23:00 / 04.12.2024
18

Олимлар Арктикадаги денгиз музлари қачон бутунлай эриб кетишини ҳисоблаб чиқди

Олимлар Арктикадаги денгиз музлари қачон бутунлай эриб кетишини ҳисоблаб чиқди
Фото: Getty Images
АҚШ ва Швеция олимларидан иборат гуруҳ Арктикадаги денгиз музлари қачон бутунлай эриб кетиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқди. Маълум бўлишича, ушбу муддат олдинроқ тахмин қилинганидан эртароқ кузатилади.

Олдинги ҳисоб-китоблар иқлим ўзгариши туфайли Арктикадаги денгиз музлари мисли кўрилмаган даражада тез — ҳар ўн йилда 12 фоиздан кўпроқ йўқолишини кўрсатган эди. 2024 йилда муз майдони 4,28 миллион километр квадратни ташкил этган — бу 2012 йил сентябрда қайд этилган тарихий минимумдан ошиқдир.

Шимолий Муз океанидаги муз майдони 1 миллион километр квадратдан камайса, Арктика музсиз қолган ҳисобланади. Илгари бу 2030 йилларда содир бўлиши прогноз қилинган эди.

Янги тадқиқот давомида мутахассислар 300 дан ортиқ рақамли симуляция ўтказиб, компютер моделларидан фойдаланган. Тестларнинг аксарияти Арктика денгиз музларидан 2023 йилдан кейинги тўққиз ва йигирма йил оралиғида халос бўлишини кўрсатган. Энг эрта прогноз — 2027 йил, яна тўққизта модел Шимолий Муз океанидаги музлар 3-6 йилдан кейин эриб кетишини кўрсатмоқда.

Олимларнинг аниқлашича, экстремал об-ҳаво ҳодисалари серияси 2 миллион километр квадрат музлик қисқа муддат ичида эриб кетишига сабабчи бўлиши мумкин: кутилмаган илиқ куз аввалига денгиз музларини заифлаштиради, унинг ортидан илиқ арктик қиш ва баҳор музликларнинг шаклланишига имкон бермайди.

Денгиз музлари Арктикани исишдан асраб, қуёш нурини космосга қайтаради. Музлар қуёш нурини камроқ қайтаришни бошласа, океан сувлари уларни кўпроқ юта бошлайди ва Арктикада ҳарорат кўтарилади.

Бундан ташқари, Арктикада ҳароратнинг илиши шамол ҳамда денгиз оқимларининг йўналишини ўзгартириб юбориши мумкин, бу эса бутун дунё бўйлаб экстремал об-ҳаво шароитини юзага келтиради. Олимларнинг сўзларига кўра, яхши янгиликлар ҳам бор. Тадқиқотлар давомида аниқланишича, иссиқхона газларининг қисқариши Арктика музларининг эриш муддатини кечиктириши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар Арктикадаги денгиз музлари қачон бутунлай эриб кетишини ҳисоблаб чиқди