date

Ўзбекистонда электр истеъмоли 2035 йилгача икки баравар ошади

Ўзбекистонда электр истеъмоли 2035 йилгача икки баравар ошади
Boston Consulting Group прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли деярли икки баравар ошади — 68 миллиарддан 123 миллиард киловатт-соатгача. Бу ҳақда BCG бошқарувчи директори Игор Алекссеев Инвесторлар кунида маълум қилди.

Асосий ўсиш саноат, маиший сектор, транспорт ва рақамли инфратузилма ҳисобига таъминланади. Саноат корхоналари истеъмоли 27 миллиарддан 56 миллиард киловатт-соатгача ошиши кутилмоқда.

Аҳоли истеъмоли эса 19 миллиарддан 28 миллиард киловатт-соатга етади, электр иситишга ўтиш эса яна тахминан 10 миллиард киловатт-соат қўшади. Транспортни электрлаштириш натижасида истеъмол 1,6 миллиарддан 5,5 миллиард киловатт-соатга, маълумот марказлари ривожи эса 9 миллиард киловатт-соатгача ошиши кутилмоқда.

Ўсиб бораётган талабни қондириш учун энергия қувватларини кенгайтириш режалаштирилган — 34 гигаваттга яқин янги қувватлар ишга туширилади, асосан қуёш ва шамол энергиясига асосланган ҳолда. Шунингдек, 9 минг километр электр узатиш линиялари, 30 дан ортиқ янги юқори кучланишли подстанциялар ва тахминан 800 та тақсимловчи трансформатор узеллари қурилиши режалаштирилган.

Алекссеевнинг сўзларига кўра, ҳукумат тармоқни ривожлантириш бўйича 2035 йилгача мўлжалланган стратегик режа тасдиқлаган. Ушбу дастур доирасида 2028 йилгача электр энергиясининг улгуржи бозори ишга туширилиши, соатлик нарх белгилаш тизимига ўтиш, RAB-тарифларни жорий этиш, тармоқлар бошқарувига хусусий операторларни жалб қилиш ва асосий компанияларни IPOга тайёрлаш режалаштирилган.

Маълум қилинишича, атом электр станцияси Ўзбекистоннинг учта ҳудудини электр билан таъминлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистонда электр истеъмоли 2035 йилгача икки баравар ошади