06:00 / 25.08.2019
1 934

Трамп Европа билан савдо урушини бошлайдими?

Трамп Европа билан савдо урушини бошлайдими?
Фото: London Post
Америкаликлар ва европаликлар Трампга биргаликда қаршилик кўрсатиб, дунё тартибини ва тинчлигини ҳимоя қилишлари ва трансатлантик дўстликни сақлаб қолишлари мумкин, деб ёзади The Project Syndicate нашри.

2019 йил августи охирида Трамп G7 саммитида қатнашиш учун Европага келади. Аммо Европа раҳбарлари у билан муроса қилиш учун барча имкониятларни ишлатиб бўлди. Европа олдида биргина йўл – қаршилик қилишгина қолди.

Энг муҳим масала Европа–Эрон савдо масаласи бўлиб турибди. Айнан шу масалада Европа Иттифоқи дипломатияси яна бир мағлубиятни ҳазм қила олмайди. Трамп ҳарбий ва иқтисодий соҳадаги таҳдидлари билан Эрон ва Венесуэлани инқироз жарлигига қулатмоқчи. Шунингдек, Хитойни валюта қаллоблигида айблаб, унинг иқтисодий ривожланишини чекламоқчи ёки тўхтатмоқчи.

Ҳар нарсани ўз номи билан аташ мақбулки, Трампнинг бу сиёсати унинг дунёқарашини акс эттиради ва биргина шахснинг нохолис қарорлари оқибатидир. АҚШ конституцияси қабул қилинганидан 230 йил ўтар экан, америкаликлар Трамп диктатурасидан азият чекмоқда. Трамп ўз маъмуриятининг мустақил фикрлаш қобилиятига чек қўйишга эриша олди. Мисол учун, мустақил фикрига эга бўлган собиқ мудофаа вазири Жеймс Мэттис ҳукумат таркибидан чиқариб юборилиши натижасида амалдаги ҳукумат фикрларига эътироз билдирадиганлар саноғи камайиб қолди.

Трамп унинг истакларига қарши бораётган ҳар қандай давлатни тиз чўктиришни мақсад қилган. Оддий америкаликлар такаббур эмас, аммо Америка сиёсатчилари айни пайтда такаббурлик сиёсатини дастак қилиб олди. Масалан, миллий мудофаа бўйича маслаҳатчи Жон Болтон ва давлат котиби Майк Помпео дунёга такаббурлик билан паст назар ташламоқда. Боз устига, Помпео диний мутаассиб ҳамдир. Устига устак, яқинда Болтоннинг Лондонга сафари Бирлашган Қироллик Европа Иттифоқидан ажралиши қандай оқибатлар билан тугашидан қатъий назар, янги бош вазири Борис Жонсонни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

Трамп ва Болтон аслида Буюк Британия учун заррача бўлса-да қайғурмайди, уларга Европа Иттифоқи фиаскога учраши муҳим. Шундай экан, Европа Иттифоқининг ҳақиқий душмани АҚШнинг дўсти бўлишга уринаётган Борис Жонсон, Италия бош вазири Маттео Сальвини ва Венгрия бош вазири Виктор Орбандир.

Трамп Осиёда Эрон режимини тўнтаришни истайди. Унга бу вазиятда ёнғинга сув сепаётган Эронга шахсий адоватда бўлган Исроил ва Саудия Арабистонининг масъулиятсиз раҳбарлари ҳам ёрдам бермоқда.

Европа Иттифоқи АҚШнинг Яқин Шарқдаги вазият масаласида уқувсизлиги нималарга олиб келиши мумкинлигини яхши тушунади. АҚШ сабабли бугунда Европа Иттифоқи миграция муаммоларини бошидан кечирмоқда. Мисол учун, Кичик Жорж Бушнинг Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий амалиётлари, Барак Обаманинг Ливия ва Суриядаги ҳарбий сиёсати Европа Иттифоқини молиявий хатарга қўйди ва бадалларини Европа Иттифоқи тўламоқда.

Эндиликда Эронга қарши олиб борилаётган сиёсат янада жиддий сиёсий ва иқтисодий жараёнларга олиб келиши мумкин ва бу тўғридан тўғри БМТ низомини бузиш ҳамдир. Трампнинг Эронга қарши қаратилган сиёсати энг аввало оддий эронликларга қарши қаратилган сиёсат бўлиб, буни инсониятга қарши қаратилган жиноят дейиш мумкин. Гарчи Европа Иттифоқи сиёсатчилари мазкур жараёнларни қоралаб чиққан бўлса-да, АҚШга қарши чиқишга ботина олмай, Трамп созига ўйинга тушмоқда.

Аслида АҚШнинг минтақивий санкциялари ҳеч қандай таҳликага сабаб бўла олмайди. АҚШ иқтисодий санкцияларни Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Европа Иттифоқи ва Россияга қарши йўналтирганда эди, БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ фонд-биржаси, доллар ва унинг етакчилигига бўлган иддаоси қаршиликка учраши тайин эди. Ёки, АҚШ Хавфсизлик Кенгаши қарорига вето қўйганида эди, БМТнинг 193 дан зиёд аъзоси АҚШнинг минтақивий санкцияларига қарши оёққа турган бўлар эди.

Европа Иттифоқи раҳбарлари Трампнинг Эрон, Венесуэла, Хитой ва бошқа мамлакатларга қарши дўқ-пўписаларига хайрихоҳ бўладиган бўлса, дунё хавсизлиги таҳдиди остида қолади. Европа Иттифоқи ҳамда аксар америкаликлар Трампнинг носоғлом дунёқараши ва ўзига мафтунлик сиёсати оммавий отишмалар ҳамда бошқа жиноятларга сабаб бўлаётганини эътироф этиши шарт. Трамп сиёсатига қарши чиқибгина Европа Иттифоқи келажак авлоднинг фаровон ҳаёти учун дунёдаги тартиб ва қоидаларни бузилмаслигини кафолатлаши мумкин.

Жаҳонгир Эргашев

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп Европа билан савдо урушини бошлайдими?