17:40 / 13.10.2019
7 615

Ҳиндистонда Ислом қандай тарқалган эди?

Ҳиндистонда Ислом қандай тарқалган эди?
Айни вақтда ҳинд субқитъасида – Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешда 500 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қилади. Бу эса мазкур минтақанинг дунё бўйича энг кўп мусулмон яшайдиган жой эканини англатади. Ислом дини илк бор Ҳиндистонга кириб келганидан бери унинг замини ва халқига улкан ҳисса қўшди.

Ҳиндистон қандай қилиб бунчалар катта мусулмон заминига айланиб қолгани борасида кўплаб назариялар мавжуд. Айрим сиёсатчилар ва уларни қўллаб-қувватловчилар (масалан, миллатчи ҳиндларнинг ҳиндутва ҳаракати тарафдорлари) Ислом дини Ҳиндистонга бегона эканини, бу диёрда Ислом араб ва форс мусулмонлари бостириб келгани учунгина мавжудлигини таъкидлашдан чарчашмайди. Ҳақиқат эса тамомила ўзгача.

Ҳиндистоннинг илк мусулмонлари
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг 600-йиллардаги ҳаётларидан аввал ҳам араб савдогарларининг Ҳиндистон билан алоқалари бор эди. Савдогарлар зиравор, олтин ва Африка маҳсулотларини сотиш учун Ҳиндистоннинг ғарбий соҳилларига мунтазам равишда бориб туришган. Табиийки, араблар Исломни қабул қилгач, ўзларининг янги динини Ҳиндистон соҳилларига ҳам олиб келишди. Ҳиндистондаги биринчи масжид – “Череман” масжиди 629 йилда, яъни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳали ҳаётлик пайтларидаёқ барпо Кералада этилган. Уни Ҳиндистоннинг илк мусулмон кишиси Чераман Перумал Бхаскала Рави Варма қурдирган. Араблар ва ҳиндлар ўртасида олди-сотди ишлари давом этгани сайин Ҳиндистоннинг соҳил бўйларидаги шаҳар ва қишлоқларида Ислом дини кенг ёйила бошлади.

Муҳаммад ибн Қосим
Ҳиндистонда одамларнинг оммавий равишда Исломни қабул қилиши Дамашқни ўзига пойтахт қилиб олган умавийлар даврида юз берди. 711 йилда тоифлик 17 яшар Муҳаммад ибн Қосимга Синд диёрини фатҳ этиш вазифаси юклатилди. Синд – бу субқитъанинг шимоли-ғарби, ҳозирги Покистондаги Ҳинд дарёсининг атрофидаги ерлар ҳисобланади.

Муҳаммад ибн Қосим бу ерга ўзининг 6 минг аскардан иборат қўшинини олиб келди.

У Ҳиндистонга келганида озроқ қаршиликка дуч келди. Ҳинд дарёси ёқасидаги Нерун шаҳрида эса уни шаҳар бошқарувини қўлга олган буддавий роҳиблар қарши олди. Шундай қилиб, Ҳинд дарёси бўйидаги шаҳарларнинг кўпи ҳеч қандай жангсиз мусулмонларнинг назоратига ўтди. Баъзи ҳолларда эса ҳинд ҳукмдорлардан безор бўлган буддавийлар мусулмонлардан ёрдам сўради.

Аксар аҳоли мусулмонлардан рози эканига қарамай, Синд ҳукмдори Дахир мусулмонларга қарши чиқди. 712 йилда бўлиб ўтган жанг мусулмонларнинг ғалабаси билан тугади ва Синд тамомила уларнинг назоратига ўтди.

Таъкидлаш керакки, Синд аҳолиси Исломни қабул қилишга мажбурланмаган. Инсонларнинг кундалик ҳаётида ҳеч нарса ўзгармаган. Муҳаммад ибн Қосим барча ҳиндлар ва буддавийларга хавфсизлик ва дин эркинлигини ваъда қилди. Масалан, браҳманлар солиқ йиғишни, буддавийлар эса ўз ибодатхоналарида ибодат қилишни давом эттирган. Диний бағрикенглик ва адолат туфайли Муҳаммад ибн Қосим ва унинг армиясини аксар шаҳарларда одамлар рақс ва мусиқа билан кутиб олган.

Буддавийлик ўрнига – Ислом
Мусулмонлар қўшинларининг Ҳиндистонга кейинги юришлари ҳам шу тахлит давом этди. Масалан, Маҳмуд Ғазнавий ва Муҳаммад Туғлуқ сингари етакчилар ҳинд жамиятнинг диний ва ижтимоий тузилмасини ўзгартирмаган ҳолда мусулмонларнинг сиёсий доирасини кенгайтирди.

Исломдан аввал Ҳиндистонда каста, яъни табақа тизими ҳукмрон бўлгани сабабли одамларнинг Исломга ўтиши босқичма-босқич амалга ошди. Баъзан бутун бошли касталар мусулмонликни қабул қилар эди. Чунки Исломдаги тенглик инсонларни очиқ-ойдин камситишга асосланган каста тизимидан жозибалироқ кўрина бошлаган эди. Одамлар Исломни қабул қилган ҳолда жамиятда ривожланиш имкониятини қўлга киритишди ва браҳманлар кастасига итоат этмай қўйишди.

Бир пайтлар минтақада машҳур бўлган буддизмнинг юлдузи Ислом келганидан кейин сўна бошлади. Авваллари каста тизимидан қочишни истаганлар йирик шаҳарларга кўчиб ўтар ва буддавийликни қабул қиларди. Ислом келгач эса ҳам буддизмдан, ҳам каста тизимидан воз кечишга ўтишди. Мусулмонлар буддизмни зўравонлик билан йўқ қилгани ҳақидаги гап-сўзлар ёлғондан бошқа нарса эмас. Буддавийлар мусулмон бошқарувчиларга нисбатан тоқатли бўлган, уларнинг мажбуран Исломга ўтказилгани ҳақида далил-исбот йўқ.

Ислом динининг оммалашишига сайёр устозлар ҳам катта ҳисса қўшди. Мусулмон олимлар одамларга Исломни ўргатиш учун Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилишган.

Мажбурлаш бўлганми?
Айримлар Ҳиндистонда мусулмонларнинг кўплиги зўравонлик ва мажбурлашнинг оқибати эканини таъкидласа-да, далиллар бунинг аксини кўрсатади. Ҳинд ҳукмдорлари ўрнини мусулмон раҳбарлар эгаллаган бўлса-да, жамият ўзгартирилмаган. Исломга ўтишни мажбурлаш ҳоллари камдан-камдир ва илмий мунозара ўтказиш учун арзимайди.

Агар Ислом урушлар ва зўравонлик орқали тарқатилганида эди, ҳозир ҳиндистонлик мусулмонларни Ислом дунёсининг қолган қисмига яқин ҳудудларда кўрардик, мусулмонлар субқитъанинг фақатгина ғарбий қисмларида яшаган бўларди. Ҳолбуки, ҳозир мусулмонлар субқитъанинг ҳар томонига тарқалганини кўриб турибмиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистонда Ислом қандай тарқалган эди?