
АҚШнинг Род-Айленд штатида жойлашган нуфузли Браун университети ҳудудида содир бўлган қонли отишма фожиали оқибатларга олиб келди. Мазкур ҳодиса натижасида Ўзбекистон фуқароси, ушбу университетнинг 1-босқич талабаси Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлди.
Америка ОАВлари, жумладан CNN тарқатган маълумотларга кўра, отишмани 24 ёшли Бенжамин Эриксон амалга оширган. У АҚШ армиясининг собиқ ҳарбий хизматчиси ҳисобланади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан гумонланувчи зудлик билан қўлга олинган. Ҳозирча ҳужумнинг аниқ сабаблари расман очиқланмаган, тергов ишлари давом этмоқда.
Фожеали воқеа оқибатида жами икки киши ҳаётдан кўз юмган, тўққиз нафар талаба эса турли даражадаги жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилган. Университет маъмурияти хавфсизлик чораларини кучайтирганини маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирди. Расмий баёнотда марҳумнинг яқинларига сабр-тоқат тилаб, ушбу оғир йўқотиш бутун юртдошларимиз учун ҳам дард экани таъкидланди.
Бу каби фожеалар яна бир бор тинчлик ва инсон ҳаётининг қадри нечоғлик юксак эканини эслатиб қўяди. Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг бевақт узилиб кетган ҳаёти юртдошлар қалбида чуқур из қолдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.