Фото: Reuters
Доналд Трамп Ғазо секторини назоратга олиш ва у ерда «Яқин Шарқ Ривиераси»ни қуриш ниятини билдириб, бу режасини Бинямин Нетаняҳу билан қўшма матбуот анжуманида эълон қилди. Бироз аввалроқ у 2 миллион фаластинликни бошқа давлатларга кўчириш ва ҳудудни тозалаш таклифи билан чиққанди.
Яқин Шарқ харитасини бутунлай қайтадан чизиш истагини Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Исроил бош вазири ностандарт фикрлаши учун Трампни олқишлаб, унинг ғояси тарихий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади. «Менимча, бу тарихни ўзгартириши мумкин бўлган нарса», — деди Нетаняҳу.
«Трампнинг изоҳларидаги хавфли жиҳат — Трамп нима қилиши эмас, Нетаняҳу энди ўзига нималар қилиш учун рухсат тегаётгани билишида, — дейди Лондондаги Араб-Британия ўзаро англашув кенгаши директори Крис Дойл. — Энди яна Ғазони вайрон қилишни бошлаши мумкин. Ғарбий соҳилни аннексия қилиш учун тўсқинлик қилувчи ҳеч нарса йўқлигини билди. АҚШ Ғазони эгаллаши ўрнига, Исроилнинг ўзи бунда ёрдам беради».
Нетаняҳуни қўлловчи ултраўнг сиёсатчилар анчадан буён Ғазони қайта ишғол қилиб, у ерга яҳудий муҳожирларни кўчириш ва Ғарбий соҳилни Исроилга қўшиб олишни талаб қилиб келишади. Аммо бу режалар шу пайтгача АҚШ маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланмаганди.
Доналд Трамп Ғазо секторидан қандай қилиб эртакона курорт ясамоқчи эканини ҳозирча айтгани йўқ. Бироқ у бу мақсадда Америка ҳарбийларидан фойдаланиш эҳтимолини ҳам истисно қилмади.
Британиядаги RUSI таҳлил марказининг Яқин Шарқдаги хавфсизлик масалалари бўйича экспертларидан Ҳ.А.Ҳеллиер бу ғояни реалликдан йироқ деб баҳолади. «Араб дунёсида ҳеч бир давлат фаластинликларни зўравонлик билан кўчиришда шерик бўлишни истамайди», — деди у.
Фуқароларни мажбурий кўчириш халқаро қонунларга зид ҳисобланади ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бундай ҳаракатларни этник тозалаш деб баҳолашмоқда.
Бундан ташқари, АҚШ ҳарбийларини хориждаги можароларга жалб қилиш Трампнинг сайловолди ваъдаларига ҳам зид. У аввал Америка армиясини халқаро можаролардан узоқлаштиришга ваъда берган эди.
АҚШ Конгресси аъзоси, келиб чиқиши фаластинлик бўлган Рашида Тлайб эса Трампнинг бу ташаббусини кескин танқид қилди. «Фаластинликлар ҳеч қаерга кетмайди. Президент Конгрессдан молиялаштиришни қўлга киритмоқчи бўлиб, геноцид ва этник тозалашдек мутаасиб ғояларни олға сурмоқда. Икки давлатли ечимни қўллаб-қувватловчи ҳамкасбларим, бу ҳақда очиқ гапириш вақти келди», — деди у.
Тинчликпарвардан босқинчиликкача
«Трамп Ғазо сектори ҳақида оғиз очар экан, тарих унинг учун аҳамиятга эга эмас. Ўтмиш жароҳатлари, урушлар кетма-кетлиги, шу жойга боғланиб қолганлик, аждодларнинг узун изи, тирикларнинг ҳақ-ҳуқуқи: буларнинг барчаси вайроналар остида қолиб кетадигандек. Чунки сиёсатчига айланган девелопер вайрон бўлган Фаластин ҳудудларини фақат қурилиш майдони сифатида кўрмоқда. Инсонпарварлик нуқтайи назаридан аҳолидан озод қилиниши керак бўлган улкан «Снос майдони» сифатида. Ғазоликларни эса минтақанинг бошқа ҳудудларига тарқатиб юборса бўлади, деб ўйлайди», — деб ёзган Le Monde шарҳловчиси.
Трамп Ғазодни «снос қилиниши керак бўлган вайроналар уюми», деб атади. Фото: Reuters
Трампнинг стили ва ёндашувини ҳали у Оқ уйга қайтмасдан туриб экспертлар томонидан олдиндан тахмин қилиб бўлмас, хаотик ва шахсий манфаатларга асосланган, дея баҳоланаётган эди.
Бироқ умумий тўхтамга кўра, Яқин Шарқ сиёсати масаласида Трамп бошни елкадан чопмаслиги тахмин қилинганди. Ҳозирча эса унинг баёнотлари ва кескин ҳаракатлари бу тахминларни инкор этмоқда.
Трамп аллақачон Иордания ва Мисрни ғазоликларни қабул қилишга чақирган, лекин эвазига эътироз ва ғазабдан бошқа нарса ололганича йўқ.
Трамп ўз инаугурация нутқининг бир қисмини экспансионизмга ва Америка ҳудудларини кенгайтириш даъволарига бағишлади. Илон Маскнинг ракеталари Марсга учиш-учмаслиги ҳозирча аниқмас, лекин муайян ҳудуди даъволарни Трамп санаб ўтди — у Панама каналини АҚШ назоратига қайтариш, Гренландия ва Канадани қўшиб олишини таъкидлади.
Энди эса гап айланиб Ғазо секторигача борди. Ҳозирча Трампнинг гаплари нечоғлик жиддий экани ва у ўз ниятига қандай қилиб етиши номаълум.
Айрим таҳлилчиларга кўра, бундай таклифлар — музокара гамбитининг бир қисми, иккинчи томондан таклиф кутаётган Трамп қўлидаги кўзир қарта.
Трамп учун Яқин Шарқдаги асосий масала Авраам келишувларини (Исроил билан БАА, кейинчалик Баҳрайн, Марокаш ва Судан билан дипломатик алоқаларни нормаллаштириш) кенгайтириш, Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик алоқаларни нормаллаштириш.
Ҳамас ва Исроил ўртасидаги тинчлик келишуви эълон қилингач, Трамп фурсат етгани ва Авраам келишувларини ривожлантириш ва кенгайтириш кераклигини эълон қилди.
Аммо бу йўлда катта тўсиқлар мавжуд. Хусусан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу очиқчасига Фаластин давлати тузилишига қарши эканини билдирган. Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон эса Фаластин муаммоси ҳал қилинмай туриб, Исроил билан алоқалар нормаллашмаслигини таъкидламоқда.
«Ўлик туғилган ғоя»
«Агар бу чиндан ҳам музокара жараёнидаги тактика бўлса, у ўлик туғилган ғоя ҳисобланади»,— дейди Вашингтондаги Яқин Шарқ тадқиқотлари институти стратегик алоқалар бўлими раҳбари Фирас Мақсад.
«Ғазодаги фаластинликларни инсонпарварлик нуқтайи назардидан оммавий кўчириш ғояси – Трампнинг музокаралардаги тактикаси, лекин у муваффақиятсизликка маҳкум. Бундай баёнотлар билан у Яқин Шарқдаги ўз асосий мақсади — Авраам келишувларини кенгайтиришдан узоқлашмоқда. Саудия Арабистони бу борада мутлақо муросасиз ва Ғазо аҳолисини мажбурий кўчиришга ҳеч қанақасига йўл қўймайди», — дейди Мақсад.
Ғазони тиклаш учун уни одамлардан тозалаш ғоясини илк марта Трамп икки ҳафтача аввал эълон қилди. У Миср ва Иорданияни қочқинларни қабул қилишга чорлади. Улар кескин оҳангда рад жавобини беришди. Фото: Reuters
АҚШнинг араб иттифоқчилари ҳам, бошқа араб давлатлари ҳам бир овоздан фаластинликларнинг Ғазодан кўчирилишига қарши чиқиб, халқаро режа асосида икки давлат принципини сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлашди.
Трамп аввалги президентлиги даврида ҳам икки давлат концепцияси ҳақида аниқ позиция билдирмаганди. Аммо ҳозирги баёнотлари унинг фаластин-исроил можароси борасида Америка анъанавий ечим ёндашувидан узоқлашаётганини кўрсатади.
Трампнинг бу ғояси нафақат минтақадаги вазиятни беқарорлаштириши, балки Ғазодаги нозик тинчлик жараёнига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қатар воситачилигида келишилган тинчлик режаси уч босқичдан иборат бўлиб, қолган 94 гаровга олинган фуқарони (34 жасад билан бирга) бир неча юз фаластинлик маҳбусга алмашиш, Исроил қўшинларини Ғазонинг асосий ҳудудларидан олиб чиқиш ва Ғазони халқаро ҳамкорлик асосида тиклашни кўзда тутади.
Бироқ, иккинчи босқич тафсилотлари ҳануз аниқ эмас. Ғарблик айрим дипломатлар ва таҳлилчилар уруш қайта авж олиши мумкинлигидан хавотирда. Исроил Ҳамасни тўлиқ йўқ қилишни якуний мақсади дейишдан чарчамаяпти, ҳолбуки келишувнинг кейинги босқичига кўра исроил ҳарбийлари эксклавни тўлиқ тарк этиши керак. Нетаняҳу ҳам, Исроил мудофаа вазири ҳам бунга қарши.
Қатарда имзоланган келишув шартларига кўра, тарафлар тинчликнинг иккинчи босқичини дастлабки босқичнинг 16-кунда муҳокама қилишни бошлаши керак эди. Бу сана 3 феврал — Бинямин Нетаняҳу Вашингтонга ташриф буюрган кунга тўғри келди.
Кўриниб турибдики, бу воқеа содир бўлмайди.
Тинчлик бўладими-йўқми ўзи?
Доналд Трампнинг Ғазо устидан назорат ўрнатиш тўғрисидаги баёнотидан сўнг, сулҳнинг келажаги шубҳа остида қолиши мумкин, дейишмоқда экспертлар.
15 январ куни Ҳамас ва Исроил 15 ойлик урушдан сўнг сулҳ келишувига эришганди. Фото: Reuters.
«Айтиш жоизки, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга содиқлик янада кучли шубҳа остига қўйилди. Сулҳнинг иккинчи босқичи Исроил қўшинлари тўлиқ чиқарилишини, учинчи босқич эса Ғазони қайта тиклашни кўзда тутади. Бироқ, Трампнинг баёнотлари шуни англатадики, Вашингтон Ғазо бўйича режаларда Исроилни ҳимоя қилиб келмоқда. Бу режалар нафақат мустақил Фаластин давлати ташкил этилишини назарда тутмайди, балки фаластинликларнинг минтақага муқим жойлашишига ҳам қарши», — дейди Ҳеллиер.
Европа халқаро муносабатлар кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича катта илмий ходими Ҳю Ловаттнинг фикрича, бундай қарама-қарши баёнотлар маҳаллий аҳоли орасида радикал гуруҳлар таъсири кучайишига сабаб бўлиши мумкин.
«Трампнинг Ғазо ҳақидаги авантюристик режалари амалга ошмайди. Аммо бу вазият маҳаллий аҳолини Ҳамасни қўллаб-қувватлашни янада кучайтириши мумкин. Чунки, улар америкаликларнинг фаластинликларни этник тозалашидан қўриқлай оладиган ягона куч сифатида кўриляпти. Бу Ғарбий соҳилга ҳам тегишли, чунки у ердаги фаластинликлар ҳам ўзларини навбатдаги қурбон сифатида ҳис қилмоқда», — дейди Ловатт.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар