![Умрни узайтириш – Кремний водийсининг энг долзарб саноатига айланмоқда](/uploads/posts/2025-02/53cadf0ca3_800x450_orig.webp)
Технологик тараққиёт маркази саналган Кремний водийси энди фақат сунъий интеллект ёки блокчейн технологиялари эмас, балки инсон умрини узайтиришга қаратилган инновациялар соҳасида ҳам энг қайноқ сармоя киритилаётган маконга айланди. BILD нашрининг ёзишича, бу соҳадаги бозор ҳажми 2025 йилга бориб 578 миллиард еврога етиши кутилмоқда.
Бойлар узоқроқ яшаш учун катта пул тикишмоқда
Фан ва тиббиётнинг илгарилаши билан узоқ умр кўриш имконияти ҳақида фикрлар ортган сари, бу борадаги тадқиқотларга йирик сармоя киритувчилар сони ҳам ошиб бормоқда. Швейцариянинг UBS банки томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, 48 миллион долларлик бойликка эга шахслар қўшимча 10 йил умр кечириш имконияти учун бойликларининг ярмини беришга тайёр экан.
Ушбу саноатнинг энг фаол иштирокчиларидан бири тадбиркор ва биоҳакер Брайан Жонсон ҳисобланади. 47 ёшли Жонсон ёшариш мақсадида ҳар куни 50 дан ортиқ витамин ва дорилар қабул қилади, танасининг ҳар бир органи доимий назоратда сақланади, шунингдек, у ўғлининг қон плазмасини мунтазам равишда қуйдириб туради. Ушбу муолажалар ва қаришга қарши комплекс стратегиялар учун у ҳар йили 1,9 миллион евро сарфлайди.
Технология гигантлари ҳам бу жараёнда иштирок этмоқда
Бой ва машҳур шахслар орасида узоқ умр сирига етишга қизиқувчилар кам эмас. Amazon асосчиси Жефф Безос бу борада олдинга қадам қўйиб, Altos Labs биотехнология компаниясига 2,9 миллиард евро сармоя киритди. Бу стартапнинг мақсади – қаришни тўхтатиш, ҳатто инсон ҳужайраларини қайта дастурлаш орқали ёшаришга эришиш.
PayPal ҳаммуассисларидан бири Питер Тил эса қаришни ўрганувчи Methuselah Foundation жамғармасига 6,5 миллион евро йўналтирган. Шунингдек, OpenAI раҳбари Сэм Алтман ҳам узоқ умр сирига қизиққан ҳолда Retro Biosciences стартапига йирик сармоя тикиш билан шуғулланмоқда. У ҳатто Давосдаги жаҳон иқтисодий форумида ушбу соҳага қизиққан янги сармоядорларни излагани хабар қилинмоқда.
Миллиардерлар, олимлар ва тадбиркорлар бирлашмоқда
Умрни узайтириш саноати глобал феноменга айланиши мумкин. Бу йўналишни ривожлантириш мақсадида Longevity Investors жамоаси ташкил этилган бўлиб, унинг асосчиларидан бири Марк Бернеггер бу борада тадбиркорлар, миллиардерлар ва олимларни бирлаштирмоқда. Унинг фикрича:
"Қанчалик соғлом ва бахтли ҳаёт кечиришим мумкин бўлса, шунча узоқ яшашни истайман. Илмий нуқтаи назардан бу 90–120 йилга тенг – ва бунга эришиш мумкин."
Бироқ, бугунги кунда узоқ умр кўриш имконияти ҳамма учун бир хил бўлмаслиги мумкин. Миллиардлаб сармоялар оқиб келаётган ушбу саноат бутун инсоният тақдирини ўзгартириши мумкинми ёки бу имтиёз фақат бойлар учун қолиб кетадими? Бунинг жавобини вақт ва пул кўрсатади. BILD таҳририяти шу саволни очиқ қолдирган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар