Наполеон: мустабид тождорми ё маърифатпарвар ҳукмдор?

  • 22 август 2019, 06:45
  • 1 023
  • Дунё
  • Наполеон: мустабид тождорми ё маърифатпарвар ҳукмдор?
    Фото: pikabu.ru
    Бундан роппа-роса 250 йил аввал, 1769 йил 15 августда Франциянинг Ўртаер денгизидаги ҳудуди – Корсика оролида ўртаҳол оилада ўғил фарзанд дунёга келади. Тили итальянчада чиққан бу болакай йиллар ўтиб, император бўлиши, наинки Франция, балки бутун Европа тақдирини ўзгариб юборишини ким ўйлабди дейсиз...

    Тарихий солномаларда ёзилишича, Наполеон Бонапарт (1769-1821) ёшлигиданоқ етакчилик қобилиятини намойиш этган. 1785 йилда кичик лейтенант лавозимида ҳарбий фаолиятни бошлаб, қисқа муддатда, 24 ёшидаёқ генерал рутбасига эришган. Мисрга юриш пайти француз қўшинига қўмондонлик қилган. 1799-1804 йилларда биринчи консул сифатида давлатни идора этган. 1804 йили эса Франция императори деб эълон қилинган. Жаҳонгирлик йўлини танлаган саркарда кейинги 10 йил давомида Фарангистонни кўҳна қитъанинг пешқадам салтанатига айлантириш йўлида жангу жадал олиб борган.

    Наполеон замонавий Франция давлатчилигининг асосчиларидан бири саналади. У Буюк француз инқилобидан кейин парокандаликка юз тутган мамлакатда тартиб-интизом ўрнатган. Император раҳбарлигида илк бор фуқаролик кодекси ишлаб чиқилган, префект тизими – маъмурий бошқарув тизимига асос солинган. Маърифатпарвар ҳукмдор бир қатор олий таълим масканларини ташкил қилган. Франциянинг Фахрий легион ордени ҳам Наполеон томонидан таъсис этилган.

    «Наполеон мамлакатни инқилобий террордан халос этди, 1789 йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқларни сақлаб қолди, молия тизимида тартиб ўрнатди ва миллий тарихнинг олтин саҳифаларини очди. Ҳарбий даҳо, нодир стратег, жасур сиёсатдон ва доно давлат арбоби саналган Наполеон ҳаммасига ўз кучи билан эришди. Орадан икки юз йил ўтса-да, у дунё янги тарихининг атоқли намояндаси бўлиб қолмоқда», – деб ёзади Франция ҳукуматининг собиқ аъзоси Ив Жего «Le Mond» газетасида эълон қилинган мақоласида.

    Тарихчи ва адиб Жан-Мари Руар эса Наполеон нафақат оламшумул шуҳрат қозонган саркарда, айни чоқда, фаолияти беадоқ баҳс-мунозаралар уйғотган давлат арбоби эканини таъкидлайди. «Наполеон улкан ғалабаларга эришди, айни чоқда, унинг мағлубият ва хатолари ҳам кам бўлмаган», – деб ҳисоблайди тарихчи олим.

    Наполеон Бонапарт. Бу ном етти иқлимда маълум ва машҳур. Жаҳондаги тартиботларни ўзгартирмоққа бел боғлаган саркарда ҳақида 75 мингга яқин илмий ва бадиий асар ёзилган, 700 дан зиёд фильм суратга олинган.

    Аксар тарихчи олимлар Наполеонни маърифатпарвар ҳукмдорлар сафига қўшадилар. Мухолифлари эса уни тожу тахт ҳаваси ила минглаб одамнинг ёстиғини қуритган мустабид тождор деб ҳисоблайди.

    Сўнгги йилларда ўтказилган ижтимоий сўровларга қараганда, Наполеон дунёдаги энг машҳур француз саналади. Бу борада у мамлакат миллий қаҳрамони Жанна д’Арк ва атоқли олим Рене Декартни ҳам ортда қолдирган.
    Собир Салим

    Манба: Xabar.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Наполеон: мустабид тождорми ё маърифатпарвар ҳукмдор?