
Қарши шаҳрида ОФК Элит Осиё Чемпионлар Лигасининг 4-туридан ўрин олган муҳим баҳс бўлиб ўтди. Ўз майдонида БААнинг «Ал Ваҳда» клубини қабул қилган «Насаф» жамоаси мухлислар қўлловига қарамасдан аламли мағлубиятга учради.
Беллашув юқори суръатда бошланди. Дастлабки дақиқаларда ҳар икки жамоа ҳимояда эҳтиёт бўлиб ўйнади, аммо «Насаф» аста-секин ташаббусни қўлга киритди. Бир неча хавфли ҳужумлардан сўнг 43-дақиқада сардор Сардор Баҳрамов ёрқин гол урди — у жамоаси учун ҳисобни очиб, «Марказий» стадионни қувончга тўлдирди. Бу гол нафақат жамоага, балки мухлисларга ҳам умид бағишлади.
Бироқ иккинчи бўлимда вазият ўзгарди. «Ал Ваҳда» тезликни оширди ва 52-дақиқада нигериялик легионер Иниека Огбу ҳисобни тенглаштирди. Бу голдан кейин меҳмонлар ўйинни назорат остига олишга ҳаракат қилди, «Насаф» эса қарши ҳужумларда имконият излади.
Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида қаршиликлар ҳимояда қаттиқ босим остида қолди. 89-дақиқада БАА клуби футболчиси Кайо Канедо аниқ зарба йўллаб, ҳисобни 1:2 кўринишига келтирди. Ҳал қилувчи гол айнан ўйиннинг тугаш арафасида киритилгани «Насаф» учун катта алам бўлди.
Шу тариқа, Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоа турнирдаги илк очкосини ҳам қўлга кирита олмади. Жамоа барча саъй-ҳаракатга қарамасдан, ғалабага етиша олмади ва гуруҳдаги сўнгги ўрнида қолди.
Элит ОЧЛ. Ғарб минтақаси. 4-тур
Насаф — Ал Ваҳда 1:2
Голлар: Сардор Баҳрамов (43) — Иниека Огбу (52), Кайо Канедо (89).
3 ноябр, Қарши. “Марказий” стадион.
Насаф таркиби:
Абдувоҳид Неъматов, Алибек Давронов, Ғолиб Ғайбуллаев (Игор Голбан, 66), Аденис Шала (Ойбек Бозоров, 66), Зафармурод Абдураҳматов (Диёр Абдуназаров, 83), Драган Черан (Юсуф Отубанжо, 66), Шароф Муҳиддинов, Ҳусайн Норчаев, Стефан Чолович (Суҳроб Нуруллоев, 76), Сардор Баҳрамов, Шерзод Насруллаев.
Ал Ваҳда таркиби:
Муҳаммад, Амарал, Диарра, Жадсом, Круспки, Огбу, Пимента, Зуҳир, Горбани, Тадич, Фоля (Канедо, 60).
Огоҳлантиришлар: Ғайбуллаев (52), Чолович (71), Диарра (77), Абдураҳматов (77), Жадсом (78).
«Ал Ваҳда» ушбу ғалаба орқали очколар сонини 10 тага етказиб, Ғарб минтақаси жадвалида 1-ўринга кўтарилди. «Насаф» эса ҳануз ғалаба юзини кўрмаган ягона жамоа сифатида қолди.
Мураббий Рўзиқул Бердиев ўйиндан сўнг жамоа ҳаракатида ижобий томонлар кўп бўлганини, аммо охирги дақиқалардаги диққат етишмаслиги мағлубиятга сабаб бўлганини таъкидлади. “Йигитлар жонбозлик билан ҳаракат қилишди. Биринчи бўлимдаги ўйиндан мамнунман, аммо футболда бир лаҳза етишмаслиги натижани ўзгартириши мумкин”, — деди мураббий.
Қаршилик мухлислар эса жамоадан кейинги турларда қайта тикланиш ва илк очколарни қўлга киритишни кутмоқда. Уларга кўра, “Насаф” ҳали ҳам ғурур ва салоҳиятга эга жамоа, шундай экан, кейинги баҳсларда ишончни йўқотмаслик муҳим.
Қисқаси, Қаршида кечган ушбу баҳс “Насаф” учун оғриқли бўлди — аммо йигитлар учун бу маглубият ҳам тажриба ва сабоқ сифатида хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!