date
views 240

Башар Асад режими қулашидан энг кўп ким ютди?

Башар Асад режими қулашидан энг кўп ким ютди?
Kemal Aslan / AFP / Scanpix / LETA
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Сурияда Башар Асад режими ағдарилиши натижасида катта ютуқда бўладиганлардан бири бўлиши мумкин, деб ёзади Financial Times ва Politico. Ушбу нашрлар журналистлари бу можарода ютганлар ва ютқазганларни санаб ўтган.

Сўнгги йиллар давомида Туркия Сурия шимоли-ғарбидаги қуролланган мухолифатчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаб келди, деб ёзади FT. Politico эслатганидек, Эрдўған ва Асад қачонлардир дўст эди, аммо 2011 йилда турклар президенти Суриядаги режим мухолифларини қўллаб чиққан — бу асосан Туркиянинг геосиёсий рақиби Эрон Сурия ҳукуматининг асосий ҳомийсига айлангани туфайли рўй берганди. Бундан ташқари, FT қайд этишича, Эрдўған Яқин Шарқдаги қўзғалонларни қўллаб-қувватлаши ўзининг Адолат ва тараққиёт партияси иттифоқчилари сафини кенгайтиришига умид қилган.

АҚШ ва ғарбнинг бошқа мамлакатлари ортга чекинганида ҳам Туркия президент мухолифатни қўллашни давом эттирган, дея ёзади FT. «Қолганларнинг барчаси сурияликларни ташлаб кетганида, бошқа ҳеч бир мамлакат мухолифатни қўлламаганида, Туркия улардан юз ўгирмади», – дейди Atlantic Council таҳлил маркази катта илмий ходими Умар Ўзқизилчик. Унинг фикрича, айнан Туркия бу можарода сурияликлардан кейинги ўриндаги ғолиб бўлиб чиқди.

Анқара уч миллион суриялик қочқинларни ўз ҳудудига қабул қилди, шунингдек, Асадга мухолифатда бўлган гуруҳларга қурол-яроғ берди ҳамда ушбу гуруҳларнинг жангчиларини ўқитди. Жумладан, Туркия асосан Сурия курдларига қарши курашувчи «Сурия миллий армияси» гуруҳига ҳомийлик қилиб келади.

Шу билан бирга, Туркия исёнчиларнинг Дамашқни эгаллаши ва Асад режими ағдарилиши билан якунланган яшин тезлигидаги юришини қай даражада қўллаб-қувватлагани мавҳумлигича қолмоқда. FT ушбу юришга бошчилик қилган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳининг Туркия билан муносабатлари мураккаб эканини ёзган. Анқара, бошқа кўплаб давлатлар қатори ҲТШни террорчи ташкилот сифатида тан олган. Аммо гуруҳ Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятини назорат қилганида ва Туркия уни ташқи дунёга олиб чиқадиган асосий маршрут бўлганида, Анқара «таъсир воситаларига эга бўлган».

Ҳамбургдаги GIGA университетининг Яқин Шарқ бўйича эксперти Андре Банк Туркия «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни билвосита қўллаб-қувватлаган деб ҳисоблайди. «„Ҳайъат Таҳрир аш-Шом“ яқинда янги қуролларга эга бўлган. Айни вақтда улар дронлар ва ракета тизимларини қўлламоқда. Буларнинг барчаси Туркиядан келгани тахмин қилинмоқда», – дейди Банк. Унинг Ланкастер университетидаги ҳамкасби Симон Мабон нисбатан эҳтиёткорона ёндашган: «Бу нозик мавзу. Биз Туркия аслида бу юришни қай даражада қўллаб-қувватлаганини аниқ билмаймиз».

Шу билан бирга, Reuters манбалари хабар беришича, Башар Асад ҳокимиятини заифлаштириш имконияти юзага келганини пайқагач, Сурия мухолифати ярим йилча олдин Туркияни йирик юриш ҳақида огоҳлантирган ва «унинг сукутини розилик сифатида қабул қилган».

Умуман олганда, Асадга мухолиф бўлган гуруҳлар билан алоқалар уларнинг ҳокимиятга келишидан фойда кўрадиган барча хорижий давлатлар раҳбарлари орасида Эрдўған учун энг кўп манфаат келтиради — ҳатто Суриядаги вазият ниҳоятда беқарор ва ноаниқ бўлиб қолса ҳам, дея ёзади FT.

Хусусан, Эрдўғаннинг ҳисоб-китоблари Асад режими қулаши суриялик қочқинлар ўз ватанига қайтишига имкон беришига асосланган. Уларнинг Туркияда бўлиб туриши Эрдўғаннинг тарафдорлари орасида ҳам норозилик келтириб чиқараётганди, деб ёзади FT. Ҳалаб исёнчилар қўлига ўтганида эса Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя Туркиядаги 1,3 миллион суриялик ушбу шаҳардан экани ва уларнинг кўпчилиги уйга қайтишдан «ҳаяжонини яшира олмаётгани»ни айтганди.

Асад режими ҳалокатга учраши Эрдўған ва Владимир Путин ўртасидаги мураккаб муносабатлардаги кучлар мувозанатини ҳам ўзгартириши ва Анқаранинг Эрон билан қарама-қаршиликдаги позициясини мустаҳкамлаши мумкин. «Туркия, катта эҳтимол билан, минтақада янада ишончли позицияга эга бўлади», — деб ҳисоблайди Teneo консалтинг компаниясидан бўлган Волфанго Пикколи. Вашингтон институтининг Туркия бўйича мутахассиси Сонер Кагаптай эса шундай хулоса берган: «Дамашқда Эрон ва Россия таъсири ўрнига Туркиянинг таъсири ортади».

Бундан ташқари, Туркия Сурия билан 900 километрлик чегараси бўйлаб бизнес ва савдо алоқалари тикланишидан фойда кўради, Эрдўғанга алоқадор бўлган қурилиш сектори эса вайрон бўлган ҳудудларни тиклашдан юз миллиардлаб доллар даромад кўриши мумкин. «Агар тинчликка эришилса, бу катта имконият», — дейди Туркиядаги энг йирик қурилиш компанияларидан бирининг раҳбари. Politico ҳам тиклаш ишлари турк бизнеси учун «олтин туб» бўлиши ҳақида ёзган, Bloomberg эса Туркия ширкатлари, биринчи навбатда цемент ва пўлат ишлаб чиқарувчи компаниялар акциялари, инвесторлар Сурия ҳудудларини тиклашда ушбу фирмаларнинг муҳим ролига ставка қўйиши туфайли кескин кўтарилганини қайд этган.

«Агар вазиятни икки ҳафта олдинги билан солиштирсак, Туркия Сурияда ғолиб чиққанини яққол кўриш мумкин, - дейди Истанбулдаги Германия-Туркия университетининг Туркия-Россия муносабатлари бўйича эксперти Заур Газимов. - Туркия тиклаш жараёнида фаол иштирок этади ҳамда урушдан вайрон бўлган Суриянинг асосий инвесторига айланади».

Айрим экспертлар эса, айниқса Сурия келажаги ноаниқлиги ёки минтақадаги курд кучларини қўллаб-қувватлаётган АҚШнинг роли туфайли Эрдўғаннинг ғалабаси ҳақида гапиришга ҳали эрта деб ҳисоблайди. Аммо, Politico ёзганидек, Башар Асад режими қулаши Эрдўғанга ўзининг геосиёсий кун тартибини илгари суришда ёрдам беради ва унга бир қатор стратегик мақсадларга эришиш, жумладан, курд айирмачиларини жиловлаш имкониятини тақдим этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Башар Асад режими қулашидан энг кўп ким ютди?