20:31 / 11.06.2018
3 410

Австралиялик Абу Бакр (Рубин): «Мусулмонлардан қўрқар эдим»

Австралиялик Абу Бакр (Рубин): «Мусулмонлардан қўрқар эдим»
Ота-онам мени атеистик руҳда тарбиялашди. Ўлимдан сўнг ҳаёт мавжуд эмаслиги, инсон танаси тупроққа сингиши билан барчаси барҳам топиши ҳақида уқтириб келишди.

Ҳикоям талабалик давримнинг дастлабки йилига тўғри келади. Ўша йил кетма-кет мусибатларга дучор бўлганимни ҳамон эслайман: ота-онам ажралишди, энг яқин дўстимдан айрилиб қолдим, бир ҳафта ичида икки оғир автохалокатни бошдан кечирдим... Аммо бу мусибатлар ҳаётимда биринчи марта ўзимга савол беришга мажбур қилди:

– Мен кимман ва нега бу ердаман? Ҳаётдан мақсадим нима? Қаерга қараб кетяпман ўзи? Нега қалбимда тушкунлик бор? Тонгларда нега уйғонаман?

Шундай алфозда кун кўриб юрарканман, кунларнинг бирида дўстларимдан бири черковга боришимни маслаҳат берди ва у ерда халоват топишимни айтди. Ҳа, миямда тинмай айланаётган бу саволлар мени дин томон чорлаётган эди. Австралияликман ва табиийки ишни биринчи насронийликни ўрганишдан бошладим.

Танишларимга қўшилиб черковга ҳам қатнай бошладим. Черковда барча доим қўшиқ куйларди. Яхши оҳанглар, аммо барибир моҳиятига ҳеч тушунолмадим. Уларга саволлар берардим. Мени шубҳага қўйган нарса шуки, улар Инжилни олиб «Мана бу сенга жавоб», дея олмадилар. Ҳар ким фақат ўз фикрини билдирар эди. Насронийликда жуда ҳам кўп интерпритациялар (шахсий талқинлар)нинг борлиги мени янада тушкунликка маҳкум қилар эди.

Биргина черковнинг ўзида қайсидир руҳоний насронийликнинг муайян бир жиҳатигагина эътоқод қилса, бошқа руҳоний тамомила бошқа жиҳатини ҳақ деб билар экан. Тармоқлар жуда ҳам кўп экан. Мен эса чалкашар ва асабийлашар эдим. Инжил бир китоб бўлса, нима учун бунчалик кўп тармоқлар мавжуд?

Бас, Ҳинду динини ўрганишни бошладим. Ўша вақтларда куннинг иккинчи ярмида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчасида ишлар эдим. У ерда ҳиндистонлик ҳамкасбим билан дўстлашдим. Кунларинг бирида ўзимда туғилган саволни унга бердим:

– Ганешнинг бошида нима учун айнан фил калласи тасвирланган? Нима учун, масалан, шерники эмас?

Моҳият мени умуман қониқтирмади ва изланишим йўналишини бошқа томонга бурдим. Яҳудий дини ўранарканман, қидираётганим бу эмаслигини фаҳмладим. Исломга кириб келишимдан аввалги исмим Рубин эди, асл исмим бу. Шунинг учун яҳудийлар мени ўзларига яқин олишар, ўзимиздан экан, дейишарди. Аммо уларни тарк этдим.

Буддавийликни ўрганишни бошладим. Албатта унинг яхши тамойиллари бор. Лекин таълимотнинг ичига кириб борарканман, англадимки, бу Худонинг сўзлари эмас. Шунчаки инсон тадқиқ этган яшашнинг бир услуби экан.

Кунларнинг бирида дўстим яна сўраб қолди:

– Хўш, излаганингни топдингми?

– Йўқ.

– Йўқ? Қайси динларни ўргандинг?

– Насронийлик, яҳудийлик, ҳинду, буддавийликни.

– Исломчи?

– Ислом?! Мусулмонлар террорчилар-ку!

– Ҳаа…

Кунлар ўтди. Бир масжидга ҳам бориб кўрақолай, деган фикр уйғонди. Яқинроқ бир масжидни мўлжаллаб йўлга тушдим. Қалбим эса бўм-бўш. Шаҳд билан масжид ичкарисига тўғри кириб боравердим. Пойабзалимни ҳам ечиб ўтирмадим. Агар кимдир сажда ҳолатида бўлса, тўғри унинг бошига чиқиб кетар даражада эдим. Ҳозир ўша аҳволимдан уятдаман. Тўсатдан мен томон яқинлашиб келаётган мусулмонга кўзим тушдию, нафасим ичимга тушиб кетди. Катта соқолли, узун абая кийган мусулмондан қўрқардим. Хаёлимдан фикрлар бир-бир ўта бошлади:

Энди тамомман. Бугун ҳаётимнинг охирги куни бўлса керак. Нима қилардим шу ерга келиб ўзи…

– Кунинг файзли бўлсин, оғайни! Қандайсан энди? – деди у мени ҳайратда қолдириб.

Таскин топдим, ўзимга келдим. Саволларимни бир-бир бера бошладим:

Нима учун аёллар ҳижоб киймоқлари зарур? Нима учун эркаклар тўрт аёлга уйланишлари мумкину, аёлларга мумкин эмас…

Шу онда у мени тўхтатди ва Қуръони Каримнинг инглизча таржимасини қўлимга тутқазиб деди:

– Буни ўқи, биродарим, бу барча саволларинга жавобдир!

– Яхши, аммо бу ҳолатларга сенинг шахсий муносабатинг қандай?

– Қандай қилиб менинг шахсий муносабатим бўлсин? Ахир бу Аллоҳнинг сўзлари-ку!

Субҳаналлоҳ, кайфиятим ўзгара бошлади.

У ҳадя қилган Қуръонни ўқиб ўргана бошладим. Ўқирканман, шундай кайфиятга эга бўлардимки, менга йўлланма кўрсатаётган ва буюраётган бир Сиймонинг ҳақиқатда мавжудлигини ҳис этардим.

Қуръонни асосан тунда шам ёғдусида ўқир эдим. Мелбрундаги шундай сокин ёз оқшомини ҳеч қачон унутмайман. Шамни ҳозирладим, деразаларни кенг очиб қўйдим, пардаларни четга йиғдим. Навбатдаги мутоалага киришдим.

Унгача китобнинг кўплаб илмий далилларини олти ой давомида тадқиқ қилгандим: эмбрионнинг ривожланиши, тоғларнинг қозиқлар эканлиги ва бошқалар. Аммо аввалги жоҳиллик қалбимда асорат қолдирган экан. Ҳамон мусулмон эмасдим. Рационал ва руҳий иқроримга қарамай барибир яна қандайдир туртки кутардим, жоҳилларча.

Мутоалани тўхтатдим. «Бас, бу – менинг лаҳзам! Исломга ташрифим лаҳзалари. Аммо менга бир белги бер, булар ҳали кам», хаёлдан ўтказдим. Ва жоҳилларча бирор ёруғликми, бирор товушми...нима бўлса ҳам, кута бошладим. Субҳаналлоҳ, мутлақо ҳеч нарса юз бермади.

Бу ишни бир неча марта такрорладим ва Субҳаналлоҳ, мен жоҳил учун ҳеч нима юз бермади. Эҳҳ, дедим ва Қуръонни яна қўлимга олдим. Очдим ва кўзим билан тўқнашган оятни ўқидим. "Тоҳа" сурасининг 133 ояти экан. «Улар: «Бизга Роббидан оят-мўъжиза келтирса эди», дейдилар. Ахир, уларга аввалги саҳифалардаги нарсаларнинг баёноти келмадими? (Кофир ва мушриклар, Муҳаммад Роббидан бир лол қолдирувчи мўъжиза келтирса эди, дейдилар. Ахир, Қуръонда аввалги умматларга келган нарсаларнинг баёни келди-ку. Шу уларга кифоя қилмайдими?)»

Қалбимни қўрқув чулғади ва дедим:

– Субҳаналлоҳ!

Аслида бу борлиқнинг ўзи бир далил эди, бизнинг яратилган маҳлуқлар эканимиз ҳам факт эди. Мен эса ҳаттоки ўз ички овозимга ҳам қаршилик қилаётган эканман.

Масжидга йўл олдим. Минглаб одамлар жам бўлганини кўриб ҳайратга тушдим. Билсам, Рамазоннинг илк тунига тўғри келибман!

Мен уларга дедим:

– Мусулмон бўлишни истайман!

Улар араб тилида Шаҳодат калимасини ўргата бошладилар ва ортларидан қайтаришимни сўрадилар. Мен эса:

– Шуни инглиз тилида айтсам майлими?

– Араб тилида айтишинг керак, дейишди.

Мен бордию Калимани араб тилида нотўғри айтиб юборгудек бўлсам, бу жаҳлдор мусулмонлар мени дўппослаб кетишларини тасаввур қилиб қўрқувда эдим. Улар кўзимга тикилиб туришарди.

Субҳаноллоҳ, тилим осон айланиб, Калимани араб тилида айта олдим! Шу дамда мутлақо кутмаганим юз берди, барча мусулмонлар мени баравар бағирларига боса бошладилар. Юзларида қувонч ва нурни кўрдим. Бу ҳаётимнинг энг гўзал куни эди! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Кунларнинг бирида отам мендан Қуръон ҳақида сўраб қолди... Мен жуда бахтлиман!
Камола АБУЛҚОСИМ таржимаси.

Манба: Azon.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Австралиялик Абу Бакр (Рубин): «Мусулмонлардан қўрқар эдим»