АҚШда ўзбекистонлик жиҳодчи қўлга олинди

АҚШда 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси Аҳрор Бозоров қўлга олинди. У ватанида террорчи ташкилотда иштирок этганликда айбланиб қидирувда эди.
Бозоров 9 ноябр куни Канзас штатида АҚШ иммиграция ва божхона полицияси (ICE) ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Ҳибсга олинган пайтда у юк машинаси ҳайдовчиси сифатида ишлаётган эди.
Ўзбекистонда Бозоров интернетда жиҳодга чақирувчи тарғибот материалларини тарқатганлик ва террорчи гуруҳларга одам ёллашда айбланмоқда. Тошкент суди унинг ҳибсга олиниши учун 2022 йилда ордер берган эди.
АҚШ расмийларининг маълумотига кўра, Бозоров 2023 йил феврал ойида АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Чегара хизматлари уни ушлаган, аммо кейинчалик озод қилган.
2024 йилда у АҚШда ишлаш учун рухсатнома олган ва Пенсилвания штатида тижорий ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритган.