
Face қидирувга берилди: Россия мухолиф репчисига қарши навбатдаги зарба
Ҳозирги вақтда Россиядаги сиёсий вазият санъаткорлар учун ҳам тобора хавфли тус олаётганини яна бир бор кўрсатувчи воқеа юз берди. Машҳур рэп ижрочи Face (ҳақиқий исми — Иван Дремин) Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноят иши доирасида қидирувга берилди, деб ёзди «Медиазона».
Мазкур қарор Россия Федерацияси Жиноят кодексига асосланган бўлса-да, қайси модда бўйича экани очиқланмаган. Face’ни топишга кўмаклашувчи белгилари сифатида унинг юзидаги таниқли татуировкалар — пешонасининг ўнг томонида ва кўз остидаги ёзувлар — алоҳида таъкидланди.
Қидирув ташаббуси Бошқирдистондаги навбатчи бўлинма томонидан берилган. Қизиғи шундаки, бу рақам аввалроқ ушбу минтақа раҳбариятининг собиқ матбуот котиби Ростислав Мурзагулов қидирувида ҳам қайд этилган. Мурзагулов жорий йил июлида сиртдан 8 йилга қамалди. Расмийларга кўра, у Россия армияси ҳақида ёлғон маълумот тарқатган ва «чет эл агентлари» фаолияти тартибини бузган.
Face бу каби муаммолар билан аввал ҳам тўқнаш келган. Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин у жамоатчилик олдида мамлакат армиясининг ҳаракатларини кескин танқид қилган. Бу позицияси унинг Россиядан чиқиб кетишига сабаб бўлди. 2022 йилда Россия Адлия вазирлиги уни «чет эл агенти» деб эълон қилди. Шундан сўнг унинг мусиқалари стриминг платформалардан йўқолди.
ТАСС агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб берган маълумотига кўра, қидирувга бериш қарори Дреминга нисбатан «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни мунтазам равишда бузгани учун очилган жиноий иш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унга қарши бешта маъмурий жарима ҳам қўлланилгани айтилмоқда.
Face — Россиядаги энг шов-шувли ва мустақил ижодкорлардан бири сифатида танилган. Унинг ижтимоий ва сиёсий масалаларга очиқ муносабати, реп орқали билдирган фикрлари уни ёшлар орасида анча оммалаштирган эди. Аммо ҳозирги кунда бу эркинлик Россияда тобора чекланаётганини кўриш мумкин.
Айни вазиятда Face’нинг келажаги ноаниқ. Ҳозирча у қаерда экани ҳақида расмий маълумот йўқ, аммо ижтимоий тармоқларда унинг Европада экани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Унинг иши Россияда санъат ва фикр эркинлигига нисбатан муносабат қандай йўналишда кетаётганини кўрсатувчи яна бир белгидир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар