
Англиянинг нуфузли клуби — «Манчестер Сити» Марказий Осиё бозорига илк бор расмий қадам ташлади. 19 декабрь куни «шаҳарликлар» Ўзбекистоннинг энг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчиси Artel Electronics билан стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланганини маълум қилди.
Клуб расмий манбаларида таъкидланишича, ушбу келишув «Манчестер Сити» учун минтақадаги биринчи ҳамкорлик бўлиб, у нафақат тижорий, балки ижтимоий ва спорт йўналишларида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бу жараён Ўзбекистон футболининг жадал ривожланаётган даврига тўғри келаётгани алоҳида қайд этилди.
Ҳамкорлик доирасида келгусида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, брендга оид тадбирлар, футболга ихтисослашган махсус дастурлар, шунингдек, минтақа бўйлаб «Манчестер Сити» мухлислари учун турли интерактив фаолиятлар ташкил этилиши кутилмоқда.
Мутахассислар фикрича, Artel билан тузилган ушбу келишув «Манчестер Сити»нинг глобал стратегиясида янги босқични бошлаб бериши баробарида, Ўзбекистон брендининг халқаро майдондаги нуфузини ҳам янада ошириши мумкин. Бу ҳамкорлик маҳаллий мухлислар учун катта футболни янада яқинлаштириши, ёшлар учун эса янги имкониятлар очиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.