20:18 / 04.12.2024
21

Эксперт: исёнчиларнинг юриши таъсирли, аммо Асадни ҳисобдан чиқаришга эрта

Эксперт: исёнчиларнинг юриши таъсирли, аммо Асадни ҳисобдан чиқаришга эрта
Фото: Getty Images
Сурияда уруш қайтадан бошланиши ўтган йилнинг 7 октябридан кейин Яқин Шарқни қамраб олган нотинчлик тўлқинининг навбатдаги кўриниши бўлди.

Ўша ҳужум ва Исроилнинг жавоби статус-квони бузганди. Сўнгги кунларда Сурияда рўй берган воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, Яқин Шарқдаги уруш кенгайиб бормоқда. BBC шарҳловчиси Жереми Боуэн Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларни таҳлил қилди.

2011 йилда бошланган ўн йиллик уруш давомида Башар Асад отасидан мерос бўлиб қолган ҳокимиятни сақлаб қолишга муваффақ бўлди, чунки у ҳокимият учун Сурияни парчалашга тайёр эди, қолаверса, унга кучли иттифоқчилар ёрдам берди: Россия, Эрон ва Ливандаги «Ҳизбуллоҳ».

Бу иттифоқчилар ИШИД экстремист-жиҳодчиларидан тортиб АҚШ ҳамда Форс кўрфазининг бадавлат монархиялари томонидан қўлланадиган айирмачи кучларга қадар бўлган турли гуруҳларга қарши унинг томонида туриб уруш олиб боришди.

Энди Эрон Исроил АҚШ ёрдамида унга йўллаган зарбалардан ўнгланишга ҳаракат қилмоқда, ўзининг энг яхши жангчиларини Асад учун жанг қилишга юборган иттифоқчиси «Ҳизбуллоҳ» эса исроилликларнинг зарбаларидан фалаж ҳолатга тушган.

Россия самолётлари сўнгги кунларда ҳужум қилаётган суриялик исёнчилар устига зарбалар йўллади, аммо Россия ҳозирда асосий эътиборини Украинадаги урушга қаратишга мажбур.

Ҳалаб ва Идлибдан жанубга, Ҳама томон ҳаракатланаётган исёнчилар
Суриядаги уруш амалда якунланмаганди. У шунчаки қисман Яқин Шарқдаги турғунлик ҳолати ва қисман журналистлар Сурияга кира олмай қолгани туфайли жаҳон нашрлари сарлавҳаларидан ғойиб бўлганди.

Жойларда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган ёки музлатилганди, аммо Сурияда ҳали кўплаб низолар очиқ қолаётганди.

Асад режими барибир араб баҳори бошланган 2011 йилга қадар бўлган даврдаги бутун мамлакат устидан назоратни ўзига қайтара олмади. Аммо, шунга қарамай, у асосий шаҳарлар ҳамда уларни ўзаро боғловчи ёки атрофидан ўтган асосий йўллар устидан назоратни тиклади.

Энди эса «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги исёнчилар коалицияси Идлибдан ташқарига чиқди (Туркия билан чегарадош бу вилоят ушбу гуруҳ назорати остида қолганди) ва «ҳайратомуз» тезликда ҳаракатланиб, бир неча кун ичида Сурия армияси гарнизонларини катта ҳудудлардан суриб чиқарди.

Юриш 27 ноябр куни бошланганди. Икки кун ўтиб исёнчилар Ҳалабнинг қадимий қалъаси олдида суратга тушишди, бу жой 2012–2015 йилларда, шаҳар исёнчилар ва режим кучлари ўртасида бўлинган чоғда Асад қўшинларининг етиб бўлмас базасига айланганди.

Ҳукумат қўшинлари қувиб юборилганидан кейин Ҳалабдаги вазият, афтидан, сокинлашган. Ижтимоий тармоқда тарқалган фотосуратлардан бирида исёнчилар отряди жангчилари маҳаллий ошхонада қовурилган товуқ учун навбатда тургани акс этган.

Исёнчилар Ҳалабни жиддий қаршиликсиз эгаллади
ҲТШ «Ал-Қоида»нинг Суриядаги бўлимининг собиқ жангарилари томонидан тузилганди, гуруҳ ундан 2016 йилда ажралиб чиққан ва кейин унинг радикал кайфиятдаги издошлари билан кураш бошлаган. ҲТШ 2018 йилдан буён АҚШ, Туркия, Буюк Британия, Евроиттифоқ, Россия ва бошқа мамлакатларда террорчилик ташкилоти деб топилган.

ҲТШ етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жавлоний кўп йиллар мобайнида Ироқ ва Суриядаги жиҳодчилар етакчиларидан бири бўлган. Аммо кейинги йилларда у гуруҳ тарафдорлари базасини кенгайтиришга уриниб, жиҳодчиларнинг қатъий мафкурасидан узоқлашган.

Шу ребрендинг туфайли ҲТШ «тажовузни қайтариш бўйича амалиёт» деб номланган юриши учун кенг кўламда қўллаб-қувватланишига умид қилмоқда. Гуруҳ расмий номида ҳам, ўз баёнотларида ҳам фундаментал диний фразеологиялардан қочади.

BBC Monitoring нинг жиҳодчилар медиаси бўйича мутахассиси Мина ал-Ламийнинг сўзларига кўра, ҲТШ нейтрал тилдан фойдаланиб, аудитория идрокида ҳозирги воқеаларни гуруҳнинг жиҳодчи қисмидан ажратиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда ва бу юришни исёнчиларнинг ҳукмрон режимга қарши қўшма ҳаракатлари сифатида кўрсатмоқда.

Сурияликлар оммаси диний экстремизмдан қаттиқ чўчиб қолган. Урушнинг илк йилида демократик чиқишлар бостирилганидан кейин исёнга жиҳодчи гуруҳлар бошчилик қила бошлаган, кўплаб сурияликлар ёки бетараф қолишни маъқул кўрган, ёки ИШИД ва унинг одамхўр мавфкурасидан қўрққани учун истар-истамай Асад режимини қўллашга ўтган.

Сурия шимолидаги сиёсий ландшафт қуроқ (ямоқ тушган) кўрпага ўхшайди. Шимоли-шарқдаги ҳудудларнинг катта қисмини Сурия демократик кучлари назорат қилади — бу курдларнинг АҚШ қўлловидаги гуруҳидир.

Минтақада Туркия муҳим ўйинчи ҳисобланади. Ушбу давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган маҳаллий айирмачилар чегара ҳудудлар устидан назорат ўрнатган ва ўз мунтазам армиясига эга.

Сурия шарқидаги саҳролардаги йўлларда эса вақти-вақти билан ИШИД қолдиқлари ҳисобланган жиҳодчи гуруҳлар пистирмалар қўяди.

Суриядан келаётган хабарларга кўра, исёнчилар юриш давомида катта миқдордаги қурол ва техникаларни, жумладан, вертолётларни ўлжа қилиб олган ва Ҳалаб ҳамда Дамашқ ўртасидаги йирик шаҳар бўлмиш Ҳама томон ҳаракатланмоқда.

Асад режими ва унинг иттифоқчилари, шубҳасиз, вазиятни тенглаштиришга ҳаракат қилади ва биринчи навбатда ҳаво орқали жавоб зарбаларини кучайтиради. Исёнчиларда эса авиация йўқ. Аммо дронлар бор. Ҳарбий ишларда улар амалга ошираётган инқилобнинг яна бир далили: исёнчилар дрон орқали Сурия разведкасининг юқори мартабали зобитини ўлдиргани ҳақида хабарлар бор.

Асад режимини ҳисобдан чиқаришга ҳали жуда эрта. Унда чин тарафдорлар ядроси мавжуд. Сурияликларнинг бир қисми унинг ёмонлиги исёнчиларнинг асосий кучига айланган жиҳодчиларнинг ёмонлигидан камроқ деб билади.

Аммо Асадга қарши бошқа гуруҳлар ҳам бор — улар эса жуда кўпчилик — улар ҳам кўтариладиган бўлса, унда режим чиндан ҳам яна ажалвор хавф остида қолади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эксперт: исёнчиларнинг юриши таъсирли, аммо Асадни ҳисобдан чиқаришга эрта