
АҚШ президенти Доналд Трамп сайловолди кампаниясида берган ваъдаларидан яна бирини бажарди: дунёнинг деярли барча давлатлари товарларига бож жорий қилди. У бож киритган давлатлар қаторида ҳатто одам яшамайдиган, фақат пингвинлар яшайдиган ороллар ҳам бор. Россия, Беларус, Шимолий Корея ва Куба эса истисно қилинди.
Бож солиқларининг биринчиси 5 апрел куни кучга кирди, иккинчиси 9 апрелга белгиланган. Аксарият мамлакатлар учун бож миқдори – 10 фоиз. Ветнам, Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларга бир неча ўн фоизлик, Хитой товарларига эса нақ 104 фоизлик тарифлар ўрнатилди.
Трампга қулоқ солсангиз, “охирги 30-50 йилда бутун дунё АҚШни иқтисодий талади, АҚШ уларнинг маҳсулотини сотиб олди, лекин улар Американинг ҳеч нарсасини сотиб олгани йўқ, биз буни ўзгартирамиз” дейди. Яъни бамисоли бутун дунё АҚШни иқтисодий колония қилган, эксплуатация қилган...
Аслида ҳам шундайми? Мутлақ тескариси! Тўғри, АҚШнинг кўплаб давлатлар билан товарлар савдо савдосида дисбаланс мавжуд. Лекин бунинг сабаби шундаки, АҚШ ташқи дунёдан кўпроқ моддий, жисмоний товарлар сотиб олади, ўзи эса кўпроқ хизматлар, ғоялар, рақамли маҳсулотларни экспорт қилади.
Хизматлар ва рақамли, маданий маҳсулотлар экспорти АҚШга жуда катта даромад олиб келади, лекин улар АҚШнинг савдо балансида оддий товарлар қаторида турмайди. Шунинг учун, Трамп буни қўшиб ҳисобламаяпти. Мисол учун, АҚШнинг Ҳолливуди дунё давлатларига кўплаб кино сотади, ёки Microsoft компаниясининг Windows ва бошқа маҳсулотлари миллиардлаб даромад олиб келади. Калифорниянинг Кремний водийсидаги компаниялар дунёга жуда катта рақамли маҳсулотлар сотади ва юз миллиардлаб даромад кўришади.
Аслида, кейинги 30-50 йилда айнан АҚШда мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш юз берди. Жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот миқдорида ҳам, миллий ялпи ички маҳсулот миқдорида ҳам, Япония, Европа Иттифоқи билан қиёслаганда ҳам, АҚШда бошқалардан кўра иқтисодий ўсиш кўпроқ.
Трампнинг савдо вазири Ҳовард Латникнинг айтишича АҚШда ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун беш триллион пул бор, Трампнинг мақсади эса бир вақтлар АҚШдан чиқиб кетган завод-фабрикаларни қайтариш ва ичкарида ишлаб чиқаришни кучайтириш экан. Лекин асосий масала шундаки. АҚШнинг ўзида ортиқча ишчи куни йўқ. Қолаверса, АҚШда ҳар бир ишчига камида 4-5 минг доллар ойлик бермаса, ишламайди. Мексика ёки Хитойда эса шу иш учун 1000-1500 долларга ишлайдиганлар кўп. АҚШда қиммат ишчи кучи маҳсулотларнинг таннархини бир неча баравар қиммат қилиб юборишини ҳамма билади-ку?!
Трампнинг гапи, худди бозорга бориб, маҳсулотлар сотиб олиб бўлиб, сотувчига “сен менинг пулимни олиб қўяяпсан!” деганга ўхшайди.
Трамп бошлаган сиёсатнинг оқибатлари жуда салбий бўлиши мумкин. АҚШ учун ҳам, қолганлар учун ҳам! Бундан 100 йил олдин дунё мамлакатларининг бир-бирига иқтисодий боғлиқлиги жуда паст эди. 1920-30-йилларда дунё ялпи ички маҳсулотининг бор-йўғи 15 фоизи халқаро савдога тўғри келар эди. Ҳамма ўзи ишлаб чиқарган нарсани истеъмол қилар эди. Лекин охирги бир асрда иқтисод муттасил маҳсулотларни ва хизматларни арзонлаштириш учун йўл излади. Бугун глобал савдо дунё ялпи ички маҳсулотининг 60 фоизини ташкил қилади. Бир аср олдинги америка машинасининг балони ҳам, рули ҳам, мотори ҳам Детройтда чиқарди. Яъни “америка мошини” деганда ҳамма нарсаси Америка ҳудудида ва америкалик ишчилар томонидан чиқарилган автомобил тушуниларди. Бугунги Ford чиқараётган машиналарда эса, мисол сифатида айтганда, мотори Кореяда, бошқа қисми Хитойда, рули Мексикада, шинаси Европада чиқарилиши ва барчаси Мексика ёки Канадада терилиши мумкин. Фақат номи ва лойиҳаси АҚШники.
Иқтисодчилар Трампнинг мақсади нима эканини тушуна олмаяпти. Чунки иқтисодий жиҳатдан – Америка ютмайди, ютқазади. Бошқалар ҳам ютқазади. Ҳисоб-китобларга кўра, божлар ошиши ва бошқа давлатларнинг қарши божлар жорий қилиши натижасида, ҳар бир америкалик оила қўшимча 5 минг доллар харажат қилади. Бу қўшимча харажат!
Трампнинг божлари натижасида Хитой Халқ Республикаси, Канада, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар ҳам америка маҳсулотлари ва хизматларига “қарама-қарши божлар” жорий қилишини билдиришди. Тўғри, баъзи давлатлар Трамп билан келишишга йўл изламоқда, мисол учун Ҳиндистон, Исроил ва бошқалар. Лекин Трампнинг божлари фонида фонд бозорларида кескин тушиш бошланди, АҚШнинг энг катта кампаниялари капитализацияси жиддий пасайди. Агар Трампнинг бу божлари сақланиб қолса, АҚШдаги ўрта ва кичик корхоналарнинг кўпи синади. Сабаби оддий: улар ички бозорда ҳам, ташқарида ҳам ўз мижозларини йўқотади.
Демократларнинг айтишича, Трампнинг мақсади иқтисод эмас. У ҳокимиятда чексиз қолишни ўйлаяпти. Ҳозирги бож солиқларидан кейин Америкадаги барча компаниялар Трампга бош уриб келади, ва “илтимос, мана шу сектордан ёки давлатлардан божларни олиб ташласангиз!” дея ялинади. Трамп эса “яхши, мен сўраганингизни бажараман, шартим – ҳокимиятда қолишим учун лоял бўласиз! Айтганимни қиласиз! Сиёсий лойиҳаларимни қўллайсиз!” деган ният турибди, демоқда демократлар.
Дунё иқтисодиёти занжир каби боғланган. 2020 йилда пандемия бўлганида, дунё қанчалик ўзаро боғлиқ эканини кўрдик. Трампнинг бу иши дунё иқтисодиётида янги рецессия, инқироз чақириши мумкин. Рецессиядан эса одатда энг заиф иқтисодиётлар энг кўп зарар кўради.
Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! сиёсий таҳлилчи