11:25 / 19.07.2018
3 951

Суқротни ўлдиришимиз керак!..

Суқротни ўлдиришимиз керак!..
Суқротни ўлдиришимиз керак!..

Энг асосий масаламиз – таълим, таълим эса мавжудиятимиз масаласи эканини айтган эдим.

Таълим тизими миқдор ҳукмронлигини кучайтирадиган, инсонни воситаларнинг қулига айлантирадиган физика, математика ёки умумий маънода позитив билимлар[1] асосида ташкил этилиши эҳтимоли ўртага чиқди...

Позитив билимларга ҳам эҳтиёжимиз бор, албатта. Чунончи, юксак технологияга эришишимиз учун жуда-жуда керак улар.

Аммо шошилинчроқ бўлгани метафизикадир[2]. Дунёни ва борлиқни, ҳаётни ва инсонни яхлит ўлароқ англашимизни таъминлайдиган метафизикасиз ташлайдиган ҳар бир қадамимиз бизни янада каттароқ боши берк кўчага олиб боради.

Энди унга сен ўхшайсан!

Пикассо Стайннинг портретини нақ 90 марта чизди.

Чизди, ўчирди... Чизди, ўчирди...

Кейин охирги марта, моделсиз чизди.

Расмни кўрган Стайн: “Менга ўхшамабди!” – деди.

Рассом эса шундай жавоб қайтарди: “Энди унга сен ўхшайсан!”

Айни пайт, қарийб икки асрдан бери инсоният ўзига ўхшамаяпти. Ўзи эмас, ўзида эмас чунки.

Ҳаммамиз, истисносиз бутун дунё ғарбликлар бизнинг номимиздан чизган расмнинг қаҳрамонлари кабимиз.

“Каби”си ортиқча. Биз учун чизилган расмдаги одамлармиз фақатгина.

Аслида ҳаммаси Суқрот билан бошланди ва у билан тугади

Аввал Суқрот бор эди.

Ҳамма нарса Суқрот билан бошланди ва ҳаммаси Суқрот билан тугади.

Ницше[3] ва унинг издоши Хайдеггер[4] тафаккур шакли ўлароқ фалсафанинг Суқрот билан тугаганини айтган эди.

Аммо инсоният, айниқса, бу ерда яшовчи, бу заминнинг метаморфоза[5]га учраган, жаллодига ошиқ одамлари, фақатгина зиёлилари эмас, барча инсонлари бир овоздан Ницше ва Хайдеггернинг айтганлари эртак эканини такрорламоқда.

Чунки Суқрот билан бошланган нарса битадиган бўлса, бор орзулари чилпарчин бўлиши, ҳамма нарсанинг тугаши ва йўқликка ғарқ бўлишига ишончлари комил.

Суқрот билан бошланган нарса нима эди?

Порнографиянинг, воситаларнинг, миқдорнинг ҳукмронлиги. Яъни васваса.

Васваса эса мажусийликдир. Шундай деган эди Бодрийяр[6].

Суқротни ўлдиришимиз керак!

Ҳаммамиз мажусиймиз. Ҳаммамиз Суқротнинг болаларимиз.

Арасту Суқрот, Суқротнинг фалсафаси ва у амалга оширган инқилоб ҳақида қисқача шундай деган эди: “Суқрот фалфасани осмондан ерга туширди”.

Аслида барча тугун мана шу ерда яширинган.

Суқротнинг фалсафани тугатиши ҳам, бизнинг, бутун инсониятнинг Суқротнинг васвасасига учраши, 2500 йилдан бери айтиб келинаётган афсонанини тарк этолмаслигимиз, муқаддаслаштиришимизнинг сири ҳам айнан шу ерда яширин.

Суқротнинг фалсафани, тафаккурни яксон қилганини ўйлаганлар азоб тортмоқда: тафаккурнинг бадали бу.

Суқрот яратган афсонага ҳали ҳам ишонаётганлар, бутун инсоният васваса дунёсини тарк этишни истамаяпти. Чунки васваса ҳаяжон беради. Ҳаётдан олиб қочади, инсонларни турмуш машаққатларидан узоқлаштиради: порнографиянинг, демократик тузумнинг якуний ғалабаси.

Суқротни ўлдиришимиз керак. Суқротни ўлдирмасак, ҳақиқатнинг ҳатто фикрига ҳам етиша олмаслигимизни билишимиз зарур.

Суқротни ўлдиришимиз керак. Акс ҳолда ҳаётга, ҳақиқатга ва “уй”га, яъни ўзимизга ҳеч қачон қайта олмаймиз.

Суқротнинг савоби ва гуноҳи

Суқротнинг бир савоби ва бир гуноҳи бор эди.

Савоби – юнон маъбудларини рад этиши бўлди.

Гуноҳи шу бўлдики, юнон маъбудларининг ўрнига бошқа бир тангри – Инсонни яратди.

Инсонни тангрилаштиришнинг пойдеворини қўйиш орқали катта гуноҳга қўл урган эди Суқрот.

Суқрот яратган дин, янги мажусийлик шаклининг номи антропоцентризм[7] эди.

Суқрот инсонни осмондан ерга тушириш орқали инсоннинг тафаккур ва етишишга уринишларини чиппакка чиқарди.

Бутун Ғарб тафаккурининг ташкил топиш динамикасини инсоннинг ва ҳақиқатнинг йўқ бўлиш динамитига айлантирар эди.

Тангри ҳаётдан сургун қилинар, инсон бу дунёда қулга айланар эди.

Фалсафа тарихчилари Суқротнинг ташаббусини “disconnection” (узилиш) тушунчаси билан изоҳлайдилар.

Суқрот инсоннинг Тангри ва табиат билан алоқасини узди, уни бу дунёга сургун қилди.

Инсон самодан ерга тушди: еридан, уйидан айирди, борлиқлар оламидаги жойини, ўрнини йўқотди. Инсонни мулк оламига маҳкум қилди.

Инсоннинг ўзини билиши ягона тамойил эди.

Жуда соз.

Аммо Тангри билан, коинот билан, табиат билан ришталари узилган инсон ўзини қандай била олади?

Метафизика бўлмай туриб асло...

Хулоса: Ғарб тамаддунининг онтологияси[8] мавжуд эмас. Ғарб тамаддуни эпистемология[9] асосида барпо этилган.

Онтология инсоннинг ва ҳаётнинг моҳиятини тушуниш учун йўл харитасини тақдим этади бизга.

Эпистемология инсоннинг ва ҳаётнинг мақсадларини тушуниш йўлининг ёнидан ўтиб кетади. Инсоннинг аввал табиатга, кейин Тангрига, бинобарин, инсонларга ва дунёга ҳоким бўлиш хавотири билан яшайди. Бу эса сифатнинг ҳукмронлиги, инсонни ва ҳаётни қамал қилишидир: инсоннинг мақсадини йўқотиши, воситаларни мақсадлардан олдин қўйиши, воситаларнинг қулига айланиши.

Пойдеворини Суқрот қўйган, инсоннинг Тангри билан, Коинот билан ва бошқа борлиқлар билан ришталарини узган, инсонни тангрилаштирган антропоцентрик дунё ғарқ бўлди: инсон, пост-хьюман инсон машинанинг қулига айланди.

Билимнинг ҳукмронлиги, муқаддаслаштирилиши машинанинг/воситаларнинг мутлақ зафари билан ниҳояланди.

Мана шундай йирик онтологик йўқотиш палласида ҳаётнинг моҳиятини тушунишимизга йўл очадиган, одилроқ, яшаш мумкин бўлган бир дунё барпо этишимизга имкон берадиган йўл физика, математика ёхуд табиий фанлар эмас, метафизикадир.

Метафизикасиз дунё ҳам ўрмон қонунларининг ҳукмронлигини кучайтиради, ҳам инсонни бу дунёдан яна бир бор сургун қилади. Мишель Анри[10] айтганидек, “жаҳолатнинг зафари” билан тугайдиган дунёдир.

Пикассо айтганидек, ҳаммаси ғарбликларга ўхшаб қолганмиз. Улардек ўйлаймиз, ҳатто ўз дунёмиз ва муаммоларимизга ҳам уларнинг нуқтаи назари билан қараймиз.

Бир халқнинг бошига келиши мумкин бўлган энг улкан фалокатдир бу.
Юсуф Каплан,
“Ени шафак” газетаси, Туркия

Манба: Azon.uz

[1] Позитивизмга асосланган билимлар. Позитивизм – фан методологиясида ҳақиқий билимнинг манбаи эмпирик (тажрибага асосланган) тадқиқотлар эканини даъво қиладиган ва фалсафий тадқиқотларнинг илмий қадриятларини инкор қилувчи таълимот.
[2] Метафизика – борлиқнинг сезгилардан юқори турувчи прициплари ва умумий асослари тўғрисидаги фан.
[3] Фридрих Вильгельм Ницше (1844-1900) – немис мутафаккири ва файласуфи
[4] Мартин Хайдеггер (1889-1976) – немис файласуфи
[5] Бошқа шаклга кириш
[6] Жан Бодрийяр (1929-2007) – француз социологи, маданиятшуноси ва файласуфи
[7] Инсон коинотнинг маркази ва дунёда содир бўлаётган барча ҳодисаларнинг мақсади эканини илгари сурувчи ноилмий идеалистик қараш.
[8] Онтология – фалсафада борлиқ ҳақидаги таълимот. Борлиқнинг умумий асослари, принциплари, унинг шакллари ва қонуниятларини текширади.
[9] Билим ҳақидаги таълимот.
[10] Француз фаласуфи (1922-2002)

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суқротни ўлдиришимиз керак!..