
Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегара ҳудудидаги ҳарбий тўқнашувлар яна авж олди. Тарихий қарама-қаршиликлар, иқтисодий манфаатлар ва сиёсий элиталар ўртасидаги шахсий рақобат ушбу можаронинг яна кучайишига сабаб бўлмоқда.
Можаронинг марказида Преаҳвихия ибодатхонаси мажмуаси жойлашган бўлиб, бу ҳудуд Таиландда Пхра Вихан номи билан танилган. Ибодатхона мажмуаси IX-XII асрларда кхмерлар томонидан қурилган.
Аввалига Шива худосига бағишланган бу ибодатхонада кейинчалик буддизм мустаҳкам ўрин олган. Мажмуа кхмерлар томонидан барпо этилган бўлса-да, тарихий даврларда у бир неча бор Таиланд (собиқ Сиам) ҳудудига қўшилган.
XV асрдан бошлаб Сиам қўшинлари Камбоджанинг ички низолари сабаб кучсизланган ҳудудларини босиб олишган. 1863 йилда Камбоджа қироли Нородом Франциядан протекторат ўрнатишни сўраган.
Бир неча йилдан сўнг Сиам қироллиги муайян ҳудудлар, шу жумладан Преаҳвихия ҳудуди эвазига Камбоджага бўлган даъволаридан воз кечган. 1907 йилда Франция томонидан чизилган харитада Преаҳвихия Камбоджа ҳудуди сифатида белгиланган, бу Таиланд томонидан дастлаб қабул қилинган.
Аммо бу ҳудуд 1941 йилда Иккинчи жаҳон уруши даврида Таиланд қўшинлари томонидан эгалланган. Урушдан сўнг ҳудуд қисқа муддатга Франция назоратига қайтган бўлса-да, 1954 йилда Таиланд яна уни эгаллади.
Камбоджа ушбу масала бўйича Халқаро судга мурожаат қилди ва 1962 йилда суд Преаҳвихия Камбоджа ҳудуди эканлигини тасдиқлади. 2008 йилда Камбоджа Преаҳвихияни ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига қўшиш ҳақида ариза топширди.
Таиланд дастлаб бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган, аммо оппозиция босими туфайли ўз қарорини ўзгартирган. Бу икки давлатда миллий ҳис-туйғуларни кучайтириб, чегара ҳудудида янги тўқнашувларга олиб келди.
Ҳар икки томон чегарага ҳарбий кучларини жойлаштириб, можаро чуқурлашди. Сўнгги йилларда можаро фақат ҳудудий низолар билан чекланиб қолмай, балки иқтисодий ва кибержиноятчилик масалаларига ҳам алоқадор бўлди.
2025 йил июн ойида Таиланд бош вазири Пхетхонгтан Чиннават Камбоджага қўшни Пойпет шаҳрини онлайн фирибгарлик маркази деб атади. Камбоджа ҳукумати бу айбловларни қайтарди ва жиноятларнинг илдизи Таиландга бориб тақалишини таъкидлади.
Аммо халқаро ташкилотлар Таиланднинг фикрини тасдиқловчи маълумотларни келтирмоқда. Камбоджадаги фирибгарлик марказлари ҳукумат ва сиёсий тизим томонидан қўллаб-қувватланаётгани айтилмоқда.
Бу марказларда 100 мингдан 150 минггча одам мажбурий шартларда ишлатилмоқда. Ушбу тизим йиллик 12,5 миллиард долларлик даромад келтиради ва ҳукуматнинг юқори мартабали амалдорлари манфаатдор эканлиги тахмин қилинмоқда.
Таиланднинг бу марказларга қарши кураши Камбоджа сиёсий тизимини молиявий ва обрў масалаларида қийин аҳволга солмоқда. Бундан ташқари, Таиланд ва Камбоджа сиёсий элиталари ўртасидаги шахсий келишмовчиликлар ҳам можаронинг кучайишига сабаб бўлмоқда.
2025 йилда Камбоджа етакчиси Хун Сен Таиланд бош вазири Пхетхонгтан билан бўлган телефон суҳбати ёзувини оммага ошкор қилди. Бу можароларни кучайтириб, Таиланд сиёсий тизимида инқирозга олиб келди.
Хун Сеннинг бу қадамидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада таранглашди ва элиталар ўртасидаги келишмовчиликлар чуқурлашди. Ҳозирда Преаҳвихия ибодатхонаси нафақат тарихий обида, балки икки давлат ўртасидаги низолар рамзи бўлиб қолмоқда. Можаронинг узоқ муддатли ечими эса ҳозирча кўринмаяпти.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.