Доналд Трамп АҚШ тарихидаги энг йирик мигрантлар депортациясини амалга оширмоқчи. Хўш, у бунга қанчалик қодир? Америкадаги ноқонуний ўзбек муҳожирлари нималарга тайёр туриши керак? Kun.uz мавзу юзасидан АҚШдаги ўзбек ватандоши, адвокат Миракмал Ниёзматовни суҳбатга таклиф этди.
— Трампнинг сайловдаги ғалабасидан кейин миграция соҳасида ишловчи юристларга мурожаатлар сони кўпайдими?
— Доналд Трамп сайловда ғалаба қозонганидан кейин ноқонуний мигрантларни депортация қилиш бўйича ваъдалар берган эди. Шунинг учун АҚШда ҳужжатсиз бўлган ва ишлари ҳали судда кўрилмаганлар бундан хавотирга тушмоқда. Албатта, бундай мигрантлардан уларнинг тақдири борасидаги савол ва мурожаатлар сони сезиларли даражада кўпайган.
Трамп сайловолди дастурларида Америка тарихида мисли кўрилмаган даражадаги кенг кўламли депортацияни амалга оширишга ваъда берган. Бунда у Мексика билан чегарадан кириб келаётган ва мамлакат ҳудудида бўлиб турган ҳужжатсиз мигрантларга урғу берган.
— Шунга қарамай, кўплаб мигрантлар сайловда Трампга овоз беришди. Бунинг сабаби нима?
— Менимча, асосий сабаб – иқтисодиёт. Ваҳоланки, АҚШ бутун дунёда кузатилаётган иқтисодий қийинчиликларни Европа ёки Хитойга қараганда яхшироқ ўтказяпти. Мамлакатда инфляция бор, аммо у назоратда, ишсизлик даражаси ҳам анча паст. Шунга қарамай, мавжуд иқтисодий ҳолатдан асосан иммигрантлар жабр чекяпти, чунки нархлар ошган, яшаш қимматлашган, иш топиш ҳам қийин бўляпти. Айнан шу жиҳатларни ҳисобга олиб, мигрантлар Байден ўз ваколатини яхши бажаролмади ва бизнесмен Трампга имкон бериш керак деб ҳисоблашган бўлиши мумкин.
Қолаверса, овоз бериш ҳуқуқига эга кўплаб мигрантлар ҳужжат олишни йиллаб кутишган ва энди улар Мексика орқали келаётганларнинг осонликча мамлакатга киришини истамайди. Байден даврида Мексика билан чегарадан йилига 2 миллион мигрант мамлакатга кириб келгани тахмин қилинмоқда. Улар бир томондан арзон ишчи кучи сифатида мигрантларнинг иш ўрнини олиб қўймоқда дейиш мумкин, лекин бундай ҳужжатсиз мигрантларнинг асосий қисми одатда қонуний ҳужжатларга эга мигрантлар ёлланадиган ишларда эмас, балки қурилиш ёки деҳқончиликка ўхшаш қўл меҳнати билан боғлиқ ишларда фаолият юритади.
Бундан ташқари, мигрантларнинг бир қисми АҚШни аёл киши бошқара олмайди деб ўйлаганликлари учун Ҳаррисга эмас, балки Трампга овоз берган бўлишлари ҳам мумкин.
— Ноқонуний мигрантлар ҳам даромад солиғи тўлайдими?
— Кўпчилик ҳужжатсиз мигрантлар ҳам солиқ тўлайди. Статистик маълумотларга кўра, ноқонуний мигрантлар умумий ҳисобда йилига 80 млрд долларгача солиқ тўлайди.
АҚШдаги ҳужжатиз 12 миллион мигрантнинг барчасини депортация қилишнинг имкони йўқлигини, аксинча, уларга йўл очиш кераклигини айтаётганлар ҳам бор ва бундай таклиф берилишининг асосий сабаби ҳам айнан солиқ ундиришдир. Коқонуний мигрантлар давлатдан ҳеч қандай ижтимоий ёрдам ёки ҳимоя олмаса-да, кун келиб ўзларига ҳужжат берилишига умид қилган ҳолда солиқ тўлайди.
— АҚШнинг миграция тўғрисидаги қонунлари Трампга ваъдасининг устидан чиқишга имкон берадими?
— Трамп сайланганидан 3 кун ўтиб, чегарадан кириб келаётган мигрантларни ва депортация жараёнини назорат қилиш учун, масъул сифатида “чегара қироли”ни (Том Ҳоман) тайинлади. У эса депортация жараёнини бошлаш учун ҳамма нарса тайёр экани, барча ресурслар шунга қаратилиши ва керак бўлса, ҳарбийлар ҳам бу ишга жалб этилиши ҳақида баёнотлар берди. Бунга эса сенаторлар қарши, чунки бу иш АҚШ имижига салбий таъсир кўрсатади.
АҚШда депортация доим бўлган, Байден даврида бу бироз камайган, яъни йилига 200 минг атрофида мигрант депортация қилинган. Обама даврида депортация энг юқори даражага чиққан ва йилига 400 минг мигрант депортацияга учраган. Трампнинг биринчи ваколат муддатида эса бу кўрсаткич тахминан 350 мингни ташкил қилган.
Трампнинг депортация борасидаги ваъдаларини бажариши учун жуда катта куч ва ресурслар керак бўлади. Бунинг бюджетга ҳам таъсири бор, чунки 12 млн мигрантни 4 йил ичида депортация қилиш учун йилига Обама рекордидан 10 баробар кўпроқ депортацияни амалга ошириш керак.
— Трампнинг ваъдалари ва АҚШнинг миграция бўйича қонунчилиги қарама-қарши келадиган нуқталар борми?
— Ҳозирда асосан Мексика билан чегарадан ўтиб келаётганлар ноқонуний мигрантлар сифатида кўрилмоқда. Уларнинг аксарияти мамлакатдан сиёсий бошпана сўраган ва иш судда кўрилмоқда. Бундай ҳолатда суд мигрантнинг депортация қилиниши ёки қилинмаслиги тўғрисидаги якуний қарорни қабул қилмагунча уни депортация қилиш мумкин эмас. Суд қарор қабул қилмагунча уларга АҚШ ҳудудида қолишга рухсат берилади.
Бу борада ишларни кўриб чиқиш жараёни турли вақтларга чўзилиши мумкин, чунки ҳар бир масъул судяда 4-5 мингтагача кўрилиши керак бўлган иш бор, бунда ишлар бир эмас, бир неча йилларга чўзилиши мумкин. Бу ерда Трампнинг баёнотлари ва амалдаги қонунчилик кесишмоқда.
Албатта, агар мигрант оғир жиноят содир этса ёки суд томонидан депортация қарори чиқарилган бўлса, уни тўсиқсиз депортация қилиш мумкин.
— Трампнинг 4 йиллик ваколат муддати депортация жараёнини тўлиқ якунлаш учун етарлими?
— Агар мамлакатнинг барча ресурслари шу ишга қаратилса, балки уддалаш мумкиндир, лекин бу катта қийинчилик билан амалга ошади ва ортидан салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Бу мигрантлар АҚШ иқтисодиётининг ажралмас бўлаги, улар мамлакатдан чиқариб юборилса, ишчи кучи етишмай қолиши, ишлаб чиқариш соҳасидаги ишчи етишмаслиги сабабли ишлар тўхтаб қолиши ёки нархлаш ошиши мумкин. Трамп ўз ваъдасини тўлиқ бажариши қийин, шунинг учун маълум кўламда депортацияни амалга ошириб, қолган қисмига бунинг ўрнини босиши мумкин бўлган қонунларни қабул қилиши мумкин.
Трамп Мексика ва Канадага чегара назоратини кучайтирмаган тақдирда бу давлатларнинг маҳсулотларига тарифларни ошириш билан таҳдид қилмоқда, лекин бу биринчи навбатда АҚШ аҳолисига таъсир қилади, чунки оширилган тарифлар нарх-наво кўтарилишига, яъни инфляцияга олиб келади.
Трамп ваъда қилаётган тарихдаги энг йирик депортация учун қўшимча ҳибсхоналар ҳам қуришга тўғри келади. Чунки мавжудлари Мексикадан келаётган мигрантлар сабабли аллақачон тўлган. Қўлга олинган ноқонуний мигрантларни зудлик билан мамлакатдан чиқариб юборолмайди, улар маълум муддат ҳибсхонада сақланишига тўғри келади. Қўшимча қилиш мумкинки, депортация жараёнини силлиқ амалга ошириш учун ҳукуматлар ва элчихоналараро ҳамкорлик ҳам талаб қилинади. Бундай ҳамкорликда оқсаш кузатилса, ҳибсхоналар кўпайтирилиши, у ерга ишчилар олиш, маош бериш, сақланаётган мигрантларни овқат ва тиббий хизмат билан таъминлаш масаласи ўртага чиқади. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Грузия билан стратегик ҳамкорликни тўхтатди
Илон Маск: Америка Қўшма Штатлари банкротлик ёқасида!
Байден “Исроилга қарши китоб” билан омма олдида кўринди
Эрдўған Путин билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди
Хитой Доналд Трампнинг BRICS аъзоларига нисбатан таҳдидларига жавоб берди
Жиззахда “Камаз” темирйўлдаги қизил чироққа бўйсунмай шлагбаумни уриб ўтиб кетишга уринди
Япония бош вазири аварияга учради
«Пахтакор» португалиялик янги бош мураббийини таништирди