
YouTube платформаси Screen Culture ва KH Studio каби йирик каналларни блоклади. Ушбу каналларда сунъий интеллект ёрдамида яратилган фильмлар ва сериаллар трейлерлари эълон қилинган эди.
Бу ҳақда DTF портали хабар берди. Аввалроқ Deadline нашрида эълон қилинган маълумотларга кўра, ҳар икки каналнинг умумий обуначилари сони икки миллиондан ошган.
Мақолада қайд этилишича, Warner Bros. Discovery ва Sony каби айрим Голливуд студиялари ушбу роликлардан реклама даромадининг бир қисмини олган ва уларнинг тарқатилишига қарши бўлмаган.
YouTube дастлаб ушбу каналларни монетизациядан вақтинча четлатган, бироқ "мухлислар трейлери" ва "пародия" белгилари қўшилгач, монетизация қайта тикланган эди. Бироқ бир неча ойдан сўнг бу белгиларнинг йўқолгани кузатилган.
Deadline нашрининг кейинги хабарига кўра, блоклаш қарори YouTube'нинг спам ва нотўғри маълумот берувчи метамаълумотларга оид қоидаларини бузиш билан боғлиқ. Screen Culture ва KH Studio каналларининг эгалари мазкур ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.