
Грузиянинг янги Ички ишлар вазирлиги
2004 йил бошида янги ИИВда полиция, давлат хавфсизлик вазирлиги, фавқулодда вазиятлар департаменти ва давлат чегарасини қўриқлаш департаменти бирлашди. Эндиликда мамлакат ички хавфсизлиги учун фақат бир орган – ИИВ жавоб берадиган бўлди.
Структураларнинг бирлашуви идораларнинг параллел вазифалари йўқолишига, амалдорлар сонининг камайиши ва бюджет маблағларини ақлан сарфлашга ёрдам берди. Эндиликда идоралар маълумотларни бир-биридан яширмайдиган бўлди.
Грузия ИИВнинг умумий штати 75 мингдан 26 минг кишига камайди.
Грузин ислоҳотчилари ИИВ хусусий бизнесга аралашмаслиги керак, деган қарорга келишди, шунинг учун вазирликдаги иқтисодий жиноятларни тафтиш қилиш учун жавоб берадиган департамент тугатилди. Бу ваколат Молия вазирлигининг махсус органи – молия полициясига берилди.
Ҳозир Грузияда терговчи йўқ. Бунгача грузин терговчилар бошқа совет давлатларидаги ҳамкасблари каби асосан қоғозларни токчага тахлаб қўйиш, ҳужжатларни нусхалаш билан машғул бўлиб келган.
Ишламайдиган институт олиб ташлангач, ҳеч қандай қўрқинчли ҳодиса рўй бергани йўқ. Эндиликда терговчининг ишини участка нозири амалга оширадиган, чигал масалалар бўйича детективлар ишлайдиган бўлди.
Порахўрликнинг олдини олиш ва уни фош этиш учун ИИВда махсус Бош инспекция ташкил этилди. Унинг вазифаси вазирлик таркибидаги порахўрларни аниқлаш.
2004 йилдан бошлаб пора туфайли ҳибсга олинган амалдорларни маҳаллий ТВ орқали кўрсата бошлашди. Ярим йилдан сўнг антикоррупция роликларининг “қаҳрамонлари” пора таклиф қилаётганлар бўлди. Йил ўтиб амалдорлар пул таклиф қиладиганлардан оловдан қўрққандек қўрқишни бошлади.
Бош инспекция ходимлари ўз ҳамкасбларини пора билан ушлаб бергани учун виждон азобини чеккани йўқ, аксинча ўз ишларидан фахр ҳиссини туя бошлашди. Чунки улар “тизимни хоин ва порахўрлардан тозалаётган” эди.
Грузияда ИИВнинг марказлашувига йўл қўймаслик учун ҳудудий полиция бошқармаларига, шунингдек маҳаллий полиция участкаларига муҳим ваколатлар берилди. Ҳозирда улар мустақил кадр ва молиявий сиёсатни амалга оширади. Масалан, туман полиция бошқармаси раҳбари бирор ходимни ишга ёллаш ва унга маош тайинлаш ҳуқуқига эга.
Илгари порахўрлик учун кенг майдон бўлган кўплаб кераксиз функциялар бекор қилинди.
Янги ҳукумат 2012 йилда, “техосмотр“ коррупциянинг ўчоғи сифатида фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради, деган тўхтамга келди ва уни бекор қилди.
Антикоррупция йўлида яна бир катта қадам ташланди: ГАИ йўқ қилинди. “Техосмотр“ ва ГАИ тугатилганига қарамасдан, йўл транспорт ҳодисаси 2003 йилдан 2010 йилгача 1,79 дан 1,05 фоизга камайди.
“Санэпидемнадзор” ва ёнғин ўчириш инспекцияси ҳам шу сабабдан тугатилди. Бу билан сувараклар ва ёнғинлар кўпайиб қолгани йўқ, ёнғин оқибатида нобуд бўлувчилар сони ҳатто камайди кам.
Патрул полицияси
2004 йилда бир куннинг ичида Грузияда 15 минг ГАИ ходими ишдан четлатилди – 4,5 миллионлик аҳоли учун бу катта рақам. Мамлакатнинг энг коррупциялашган хизматларидан бири – ГАИ йўқ қилинди.
3 ой давомида Грузия йўлларида вазиятни ҳеч ким назорат қилмади. Бундан ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодиса рўй бергани йўқ. Қайтанга, грузияликлар мамлакат жуда катта енгилликни ҳис қилганлигини таъкидламоқда. Ахир “ГАИ“чилар амалда “ўзини-ўзи таъминлаб келган”: деярли ҳар бир муюлиш ортида туриб маҳаллий ва хорижий ҳайдовчиларни шилган.

ИИВнинг янги ёш ходимлари аҳолига бутунлай янги “маҳсулот” тақдим қилишди – бу патрул полицияси. Уч ойдан кейин улар кўчаларга 3 минг нафар ёш полициячиларни янги форма ва янги Wolkswagen Passat, Opel ва Skoda машиналарида кўз-кўз қилишди. Одамлар ҳайратга тушди.
Патрул хизматини ташкил қилишда америкача тажриба олинди. Икки кишидан иборат экипаж маълум бир маршрут бўйича ҳаракатланади. Йўл ҳаракатларини кузатишдан ташқари патрул маиший низоларни ҳам ҳал қиладиган бўлди: муштлашиш, зўрлаш, телефон йўқолиши ва ҳоказо.
Полицияни агар эри кечқурун уйига тунашга келмаса ёки мушуги дарахтдан тушолмай турса ҳам, чақирадиган бўлишди.
Патрул йўл четида тўхтаб турган машина олдига бориб, унга ёрдам керак-йўқлиги билан қизиқади, агар зарурат бўлса, ғилдирагини алмаштиришда ёки тоби қочган бўлса, дори олиб келишда ёрдам беради.
Патрул қаерда – Тбилиси ёки тоғли қишлоқда – хизмат қилишининг фарқи йўқ, барчасида бир хил техника. Ҳар бир автомобил Грузиядаги барча машиналарнинг маълумотлар базасига уланган планшет билан жиҳозланган. База доим интернет орқали янгиланиб туради.
Полиция академияси
Академияда ўқиш тўрт йилдан уч ойга қисқарди, сабаби умумий маълумот берадиган фанларга талаб полицияга олий маълумотли одамлар қабул қилиниши билан боғлиқ.
Детектив ёки криминалист бўлиш учун Академияга топшираётганда олий юридик маълумот бор бўлиши керак.
Полиция академиясига конкурс бир ўринга 50 кишини ташкил қиладики, бу унинг қандай нуфузли эканлигини кўрсатади.
Кириш имтиҳонида 100 саволга жавоб бериш керак, 60 та тўғри жавоб кейинги суҳбат босқичига ўтишга ёрдам беради. Суҳбатни психолог, профессор, соҳа мансабдорлари олиб боради. Психологик тестлардан ҳам фойдаланилади. Полицияга IQ даражаси ўртачадан юқори бўлганлар олинади.
Ўқишга киргандан кейин курсант ўқиш дастурини қабул қилиб олади. Барча учун мажбурий фан бу инглиз тили, қолганлари танланган мутахассисликдан келиб чиқади (патрул, детектив, участка нозири).

Шундай қилиб, Грузияда полиция касби яхши ҳаёт бошлаш учун яхши старт бўлди. Полицияга 19 дан 35 ёшгача бўлган ёшлар кела бошлади. Одамлар кўз ўнгида полициянинг обрўйи ошди.
Грузияликлар замонавий полицияни – хотиржамлик, хавфсизлик ва кулфатга тушиб қолган пайтингда ҳақиқий дўстнинг ёрдами деб тушунадиган бўлди.
Маргарита Филиппова
Мақола Ildizuzда ўзбек тилига ўгирилди
Грузия ПолициясиИИВ ИслоҳотлариПатрул ХизматлариКоррупцияга КаршиПолиция АкадемиясиЯнги Ходимлар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг