Чиқиндидан услуб яратган бола интернетни ҳайратга солди

Дунё миқёсида ижтимоий тармоқларда яна бир ноодатий истеъдод эгаси кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Эфиопиялик ёш ижодкор Калу Путик чиқиндилардан фойдаланиб, ўзига хос ва жозибадор образлар яратиши билан қисқа вақт ичида катта машҳурликка эришди.
Унинг ишлари оддий модадан анча фарқ қилади. Калу эски, ташлаб юборилган кийимлар, турли мато парчалари ва ҳатто чиқиндига айланган буюмларни қайта ишлаб, уларга янги ҳаёт бағишлайди. Натижада эса эстетик жиҳатдан жуда қизиқарли, креатив ва диққатни тортадиган услублар пайдо бўлади.
Ёш блогернинг видеолари ижтимоий тармоқларда тез суръатларда тарқалмоқда. Қисқа фурсат ичида у минглаб эмас, балки миллионлаб кузатувчиларга эга бўлди. Деярли ҳар бир ролиги катта кўришлар сонига етиб, фойдаланувчилар томонидан фаол муҳокама қилинмоқда.
Кузатувчилар унинг нафақат фантазияси, балки имконият чекланган шароитда ҳам ижод қилиш қобилиятини юқори баҳоламоқда. Айримлар эса Калунинг ишларини экологик онгни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга деб ҳисобламоқда. Чунки у чиқиндиларни шунчаки ташлаб юбориш ўрнига, улардан фойдали ва чиройли маҳсулот яратиш мумкинлигини намойиш этмоқда.
