14:50 / 09.02.2020
3 561

Хитой ва Британия орасида аросатда: Коронавирус оилаларни қандай айирмоқда?

Хитой ва Британия орасида аросатда: Коронавирус оилаларни қандай айирмоқда?
Ҳимоя воситалари танқислиги туфайли одамлар вазиятга мослашмоқда Фото: EPA
Дунё бўйлаб коронавирус эпидемияси хавфи пайдо бўлиши билан кўплаб мамлакатлар расмийлари ўз фуқароларига Хитойни иложи борича тезроқ тарк этишни маслаҳат беришди.

Жейн (исм ўзгартирилган) - Хитой фуқароси, лекин Буюк Британияда яшайди ва ишлайди. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти халқаро фавқулодда ҳолатни эълон қилишидан олдинроқ Хитой янги йили муносабати билан уйига борганди.

Бу вазиятда у оғир руҳий зиддият қаршисида қолди: кекса ота-онасини шундай дақиқаларда ташлаб кета оладими ва умуман олганда кўпгина парвозлар бекор қилинган бу вақтда Хитойдан чиқишнинг иложиси борми ўзи? Қуйида унинг ўзи вазият ҳақида ҳикоя қилади ва ҳис-туйғуларини тасвирлайди.

Вирус ёйилмоқда
Аввалига Хитойдаги уйимда бўлиш жуда ёқимли эди. Ҳамма нарса одатий кўринарди, супермаркетлар ой тақвими бўйича Янги йилни нишонлаш учун харидлар қилишга шошилаётган одамлар билан гавжум эди. Ҳеч ким ниқоб киймасди.

Ота-онам билан тухумли чучвара, нилуфар илдизидан котлет, зираворли гўшт ва одатда Янги йил арафасида истеъмол қилинадиган бошқа мазали таомларимизни тайёрлардик. Аммо вирус тарқала бошлайди, одамлар хавотирга тушади.

Коронавирус симптомлари - юқори ҳарорат, кейин қуруқ йўтал бошланади
Мен ўтган йили Пекинда фарзандли бўлган дўстимнинг аҳволини билиш учун унга қўнғироқ қилдим.

«Ҳароратим бор, — деб жавоб берди у. - Мен жуда хавотирдаман. Касалхона ҳозирча таҳлиллар ўтказа олмаяпти, шунинг учун уйда карантинда ўтирибман. Эрим овқатни ётоқхонанинг эшиги олдида қолдиряпти ва мен ўзимни ёмон ҳис қиляпман».
Мен уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим, лекин, эҳтимол, бу сохта ва ишонарсиз чиқди.

Иложи борича кўпроқ ниқоб
Бизнинг шаҳарда коронавирус юқтириш ҳолати тасдиқлангандан сўнг жуда муҳим эҳтиёж туғилмаганда уйдан чиқмасликка қарор қилдик. Тонгдан кечгача телевизор ёниқ туради — биз янгиликларни тинглаймиз.

Ижтимоий тармоқ коронавирусдан ҳимояланиш чоралари ҳақидаги постлар билан тўлган
Ота-онамга кўнгилларини кўтариш учун Weibo ижтимоий тармоғидаги кўплаб мемларни кўрсатаман. У ерда одамлар қўлга тушган нарсадан ҳимоя ниқобларини тайёрлашгани акс этарди: мевалар, сабзавотлар, ички кийимлар, ҳатто санитария тагликлари.

Кейин интернет орқали буюртма берган маҳсулотларим етиб келгани ҳақида қўнғироқ бўлди.
«Мен яқин келиб қолдим, — дейди у, — лекин шамоллаганман, шунинг учун мен юқорига кўтарилмайман, умид қиламанки, сиз тўғри тушундингиз. Мен жўнатмани сейфга қўйиб, кодни сизга юбораман».

«Энди бизда яна 50та тиббий ниқоб бор» — дейман отамга ғурур билан қадоқни олиб қўлларимни яхшилаб ювиб ташлаганимдан сўнг, чунки мутахассисларнинг таъкидлашича, вирус юқтирган одамлар тегинган буюмлар ҳам инфекция ташувчиси бўлиши мумкин.
Мен икки ҳафта олдин ниқобларга биринчи марта буюртма берганимда отам устимдан кулиб, мени паранойяда айблаганди. Ҳозир унинг фикри ўзгарган.

Одамлар ниқобларни ғамлаб қўйишмоқда, қанча кўп бўлса шунча яхши
Weibo фойдаланувчилари Plague Inc стратегик ўйинидан скриншотларни баҳам кўра бошладилар, унда қатнашувчилардан бутун дунё бўйлаб ҳалокатли вирусни тарқатиш сўралади. Дастурчилар ёки коронавирус хатти-ҳаракатларини нусхалашган, ё компьютер ғалаба қозониши учун атайлаб шундай қилишган.
Мен ҳам ушбу ўйинни телефонимга юкладим, лекин унга қарашни ҳам хоҳламадим.

Рейслар бекор қилиниши
Британияга кетишимдан икки кун олдин эрталаб соат 5: 30 да уйғондим.
Биринчи қиладиган ишим вирус юқтириш ҳолатлари ҳақида янгиликларни текшириш бўлди. Ўша вақтда уларнинг сони 15 мингдан ошганди.
Авиакомпаниялар Хитойга ва ундан бўлган рейсларни бекор қилаётганди. Парвозимни текшираман: у ҳам бекор қилинган.

Хитойда ўйлаганимдан кўра кўпроқ вақт қолиб кетишим мумкинлигини англадим. Ишдаги хўжайинимга хабар юбордим ва Хитойда қолиб кетишим эҳтимоли бўлган келгуси ҳафталар ва ҳатто ойлар учун режалар туза бошладим.

Бир неча авиакомпаниялар бир қатор йирик шаҳарлардан Буюк Британияга парвозлар амалга оширишни давом эттирмоқда, шунинг учун бу ерда қолишимга асос йўқ. Мен бошқа рейсга чипта буюртма қилдим.

Парвозимни ҳар беш дақиқада текшириб турдим, лекин ичимдан унинг бекор қилиниши ва ота-онамнинг ёнида қолишга умид қилаётгандим. Аммо у бекор қилинмаётганди.
Ота-онамдан уйдан чиқмасликларини ўтиниб ва қайта-қайта сўрайман.

Вирус ўчоғи бўлган Ухан карантин ҳолатида Фото: EPA
Онам учун интернет орқали бир неча ўнлаб қадоқ ҳаттотлик қоғози сотиб олдим, ота-онамнинг онлайн видео сайтларига обунасини янгиладим ва ҳатто улар учун югуриш йўлакчаси сотиб олиш ҳақида ўйлай бошладим.

Ҳар йили янги йилни нишонлашдан кейин Британияга қайтишим кўз ёшлар тўкилишига сабаб бўлади. Мен оилада ягона фарзандман ва уйдан 9 минг километр узоқликда яшайман. Аммо бу сафар биз мутлақо бошқача туйғуларни бошдан кечирдик.

«Ҳеч қаерга борманг»
Мен жўнаб кетадиган кун эрталаб отам нонуштага мен учун севимли таом — қовурилган гуруч тайёрлаш учун эрта турди.
«Агар аэропортда қорнинг очса, тез тайёрланадиган лапша еб ол, фақат ресторанга кирма», — менга гуручнинг катта қисмини солиб огоҳлантиради у.

Аэропортга келувчиларнинг барчасида ниқоб бўлиши шарт Фото: REUTERS
Эрталаб соат 7да мен Чэндуга учадиган кичик маҳаллий аэропортга бордик.
Аэропорт деярли бўш. Фақатгина бир неча эшик очиқ — одамларнинг ҳароратини текшириш шу йўсинда осонроқ. Эшикдан ўтиб кетаётганимда ота-онам бинога кира олмаслигини тушундим.
«Ўзингизни эҳтиёт қилинг, ҳар куни қўнғироқ қиламан. Кўчага чиқманг!», — дейман ва уларга ойна орқали ишоралар қиламан. Ва йиғлай бошлайман.

Ҳар янги йилда бувим ва бобом мени ота-онамни Хитойда ташлаб кетганим учун ҳиссизликда айблашади.
Илгари мен уларнинг фикрига ҳеч қўшилмасдим: ота-онам нисбатан ёш ва соғломлигида кўпроқ нарсага эришиб олишим керак деб ҳисоблардим. Аммо энди, вирус ҳақида қанча кўп ўқиганим сари мендаги ишонч шунчалик камайиб борарди.

Ота-онамдан хавотирдаман. Учишдан аввалги сўнгги дақиқада онамга қўнғироқ қилдим. Унинг кўзлари ёшланганди.
Чэндуга учаётган самолётда бўш жой қолмаган. Ҳамма тиббий ниқобда. Стюардессаларнинг қўлидагиси тиббий ҳам эмас, балки одатда кўчада озиқ-овқат сотувчилар киядиган пластик қўлқоплар. Афтидан, ҳамма ҳимоя воситалари билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

Тез тайёрланадиган лапша
Чэнду аэропортининг транзит зонасидаги ишчилар тўлиқ ҳимояланган кийим-бошда дезинфекциялаш воситалари сепишмоқда. Ота-оналар ниқобни нотўғри кийган фарзандларини уришаётганини эшитаман. Аммо уларда нима айб? Ким ҳам соатлаб ниқоб кийишни хоҳлайди?

Юкларимизни топширишдан олдин биз соғлигимиз ҳолати ҳақидаги анкетани тўлдиришимиз керак ва шундан кейингина хавфсизлик ва чегара назорати томон юрамиз.
Учишгача ҳали кўп вақт бор ва мен Лондондаги дўстларимга совға сифатида чой сотиб олиш учун дўконга кирдим. Сотувчи аёл ниқобларни икки қават қилиб кийганини кўрдим.

«Телевизорда бир вақтнинг ўзида иккита ниқоб кийиш унчалик яхши эмаслигини эшитдим, чунки бунда чуқурроқ нафас ола бошлайсиз ва бу инфекция хавфини оширади», — деб айтдим.
«Биламан, — деб жавоб берди сотувчи, — лекин мен N95 респиратори устидан бир марталик ниқоб кийдим. Чунки респираторни тез-тез алмаштиришни хоҳламайман, сабаби ҳозир уни топиш жуда қийин».

Мен бемалол тушлик қила олардим, лекин отамнинг маслаҳатларига амал қилиб тез тайёрланадиган лапша сотиб олишга қарор қилдим. Ресторан бутунлай бўм-бўш.
Самолётга чиқиш бошланди. Самолётгача автобусда бориш керак.
«Ажойиб», — дейман шифтга қараб.

Автобус лиқ тўлган, аммо ҳамма атрофдагиларга тегиб кетмасликка ҳаракат қилмоқда. Ёнимдаги қизнинг қўлидаги калитларга қўл ювиш воситаси тўлдирилган шиша идиш боғланганди.
Ўз жойимга етиб биринчи қилган ишим ўриндиқ ва интерактив экрандан дезинфекциялаш воситасини артиш бўлди.

Карантин
Ерга қўнишимиз билан мен онамнинг телефонига хабар юбордим ва дарҳол жавоб олдим: «Уйга етишинг билан менга хабар бер». Хитойда ҳозир чуқур тун.
Британияда эса умуман бошқача ҳолат. Ҳа, деворларда коронавирус ҳақида огоҳлантирувчи плакатлар мавжуд, аммо аэропорт ходимларининг ҳеч бири ниқоб киймаган.

Мен ниқобимни ечаман ва чегарачиларга паспортимни узатаман.
«Сиздан сўрасам майлими? Нима деб ўйлайсиз, мен ниқоб кийишим керакми?» — у менга мурожаат қилди.

«Ҳа, албатта, — деб жавоб бераман мен. — Сиз ниқоб кийишингиз керак ва эҳтимол маъмурларга бунга эътибор беришлари кераклиги ҳақида хабардор қилишингиз лозим».
Кейинги икки ҳафта давомида мен карантинда бўладиган квартирага қайтдим.

Мен ётишдан олдин, ота-онам чамадонимга солиб қўйган янги йил безакларини олдим. Мен уларни квартира эшигининг ташқи тарафига илмоқчи бўлдим. Аммо бу қўшниларни қўрқитмайдими?
«Эҳтимол, буни келаси йилга қолдирарман», — безакларни ички деворга осаётиб ўзимга шундай дедим.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой ва Британия орасида аросатда: Коронавирус оилаларни қандай айирмоқда?