚШ армияси вазири Дэниэл Дрисколл билан бўлиб ўтган учрашувида Трамп маъмурияти таклиф қилаётган янги тинчлик концепцияси юзасидан музокара олиб боришга рози эканини билдирди. Бу – Киев учун ҳам, Вашингтон учун ҳам янги босқичнинг бошланиши сифатида баҳоланмоқда.
Axios нашри маълумот беришича, Зеленский ва Дрисколл ҳужжат «қисқа вақтда» имзоланиши мумкинлигини муҳокама қилган. Яъни жараён шошилинч тарзда олға силжитиляпти ва икки томон ҳам ўзаро позицияларни тезда яқинлаштиришни истамоқда.
Энг муҳим жиҳат – Вашингтоннинг асосий талаби. Маълум қилинишича, АҚШ Киевдан ҳозир Украина назоратида бўлган айрим ҳудудларни Россияга беришни кўриб чиқишни сўраётган экан. Бу талаб Зеленский томонидан қатъий рад этилмагани ҳам катта эътиборга сабаб бўлди. Украина президенти уни бир қарор сифатида қабул қилмасдан, музокара учун асос сифатида кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган.
Axios манбаларига кўра, Трамп маъмурияти Украина–Россия можаросига нуқта қўйиш учун 28 банддан иборат янги «катта келишув» устида ишлаяпти. Режа доирасида бир қатор ўта баҳсли шартлар ҳам бор:
– Донбасснинг Россияга расман топширилиши;
– Украина армиясининг қисқартирилиши;
– Узоқ масофали зарбалар бера оладиган қуроллардан воз кечиш;
– Рус тилига Украинада расмий мақом бериш;
– Хорижий қўшинларни жойлаштирмаслик кафолатлари.
Бу таклифлар Украина жамиятида ҳам, Европада ҳам оғир муҳокамаларга сабаб бўлишини башорат қилиш қийин эмас. Шу билан бирга, Вашингтон бу келишув орқали урушни «назоратли тарзда тугатиш» ва Европадаги хавфсизлик мувозанатини тиклашни кўзлаяпти.
Зеленский эса бу босқичда барча таклифларни дарҳол рад этиш ёки қабул қилиш ўрнига, уларни кенг форматда муҳокама қилишни афзал кўрмоқда. Киев учун бу музокаралар жуда зиддиятли бўлиши аниқ, бироқ Зеленскийнинг бу позицияси дипломатик майдонда янги динамика пайдо қилгани билан аҳамиятли.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.