date
views 2 467

«Хитойсиз яшаш янаям яхши» — АҚШ савдо урушида ғолиб бўладими?

«Хитойсиз яшаш янаям яхши» — АҚШ савдо урушида ғолиб бўладими?
Фото: GETTY IMAGES
АҚШ ҳамда Хитой бутун дунё бозорларига таъсир кўрсатаётган савдо урушини давом эттирмоқда. Хитой АҚШнинг 75 миллиард долларлик импорт маҳсулотларига божни оширди. Трамп эса Америка албатта жавоб беришини таъкидлади. Хўш, бу савдо уруши чиндан ҳам Трампнинг қайсарлиги боис содир бўлмоқдами? Унда ғолиб бўлишнинг имкони борми?

Савдо урушининг «янги раунди»да юришни Хитой бошлади. Расмий Пекин АҚШнинг 75 миллиард долларлик маҳсулотларига белгиланган 5 фоизлик божни 10 фоизга кўтарди. Бу гал Хитойнинг «қора рўйхат»ига қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, нефть ва кичик самолётлар тушди. Хитой шунингдек АҚШ автомобилларига киритилган 25 фоизлик божни қайта тиклашини маълум қилди. Автомобил ва эҳтиёт қисмлари учун белгиланган бу бож йил бошида Пекин томонидан АҚШ билан муносабатлар яхшиланишига умид қилиб бекор қилинганди (Хитой томони божнинг бекор қилинишини шундай изоҳлаган). Вазият жиддийлашгани боис АҚШ автомобил саноатига жиддий таъсир қилувчи бу бож яна тикланди.

Бу гал ҳужумни Хитой бошлади деб айтдик, лекин Пекин божларни ошириш ҳақидаги қарорни АҚШнинг бу борадаги режасидан сўнг жорий қилди.

Олдинроқ Трамп АҚШ Хитойнинг 300 миллиард долларлик маҳсулотларига божни 10 фоизга оширишини айтганди. АҚШ президенти ўзининг доимий минбарига айланган твиттердаги расмий саҳифасида «Хитойсиз ҳам яшаш мумкинлиги» ҳақида пост ҳам қолдирди: «Бизга Хитойнинг кераги йўқ. Тўғриси, Хитойсиз анча яхши бўларди. Хитой узоқ йиллар АҚШнинг пулларини ўмариб келди. Бу тугаши керак ва тугайди ҳам. Америкадаги ажойиб компанияларимиз Хитой ўрнига бошқа бозор топиши керак. Шунингдек, улар ишлаб чиқаришни уйга қайтариб, товарларни АҚШнинг ўзида тайёрлашлари керак», — деб ёзди Трамп.

АҚШ Хитойнинг 300 миллиард долларлик маҳсулотларига божни бошида режалаштирилганидек 10 фоиз эмас, 15 фоиз этиб белгилайдиган бўлди. Трампинг фикрича, Хитой сабаб АҚШ ҳар йили миллиардлаб доллар йўқотади ва бу йўқотишлар охир-оқибат солиқ тўловчилар гарданига тушади.

АҚШнинг Хитой маҳсулотларига белгилаган янги божлари 1 сентябрдан кучга кириши айтилганди, аммо икки ҳафта ўтиб Трамп божлар 15 декабрдан амалда бўлишини маълум қилди. АҚШ президентининг фикрича, янги божлар Рождество арафасида савдоларга таъсир қилиши мумкин ва шу боис уларни киритиш сентябрдан эмас, декабрдан бошланади.

«Барча оғирлик Хитойга тушишига ҳаракат қиламиз»
Трампнинг савдо масалалари бўйича маслаҳатчиси Питер Наварронинг айтишича, АҚШ божлар оширилишидан солиқ тўловчилар зарар кўришини истамайди ва бу ўзаро «жанг»да барча оғирлик Хитой гарданига тушишига ҳаракат қилади: «Истеъмолчилар бундан (яъни давлатлар бир-бирининг маҳсулотларига божни оширишидан) зарар кўрмайди. Биз оғирлик фақат Хитойга тушиши учун қўлимиздан келганини қиламиз».

Урушда ғолиблар бўлади
«Урушда ғолиблар бўлмайди» деган гап бор, чунки ҳар икки томон ҳам йўқотишга учрайди. Урушда ким ғолиб бўлиши мумкин? Албатта, унда қатнашмаганлар. Хитой ва АҚШ ўртасидаги урушдан ҳам бошқа мамлакатлар ютишди. Масалан, ҳар икки мамлакатнинг бошқа ҳамкорлари. БМТ икки мамлакатнинг савдо урушидан кимлар фойда кўриши мумкинлигини прогноз қилди.

Унга кўра, АҚШнинг қўшимча божлар киритиши Европа Иттифоқининг йиллик экспорт ҳажми 70 миллиард долларга ошишига «хизмат қилган». Хитой киритган божлар эса ташкилот экспорт ҳажмини 20 миллиард долларга кўпайтирган. АҚШнинг Хитой товарларига киритган божлари Мексика, Канада ва Япония каби давлатларга ҳам фойда келтирган. Чунки божлар кўтарилгач, ўз-ўзидан хитойлик тадбиркорлар АҚШ бозорида сустлашади.

Оқибатда Хитойдан импорт қилинадиган товарлар бошқа мамлакатлардан олиб келинади. Бу ўзгариш Мексика, Япония ва Канаданинг йиллик экспорт ҳажми 20 миллиард доллар атрофида ошишига олиб келган. Икки иқтисодий державанинг савдо урушидан Жанубий Корея, Ҳиндистон, Австралия, Бразилия, Тайван ва Вьетнам каби мамлакатлар ҳам фойда кўриши кутилмоқда.

Даҳшатли товар айирбошлаш ҳажми
АҚШ ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми жуда катта рақамларда акс этади. Масалан, 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 710,4 миллиард долларни ташкил қилган. Шундан 522,9 миллиарди Хитой экспортига, 187,5 миллиарди эса АҚШ экспортига тўғри келади. Яъни, АҚШнинг Хитой билан савдо дефицити 335,4 миллиард долларни ташкил қилади.

АҚШ икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси максимумга етган 2017 йилда Хитойдан қуйидаги маҳсулотларни экспорт қилган: электротехникалар (146 миллиард доллар), машина ва ускуналар (110 миллиард доллар), мебель ва ётоқ маҳсулотлари (32 миллиард доллар), ўйинчоқлар ва спорт жиҳозлари (26 миллиард доллар), пластмасса (16 миллиард доллар), хизматлар (17).

АҚШ эса Хитойга асосан хизматлар экспорт қилганди (58 миллиард доллар). Бундан ташқари, асосий экспорт маҳсулотлари қуйидагилар бўлган: самолёт (16 миллиард доллар), машина ва ускуналар (13 миллиард), буғдой, мевалар ва соя (13 миллиард), автомобил (13 миллиард), электротехникалар (12 миллиард).

Ҳаммаси нимадан бошланганди?
Юқорида 2017 йил АҚШнинг Хитой билан савдо айланмасидаги дефицити 335 миллиард доллардан ошиб кетгани ҳақида айтдик. Бу ҳолат америкалик иқтисодчиларнинг хавотирларига сабаб бўлаётганди. Чунки битта давлат билан экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ бу қадар катталашиб кетиши экспортдан кўра импортни кўпроқ амалга ошираётган мамлакат ўша ҳамкорига боғланиб қолаётганини кўрсатади. Хитой иқтисодининг «эплаб бўлмас» даражада ўсиши АҚШга ёқмаслиги аниқ ва балки шунинг учун океан ортида Хитойга қарши савдо уруши бошлангандир.

Савдо уруши бошланишидан аввал ҳали инаугурацияси ҳам ўтказилмаган Трамп бошқа бир «юриш»ни амалга оширишга улгурганди. У 1979 йилда АҚШда қабул қилинган қонунга зид тарзда Тайван президентига қўнғироқ қилади. Хитой эса ўз провинцияси деб ҳисоблайдиган Тайван раҳбариятининг бошқа мамлакатлар билан музокара ўтказишини тақиқлаган. Трампнинг қўнғироғи Хитой ва АҚШ муносабатларининг янада совуқлашишига олиб келганди.

2018 йилдан бошлаб АҚШ мамлакатга импорт қилинадиган қуёш батареялари ва катта ҳажмдаги кир ювиш машиналарига қўшимча бож белгилайди (30 фоиздан 50 фоизгача). Божлар ошиши борасидаги бу қарорда Хитойдан олиб кирилаётган маҳсулотлар деган гап йўқ эди, аммо АҚШга бу икки маҳсулотни энг катта ҳажмда олиб кираётган Хитой ўзгаришлар ўзига қаратилганини сезиб, АҚШнинг ҳаракатларидан ҳайратда қолганини маълум қилади. Шундан сўнг АҚШ ва Хитой бир-бирининг маҳсулотларига божлар қўйиш пойгасини бошлаб юборди.

Бу уруш кимнинг фойдасига якунланиши мумкинлиги ҳақида ҳар хил тахминлар бор. Кимдир мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми камаяётганини инобатга олиб, АҚШ ўз мақсадига яқинлашганини айтади. Чиндан Хитой ҳар қанча кучли бўлмасин, АҚШнинг босимига туриб бериш осон эмас. Шунингдек, тарих АҚШ ўз олдига қўйган ҳар қандай мақсадни эплашига, у билан ўйнашиш яхшиликка олиб келмаслигига ҳам гувоҳ. Бошқа томондан АҚШ ташқи қарзининг 1,18 триллион доллари Хитойга тўғри келишини инобатга олсак, бу борада устунлик шарқликлар томонида...

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Хитойсиз яшаш янаям яхши» — АҚШ савдо урушида ғолиб бўладими?