date

Глобал сув танқислиги кучаймоқда

Глобал сув танқислиги кучаймоқда

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) эълон қилган AQUASTAT маълумотлар базасининг янги таҳлилига кўра, дунё бўйлаб аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланадиган чучук сув ресурслари ҳажми кескин камайишда давом этмоқда. Сўнгги ўн йил ичида ушбу кўрсаткич яна 7 фоизга пасайгани қайд этилган.

Таҳлилда таъкидланишича, гап табиий гидрологик айланиш орқали ҳар йили янгиланадиган сув манбалари ҳақида бормоқда. FAOнинг янгиланган рақамларига кўра, Марказий Осиёда 2015 йилдан буён қайта тикланадиган сув захиралари аҳоли жон бошига нисбатан 12 фоизга қисқарган. Бу кўрсаткич дунёдаги энг хавотирли тенденцияларнинг бири сифатида баҳоланмоқда.

Мутасаддилар сув етишмовчилигини баҳолашда “сув стресси” деган кўрсаткичдан фойдаланади. У сув олиш ҳажмининг мавжуд ресурсларга нисбатан фоизини кўрсатади. Марказий Осиёда бу даража юқори экани айни пайтдаги сувдан фойдаланиш таркиби билан боғлиқ: минтақада мавжуд сувнинг 82 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига сарфланади.

Шу билан бирга, FAO айни минтақа сув ресурсларини бошқаришда муайян ижобий ўзгаришлар юз берганини ҳам қайд этади. Масалан, 2015–2022 йилларда чучук сув олиш ҳажми 9 фоизга камайган — 123 миллион куб метрдан 112 миллион куб метргача. “Сув стресси” кўрсаткичи эса 76,8 фоиздан 70,2 фоизга тушгани, яъни қарийб 8,6 фоизлик юмшаш кузатилгани маълум қилинди.

Шу билан бирга, глобал даражада босим ортиб бормоқда. 2022 йилда дунё бўйича ўртача “сув стресси” даражаси 18 фоизни ташкил этган бўлса-да, айрим ҳудудларда бу кўрсаткич анча юқори:

-Шимолий Африка — 121%

-Жанубий Осиё — 76,7%

-Марказий Осиё — 70,2%

-Ғарбий Осиё — 65,1%

Мутахассислар таъкидлашича, ушбу юқори кўрсаткичлар мавжуд сув захираларининг йил давомида тўлдирилиши олинган сув миқдорига яқинлаётгани ёки умуман ортда қолмоқда. Бу эса сув экотизимлари, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт барқарорлиги учун жиддий хавф сигналидир.

Қишлоқ хўжалиги ҳанузгача дунёда сув истеъмол қиладиган энг йирик соҳалардан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ Европа ва Шимолий Америкада сувнинг фақат 34 фоизи аграр эҳтиёжлар учун ишлатилади, шу билан бирга глобал саноат сув истеъмолининг қарийб ярми — 47 фоизи ана шу ҳудудларга тўғри келади.

FAO ҳисоботида айрим ҳудудларда сувдан оқилона фойдаланиш самарадорлиги ошгани қайд этилса-да, қурғоқчил минтақаларнинг аксариятида “сув стресси”нинг юқорилиги узоқ муддатли мослашув стратегиялари ва барқарор сув бошқаруви зарурлигини англатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Глобал сув танқислиги кучаймоқда