Мадуро қўл олиниши ортидан дунёда баёнотлар тўлқини

Николас Мадуронинг қўлга олиниши ҳақидаги хабарлар ортидан халқаро майдонда кескин муҳокамалар бошланди. Турли давлатлар ва сиёсий доиралар бу воқеага ҳар хил муносабат билдирди: кимдир АҚШнинг ҳаракатини қоралади, кимдир эса Мадуронинг ҳокимиятдан четлатилишини маъқуллади. Яъни, бир воқеа — икки хил дунёқараш.
Испания: “хавфли прецедент”
Душанба куни Испания ҳукумати Венесуэладаги операция сабаб АҚШни очиқ танқид қилди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес Cadena SER радиостанциясига берган интервьюсида Венесуэла ҳудудида амалга оширилган ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид экани ва бу “жуда хавфли прецедент” яратишини таъкидлади.
Бу билан чекланиб қолмади: Испания бош вазири Педро Санчес ҳам Вашингтоннинг қадамини қоралади. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳаракат оқибатлари билан Украина ва Фаластиндаги оғир ҳолатларга сабаб бўлган қарорларни эслатади. Испания раҳбарияти бундай амалиётлар глобал тартибга салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.
Испанияда венесуэлаликлар кўп
Мавзу Испания жамоатчилиги учун ҳам бегона эмас. Чунки мамлакатда 600 мингга яқин венесуэлалик муҳожир яшайди. Уларнинг катта қисми иқтисодий танглик ва ижтимоий муаммолар туфайли ўз юртини тарк этган. Шу боис Мадуро атрофидаги ҳар қандай сиёсий силжиш Испанияда ҳам қизиқиш ва эҳтиёткорлик билан кузатилади.
Испания сиёсатида ҳам қарашлар турлича
Қизиғи, Испаниядаги консерватив лагер — Халқ партияси вакиллари — Мадуронинг ҳокимиятдан четлатилишини олқишлади. Бироқ улар ҳам “қўлга олиш” жараёнининг қонунийлиги ва ҳуқуқий асосларига нисбатан саволлар борлигини яширмади. Яъни, ҳатто қувонганлар ҳам “ҳуқуқий тозалик” масаласини четга сурмаган.
Хитой ва Эрон: “озод қилинг”
Венесуэланинг муҳим иттифоқчилари саналган Хитой ва Эрон эса АҚШни Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни озод қилишга чақирди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 5 январ куни АҚШнинг ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатларни тартибга солувчи асосий қоидаларнинг очиқдан-очиқ бузилиши сифатида баҳолади. Пекин бу ишни хавфли йўналиш, деб кўрмоқда.
Теҳрон ҳам кескин позицияда: Эрон ТИВ вакили Исмоил Бақоий АҚШнинг амалиётини қоралаб, Мадуро ва унинг рафиқасини озод қилишни талаб қилди. У буни “фахрланиш учун сабаб эмас”, балки “ноқонуний ҳаракат” деб атади.
Хулоса
Мадуро қўлга олиниши ортидан дунёдаги реакциялар шундан далолат бермоқда: масала фақат Венесуэла билан чекланмайди. Бу воқеа халқаро ҳуқуқ, давлат суверенитети ва катта давлатлар таъсири ҳақидаги эски баҳсларни янада жонлантирди. Энди энг асосий савол — бу тўлқин ҳали қаерларгача етиб боради ва қайси давлатлар қайси тарафда туришини янада очиқ кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!