17:48 / 26.02.2020
2 649

«Фарзандларим меҳнат муҳожири бўлишини хоҳламайман» – Москвада телефон тузатувчи ватандош

«Фарзандларим меҳнат муҳожири бўлишини хоҳламайман» – Москвада телефон тузатувчи ватандош
Россияга хизмат сафарида бўлиб қайтган Kun.uz мухбирлари 2017 йилдан буён Москвада, Samsung компаниясида телефон тузатувчи уста бўлиб ишлаб келаётган қашқадарёлик Шавкат Имамов билан ҳаёти, яшаш тарзи, орзу-истаклари акс этган интервью уюштирди.

«Ҳунарли киши хор бўлмас» деган нақл бежизга айтилмаган. Устанинг айтишича, ҳозирда ойлик даромади 150-160 минг рублни (2300-2450 доллар атрофида) ташкил қилади.

«2017 йилдан бошлаб Москвадаги Samsung компаниясида ишлаб келаман. Келишимдан олдин 8 йил давомида Қарши шаҳрида ҳам сервисда ишладим.
Инсон ҳар доим юқорига интилади. Олдингизга қўйган орзуларингизни, режаларингизни амалга оширишингиз учун кўпроқ даромад қилишга тўғри келади. Бу ерга фарзандларимнинг келажаги учун келганман», – дейди Шавкат Имамов.

«Ишимнинг қадри баланд, буюртма кўп, ойлик яхши»
– Бу ерда ишимнинг қадри баландроқ, иш ҳажми, буюртмалар кўп. Бизга бутун Россия бўйича телефонлар келади. Ойлигимиз баландроқ, уйга юборадиган пулимиз билан кўзлаган режаларимизни амалга оширсак бўлади.

Ўзбекистонда ишласам, кунимиз ўтиши мумкин, лекин уй-жой, машина ололмаймиз.
Бу иш жойимга дўстимнинг тавсияси билан келганман. Ишчилар Samsung томонидан ўқитилади. Биздан йилига 2-3 марта имтиҳон олиб туришади.

«Фарзандларим меҳнат муҳожири бўлишини хоҳламайман»
– Худога шукр, икки фарзандим бор. Ниятим – улар улғайишгач, менга ўхшаб чет элда ишчи бўлишмасин, яхши билим эгаллаб, бу билими билан Ўзбекистонга фойда келтиришини хоҳлайман. Уларнинг келажаги учун оиламдан узоқда ишлаб келяпман.

Аёлим фарзандларимга ҳам ота, ҳам она бўлиб турибди. Албатта, эркаксиз қийин. Лекин интернет орқали ҳар доим алоқада болиб турамиз. Фарзандларим билан биргаликда дарс қиламиз.

Қизим боғчага боради. Ўғлим эса 2-синфда ўқийди, рус синфида. Мактабдан ташқари ақлий арифметика тўгарагига боради. Тушунмаган нарсаларини мендан сўраб туради.

«Дам олиш кунисиз ишлайман»
– Келганимдан бери бирон кун дам олмадим. Дам олиш кунисиз ишлаяпман. Ишхонамиз эрталаб 9:00дан кеч 21:00гача, яъни 12 соат ишлайди.

Қандайдир байрам кунлари ёпилмаса, ҳар доим сервисимиз очиқ туради. Ишхонамда ўзбекларга нисбатан муносабат яхши, ҳурмат қилишади. Мен ҳамкасбларимга ватанимизнинг тарихий обидаларини кўрсатиб тураман. Ўзимизнинг ўзбекона миллий таомларимизга қизиқишади. Уйга борсам, олиб келишимни илтимос қилишади. Мевалардан олиб келганман, мазасини кўришган.

Рус ҳамкасбларимда Ўзбекистон ҳақида тушунчаси кўпроқ бўлишини хоҳлайман. Улар ватанимдаги одамларни эски даврлардагидек яшаб юрибди, деб ўйлашмасин дейман.

«Ойига 20-25 минг рубл харажатга кетади»
– Москвада ҳар ой 7 минг рубл квартирага тўлайман. Бундан ташқари, 5 минг патентга, 5,5 минг рубл йўлга, ҳар 4 ойда 4 минг рубл регистрацияга берамиз. Яна еб-ичишга ҳам анчагина пул кетади. Умуман, ойига 20-25 минг харажатга кетади.

Ишим яхши бўлгани сабабли харажатларга қийналмайман. Лекин ойлиги камларга бу қопламайди. Кейин нима қилади? Патентсиз юради. Ноқонуний ишлашга, қочиб юришга мажбур бўлишади. Регистрация, патент қилдирмайди.

Ёлғон, коррупция ва таниш-билишчилик ҳақида
– Қачонки халқ бирлашсагина, ёлғон ва коррупция аралашмасагина, давлат кучли бўлади. Масалан, мен ишлаган сервисда хизматимга яраша пул тўлашмаган. Улар мени расман ишга олишмаган. Солиқдан қочишган. Бу ерда ёлғон аралашди, тўғрими?

Ҳар бир одамнинг меҳнатини қадрлашсагина, давлат кучли бўлади. Ёлғон, коррупция, таниш-билишчилик аралашадиган бўлса, қийин. Ҳақиқатгўй бўлиш керак. Оддий одам экан, деб ерга урмаслик керак. У ҳам вақти келиб ватани учун қандайдир наф келтирадиган инсон бўлиб етишиши мумкин.

«Иш берувчи ходимларининг ҳақ-ҳуқуқини суиистеъмол қилмаслиги керак»
– Бизда айрим тадбиркорларимиз бор. Ишчи ўрни яратишади-ю, талабни жуда катта қўйишади. Қилган ишингга қараб пул берамиз деб, бир кун ҳам дам бермасдан эрталабдан кечгача ишлатишади. Ҳатто аёлларимизни ҳам. Аёл киши оиласига, рўзғорга қарайди, шунга қарамай уларни эрталабдан кечгача, кечки соат 21-22ларгача ишлатишади.

Бир кун бесўроқ ишдан қолса, 50 минглаб штраф қилади. Синглим катта корхонага тикувчи бўлиб ишга кирганди, бир ойда ишдан бўшашга мажбур бўлди. Бундай ишчи ўрни яратгандан яратмаган яхши.

Иш берувчи одамларни ҳурмат қилиб, ҳақ-ҳуқуқини суиистеъмол қилмасдан иш бериши керак. Айрим тадбиркорлар иш жойи яратиб бердим, деб, худди фуқаронинг устидан кулгандек муносабатда бўлишади.

Раҳматилло Исроилов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Фарзандларим меҳнат муҳожири бўлишини хоҳламайман» – Москвада телефон тузатувчи ватандош