Трамп: Гренландия АҚШга керак, уни Хитой ёки Россия эгаллаши мумкин

АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландия Қўшма Штатлар учун “зарур” эканини айтиб, акс ҳолда орол Хитой ёки Россия назоратига ўтиб кетиши мумкинлигини таъкидлади. У бу фикрларни нефть компаниялари вакиллари билан учрашувда билдирди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Трампнинг сўзларига кўра, Вашингтон Гренландия масаласида “бирор чора” кўради ва бу орол аҳолисига ёқадими-йўқми, барибир ҳаракат қилинади. Президент баёнотида АҚШ бундай қадам ташламаса, Россия ёки Хитой Гренландияни эгаллаб олиши, натижада Қўшма Штатлар учун стратегик жиҳатдан ноқулай қўшничилик вазияти юзага келиши мумкинлигини қайд этди.
Трамп фикрича, 1951 йилдаги келишув асосида оролда АҚШ ҳарбий базалари мавжуд бўлишига қарамай, Қўшма Штатлар Гренландияни қўлга киритиши керак. АҚШда аввал ҳам Гренландия устидан назоратни кучайтиришнинг турли йўллари муҳокама қилинган: ҳарбий вариантлардан тортиб, орол аҳолисига бир марталик тўловлар таклиф этиб, уларни Даниядан ажралишга ва эҳтимол АҚШга қўшилишга кўндириш ғояларигача.
Трампнинг Гренландияни АҚШга қўшиш ҳақидаги навбатдаги баёнотлари НАТО доирасида салбий муносабат уйғотди. Альянснинг айрим аъзолари бундай масалалар фақат Копенгаген ва оролнинг ўз маъмурияти томонидан ҳал қилиниши мумкинлигини билдирди.
Шу билан бирга, Гренландия аҳолиси ҳам АҚШга қўшилиш ташаббусини қўллаб-қувватламайди. Сўровлар натижасига кўра, гренландларнинг 85 фоизи бу ғояга қарши.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!