Тожикистон банкнотаси халқаро танловда эътирофга сазовор бўлди

Тожикистоннинг 2025 йилда муомалага киритилган 100 сомонийлик банкнотаси халқаро майдонда эътироф этилди. У нуфузли “Йил банкнотаси” танловида дунёнинг энг яхши пул белгиларидан бири сифатида номинацияга киритилди.
Халқаро банкноталар жамияти (ИБНС) маълумотига кўра, 2025 йил давомида дунё бўйича қарийб 100 та янги банкнота чиқарилган. Шулардан фақат 17 таси дизайн ва технологик жиҳатдан инновацион деб топилиб, финал рўйхатига киритилган.
Марказий Осиёдан ушбу рўйхатда Тожикистон билан бирга Россия (1000 рубл) ва Қозоғистон (1000 тенге) банкноталари ҳам иштирок этди.
Миллий тарих ва замонавий дизайн уйғунлиги
100 сомонийлик купюра ёрқин ранглар — кўк, мовий, пушти ва яшил рангларда ишланган. Унинг дизайнида Тожикистоннинг тарихий мероси ва давлатчилик рамзлари акс эттирилган.
Банкнотанинг олд қисмида Исмоил Сомоний портрети ҳамда машҳур Сомонийлар мақбараси тасвирланган. Шунингдек, Тожикистон герби ва эсдалик логотиплари ҳам жой олган.
Орқа томонида эса замонавий давлат тимсоллари — парламент биноси, давлат байроғи ҳамда миллий ва инглиз тилларидаги ёзувлар акс эттирилган.

Кучли ҳимоя тизими
Банкнота юқори даражадаги хавфсизлик элементлари билан жиҳозланган. Унда сув белгиси, ранг ўзгарувчи эффектлар, яширин “100” рақами туширилган ҳимоя тасмаси ва мураккаб геометрик нақшлар мавжуд.
У Германиянинг Гиесеcке & Девриент компаниясида чоп этилган бўлиб, 2025 йил 30 октабрда муомалага чиқарилган.
Ғолиблар рўйхати
Танлов якунига кўра, бош мукофот Кюрасао ва Синт-Мартеннинг 200 гулденлик “сув ости” мавзусидаги банкнотасига насиб этди. Кейинги ўринларни Фижи ва Замбия банкноталари эгаллади. Кучли бешликка Фолькленд ороллари ва Папуа–Янги Гвинея пул бирликлари ҳам кирди.
ИБНС танловида номинацияга киришнинг ўзи ҳам халқаро миқёсда катта эътироф ҳисобланади. Бу лойиҳа банкнотани нафақат тўлов воситаси, балки санъат ва миллий ўзлик рамзи сифатида ҳам баҳолайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!