17:48 / 20.02.2025
1 931

Истанбулда кучли ер қимирлаши ва цунами кутиляпти

Истанбулда кучли ер қимирлаши ва цунами кутиляпти
Туркия ҳукумати истанбулликларни кучли зилзила ва цунами хавфидан огоҳлантирди. 15 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган мегаполис шаҳарда 7 магнитудадан юқори зилзила бўлиши мумкин ва бу баландлиги 3-5 метрли цунамига сабаб бўлади. Қирғоқбўйи ҳудудларда сиреналар ўрнатилган, аҳолига хабарномалар етказиш тизими фаол йўлга қўйилди. Истанбулда яшовчи ўзбек журналисти Соҳиба Ҳаётга кўра, зилзиладан қўрқиб, Анқарага кўчиб кетаётганлар ҳам бор.

Туркия ҳукумати Санторини оролидаги сейсмик фаоллик сабаб эҳтимолий зилзила ва цунамига тайёргарликни бошлади. Давлат табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб, қатор турк ОАВ аҳолини кучли ер қимирлашидан огоҳлантирмоқда. Қирғоқбўйи ҳудудларда сиреналар ўрнатилди, аҳолига зилзиладан аввал смс-хабарлар жўнатиш тизими фаоллаштирилмоқда. Туркия матбуоти бунга жиддий эътибор қаратяпти.

Бугун Туркиянинг Истанбул шаҳрида яшовчи журналист Соҳиба Ҳаёт фикрича, зилзила мавзуси – турклар учун доимий кун тартибида. Уй харид қилишда, иш танлашда, яшаш учун шаҳар танлашда айтиладиган критериялардан бири – зилзилага боғлиқ бўлади.

“Етти баллдан юқори зилзила бўлишини хабар қилишмоқда, матбуот ҳам шуни гапиряпти ва одамлардан тайёр туриш сўралди. Албатта, зилзиланинг олдини олиб бўлмайди, лекин давлат табиий офатнинг хавфини камайтириши мумкин. Тарғибот ва огоҳлантириш ишлари жуда яхши кетяпти, дея оламан. Бошқарма ходимлари маҳаллаларда уйма-уй ҳам юришибди. Зилзилада энг катта хавф бу – уйларда, ҳукуматнинг ҳозирги бирламчи қилаётган иши шу уйларни текшириш бўляпти. Эскиларини бузиб, янгисига одамларни кўчириш керак” – Соҳиба Ҳаёт, журналист.

Лекин одамларни мустаҳкам ва бақувват уйлар билан таъминлаш иши ҳам осон эмас. Чунки Истанбулда 15 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди ва қисқа муддатда ҳаммани янги биноларга кўчириб ўтказиш – имконсиз.

2023 йил февраль ойидаги зилзилалар ва уларнинг аянчли оқибати 50 мингдан ортиқ кишининг қурбон бўлишига олиб келган. Ҳозирда у ҳудудларда ҳали-ҳануз қурилиш ва одамларни уй-жой билан таъминлаш ишлари давом этмоқда. Шундай шароитда ҳукумат қурилиш стандартлари ва зилзилага бардошли биноларни сақлаб қолиш ишида қатъий турибди.

Суҳбатдошимизга кўра, одамлар зилзила мавзусига кўниккан. Чунки зилзила ва табиий офатлар Истанбул аҳолиси учун янгилик эмас ҳамда турклар ҳаётининг бир қисмига айланган, улар буни оддий қабул қилади, дейди Соҳиба Ҳаёт.

“Лекин одамлар икки хил, зилзиладан жуда қўрқадиганлар ҳам бор. Мана шу ер қимирлашидан огоҳлантиришганидан кейин Истанбул ва унинг атрофида турувчилар зилзила эҳтимоли кам деб Анқарага ҳам кўчиб кетишди, шундай ўзбекларни ҳам биламан. Шаҳар билан боғланганлар, уйи, иш жойи шу ерда бўлганлар Истанбулдан кетолмайди. Улар эҳтиёт чорасини кўриб қўйган, дейлик керакли нарсалари ва ҳужжатларини бир жойда сақлайди” – Соҳиба Ҳаёт, журналист.

2023 йилдаги даҳшатли зилзилалар ортидан ҳудуд аҳолисининг ҳукумат ва бевосита президентдан норозилиги кучайган эди. Сайлов олдидан рўй берган бу табиий офат Эрдўған ва унинг маъмурияти учун катта минус бўлди, бироқ президент жамоаси фаоллик билан ишлаб, халқ билан бирга бўлишга ҳаракат қилди. Ижтимоий тармоқларда норозилик кучли, лекин ҳаётда одамлар тинч ва Эрдўғанни яхши кўради, дейди журналист.

“Биласизми, 2023 йилги зилзила бўлган ҳудудларнинг ҳар бирига бориб, материаллар тайёрлар эканман, одамлар юз-кўзида сиёсатдан норозилик ва тушкунликни кўрдим. Бироқ, жуда кучли даражада эмас, деярли ҳамма омон қолганига шукр қилади. Қисқа вақт ичида одамларга янги уйлар қуриб бериш ваъдаси уларни тинчлантирганди, лекин ўтган йили борганимда кўрдимки, аҳолининг ярми ҳалиям чодирларда яшаяпти. Эрдўғанга келсак, ундан норозилар кўп, лекин барибир халқ яхши кўради” – Соҳиба Ҳаёт, журналист.

Туркия ўзбек муҳожирлари энг кўп борадиган ва ўзбек диаспораси энг кўп яшайдиган давлатлардан бири. Эҳтимолий зилзила уларга ҳам хавф солади ва юртдошларимизнинг айни кунлардаги кайфияти хусусида журналистдан сўрар эканмиз, мигрантлар учун зилзила мавзуси биринчи ўринда турмайди, дейди суҳбатдошимиз.

"Ишим бевосита мигрантлар билан боғлиқ. Улар билан кўп суҳбатлашганим учун айта оламанки, муҳожирлар учун иш ҳақи, ишлаш шароитлари энг муҳим. Ундан кейингина бизнинг ўзбеклар ҳужжатларга эътибор қаратади ва зилзила ҳамда яшаш шароитлари охирги ўринда қолаверади. Чунки муҳожирлар зилзила хавфи туфайли ишини ташлаб кетиб қолмайди, улар учун пул ишлаб топиб, уйига жўнатиш доим биринчи ўринда туради” – Соҳиба Ҳаёт, журналист.

Эслатиб ўтамиз, 7 февралдан бери Эгей денгизида 3 баллдан юқори бўлган 761 та зилзила содир бўлган. Бу сейсмик фаоллик айнан Истанбулга хавф солмоқда.

“Эгей денгизида доимий равишда ерости силкинишлари кузатилмоқда. Бу сейсмик фаоллик натижасида юзага келиши мумкин бўлган кучли зилзила, цунами ёки вулқон отилиши каби ҳодисаларнинг оқибатлари Туркияга етиб келиши эҳтимоли мавжуд”, дейилади табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) хабарида.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг