Африкада сув манбаи устидаги можаро қонли тўқнашувга айланди

Чад давлатининг шарқий қисмида сув манбаи устида келиб чиққан оилавий низо қонли тўқнашувга айланиб кетди. Мазкур зўравонликлар оқибатида камида 42 киши ҳалок бўлди ва 10 киши турли даражада жароҳат олди. Мамлакат президенти вазиятни барқарорлаштириш учун ҳудудга Бош вазир ўринбосари ва Мудофаа вазири бошчилигидаги юқори даражадаги делегацияни юборди. Ҳозирда ҳукумат низони бартараф этиш мақсадида суд жараёнлари билан бирга воситачилик чораларини ҳам кўриб чиқмоқда.
Африканинг ғарбидаги Чад давлатининг шарқий ҳудудида жойлашган Иготе минтақасида сув манбаи устидаги можаро қонли тўқнашувга айланди. Маълумотларга кўра, икки оила ўртасида бошланган низо кенгайиб, натижада камида 42 нафар инсон ҳалок бўлган, яна 10 киши жароҳат олган.
Tchad Infos хабарига кўра, оддий жанжал тез орада қасос олиш ҳаракатлари билан кучайиб, бутун ҳудудда зўравонликка сабаб бўлган. Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида мамлакат президенти Маҳамат Идрисс Деби Итно минтақага юқори даражадаги делегация юборган.
Ушбу миссия таркибида Бош вазир ўринбосари Лиман Маҳамат ва Мудофаа вазири Иссака Малоуа Джамоус ҳам иштирок этган.
Расмийларга кўра, бу ҳолат оддий жамоалараро тўқнашув эмас, балки узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган оилавий низо ҳисобланади.
Ҳукумат вазиятни юмшатиш учун суд жараёнлари билан бирга воситачилик чораларини ҳам кўриб чиқмоқда.































Изоҳлар 0
…