12:28 / 03.02.2025
124

Мексика Трамп божларига “Б” режа билан жавоб беришини билдирди

Мексика Трамп божларига “Б” режа билан жавоб беришини билдирди
Мексика АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан унинг товарларига 25 фоизлик бож жорий этилганига жавобан шунга ўхшаш ва яна бир қатор чораларни кўради. Бу ҳақда мамлакат президенти Клаудия Шейнбаум маълум қилди.

“Иқтисодиёт вазирига Мексика манфаатларини ҳимоя қилиш учун тариф ва нотариф чораларни ўз ичига олган Б режасини амалга оширишни топшираман. Ҳеч нарсани зўрлик билан қилма, ҳаммасини ақл-идрок билан қил. Оқ уйнинг бизнинг ҳудудимизга ҳар қандай тажовузларини ва жиноий ташкилотлар билан алоқадорликда айбланган Мексика ҳукуматига нисбатан туҳматини қатъиян рад этамиз”, деди Шейнбаум.

Мексика президенти АҚШни фентанилга қарши курашда ҳамкорлик қилишга чақирди ва Мексика қўшни давлатлар билан қарама-қаршиликни истамаслигини таъкидлади. Шейнбаумнинг таъкидлашича, Мексика гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш чораларини кўрмоқда: тўрт ой мобайнида мамлакат ҳукумати 40 тоннадан ортиқ гиёҳванд моддаларни, жумладан 20 миллион доза фентанилни мусодара қилган.

У АҚШга мамлакат ичида ушбу муаммога қарши курашишни маслаҳат берди: Америка шаҳарларида гиёҳванд моддалар савдосининг олдини олиш ва бундай операциялардан олинган маблағларни легаллаштириш учун жазолаш чораларини кўриш лозим.

“Муаммолар тарифлар жорий этиш орқали эмас, балки музокаралар ва мулоқот йўли билан ҳал этилади. Худди сўнгги ҳафталарда миграция муаммосини ҳал қилиш учун сизнинг Давлат департаментингиз билан қилганимиздек; бизнинг ҳолатимизда — инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашган ҳолд”, дея хулоса қилди у.

Трамп 3 та давлатга божлар жорий қилди

АҚШ Канада, Хитой ва Мексикадан келтирилаётган товарларга божхона тўловларини жорий этади. Президент Дональд Трамп тегишли фармонни 1 февраль куни имзолади. У мазкур қарорини ноқонуний мигрантлар ва гиёҳванд моддалар контрабандаси таҳдиди билан изоҳлади.

Бунга жавобан Хитой АҚШни савдо уруши бошланишидан огоҳлантирди. АҚШ Хитойдан импорт божларини яна бир бор оширгач, Пекин Вашингтонни савдо уруши хавфи ҳақида огоҳлантирди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида “савдо ёки божхона урушида” ғолиблар бўлмаслиги таъкидланган.

“Қўшимча 10 фоиз миқдоридаги божлар мамлакатлар ўртасидаги наркотрафикка қарши курашда икки томонлама ҳамкорликка таъсир қилиши ва унга зарар етказиши муқаррар”, дейилади вазирлик хабарида.

Хитой “янги божларни қатъиян рад этиши” ва “ўз ҳуқуқ ва манфаатларини қатъий ҳимоя қилиши учун “тегишли жавоб чораларини кўриши”ни таъкидлади. Эндиликда Хитой Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) АҚШга қарши шикоят қилиш ниятида.

Канада қандай чора кўрди?

Канада Трамп томонидан унинг товарларига жорий этилган 25 фоизлик божга жавобан худди шундай чоралар кўради. Бу ҳақда Канада бош вазири Жастин Трюдо маълум қилди.

АҚШдан келтирилаётган 155 миллиард Канада доллари (106,5 миллиард АҚШ доллари) қийматидаги маҳсулотларга 25 фоизли бож солинади. 4 февралдан 30 миллиард Канада доллари миқдоридаги маҳсулотларга нисбатан, ундан уч ҳафта ўтгач эса қолган суммага нисбатан чоралар кучга киради. Америка божлари ҳам 4 февралдан амал қила бошлайди.

АҚШ энергия ресурсларидан ташқари барча Канада товарларига 25 фоизлик бож жорий қилди — уларга бож 10 фоизни ташкил қилади. Трюдо канадаликларни маҳаллий маҳсулотларни харид қилишга ва АҚШга эмас, ўз мамлакатида дам олишга чақирди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг