16:13 / 06.03.2020
4 455

Дўконлар шип-шийдам: Одамлар коронавирус ваҳимасида қайси маҳсулотларни ғамлаб қўйишмоқда?

Дўконлар шип-шийдам: Одамлар коронавирус ваҳимасида қайси маҳсулотларни ғамлаб қўйишмоқда?
Коронавирус авж олиши туфайли бутун дунёдаги одамлар инфекциядан қандай ҳимояланиш ҳақида ўйлашмоқда. Энг самарали усул — инсонлар билан алоқани иложи борича камайтириш, яхшиси — уйдан ташқарига чиқмаслик. Натижада кўплаб давлатлар аҳолиси вазият янада ёмонлашган тақдирда зарурат ортувчи маҳсулотларни фаол захиралашга киришмоқда.

Қайси товарларга талаб катта? Ва нима етмай қолиши мумкин?

Тиббий ниқоблар

Таиланд ва Жанубий Кореядаги дўконларда тиббий ниқоблар танқислиги юзага келган / EPA
Ваҳоланки, шифокорлар тиббий ниқобларнинг вирусдан деярли ҳимоялай олмаслигини таъкидлаётган бўлишса-да, уларга бўлган талаб ҳаддан ошиб бормоқда. Бир қатор дорихона, дўконларда ва ҳаттоки Amazon’да ҳам маҳсулотлар етказиб берилишида узилишлар кузатилмоқда.

«Одамлар ниқобга тилла мисоли талпинишмоқда», дейди Бразилия ниқоб ишлаб чиқарувчи компанияси раҳбари Мигел Луис Гричено Рейтер агентлигига. Унинг компанияси шошилинч равишда ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар оширган.

Ушбу жўн маҳсулотга нисбатан бу қадар талаб бир неча давлат расмийлари тиббиёт ходимлари учун захира ярата бошлаганидан сўнг ортиб кетди: беморлар билан ишлаш жараёнида шифокорлар инфекцияни юқтириш хавфига ҳаммадан кўпроқ дуч келишади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, дунё бўйлаб юқумли касалликка қарши курашиш учун шифокор ва ҳамшираларга жуда кўп миқдордаги ниқоблар керак бўлади — 8 миллион дона. Бундан ташқари, 76 миллион жуфт эластик қўлқоп ва 1,6 миллион ҳимояловчи кўзойнак.

«Ушбу жуда зарур иш қуролларининг етишмаслиги шифокор ва ҳамширалар учун хавф туғдириши мумкин», дея огоҳлантирган ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳан Гебрейесус.

Бундай ниқоблар Бразилияда ишлаб чиқарилмоқда / AFP
Касалликка чалиниш ҳолати бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда турган Жанубий Кореяда (6593 бемор ва 42 қурбон) ҳукумат ниқоб ишлаб чиқариш кўламини ошириш чораларини кўрмоқда. Уларни чет элга олиб чиқиб кетиш тақиқланади, ҳар бир харидор ҳафтасига фақат иккита ниқоб сотиб олиши мумкин.

Жанубий Корея президенти Мун Жэ Ин ниқоб тақчиллиги юзага келгани учун халқдан узр сўради ва бундан буён ҳукумат уларнинг стратегик захирасини яратишига ишонч билдирди.

Келгусида барча ишлаб чиқарилган ва талабга эга бўлмаган ниқоблар давлат томонидан сотиб олинади, шу сабабли ҳам тадбиркорлар ниқоб етказиб бериш кўламини орттиришда иккиланишмаса ҳам бўлади.

Дорихоналарда ниқоблар етишмаслиги навбатдаги тартибсизликлар ва оммавий норозиликларни келтириб чиқарган Таиландда ҳукумат кўп миқдордаги ниқоблар ҳақиқатан ҳам жуда юқори нархларда «қора бозор»га сотиш мақсадида экспорт қилинганини аниқлаш учун комиссия тузилди.

Франция президенти ниқоблар билан биринчи навбатда шифокорлар ва коронавирус билан оғриган беморлар таъминланиши мақсадида ниқоб ишлаб чиқариш ва тарқатиш устидан давлат назоратини ўрнатиш эҳтимоли ҳақида гапирди.
Россия ҳукумати 1 июнга қадар мамлакатдан ниқоб ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини олиб чиқиш тақиқланганини эълон қилди.

Қўл учун гель

Япониялик ўқувчи қўлини гель билан дизенфекция қилмоқда / REUTERS
Сўнгги кунларда Францияда қўлларни дезинфекциялаш геллари нархи, ниқоблар билан бўлгани каби икки-уч бараварга ошиб кетди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат идораси суриштирув бошлади, Молия вазири Бруно ле Мер эса твиттердаги саҳифасида шундай деган: «Агар суиистеъмол қилиш ҳажми ортса, мен ўз қарорим билан нархларни тартибга солишга тайёрман».

Покистон расмийлари ҳам мамалакатдаги савдогарларга шу каби огоҳлантириш берди.

Эрон соғлиқни сақлаш вазири Саид Намакийнинг сўзларига кўра, исми ошкор этилмаган «баъзи тадбиркорлар» сунъий етишмовчиликни келтириб чиқариш ниятида гель ва ниқобларни яширишмоқда.
«Ведомости» газетасининг ёзишича, Россияда февраль ойида оддий ва интернет-дўконларда қўл учун геллар, совун ва нам салфеткаларга талаб икки баравар кўпайган.

Ҳожатхона қоғози

Мельбурндаги харидорлар ҳожатхона қоғозини ғамлашмоқда / AFP
Уй карантини, масофадан ишлаш ва режадан ташқари мактаб таътил одатий ҳолга айланиб борган сари, одамлар узоқ вақт сақланадиган зарур нарсаларни ғамлашни бошлашади. Хусусан, ҳожатхона қоғози. Сингапур, Ҳонгконг ва Японияда ушбу маҳсулотлар дефицити кузатилмоқда.

Австралия супермаркетларидаги ҳожатхона қоғози пештахталари бир неча дақиқада бўшаб қолмоқда. Дўкон тармоқларидан бири қўлда тўртта рулон билан чиқишни чеклади.
Болалар учун таглик ва йўргаклар, шунингдек узоқ муддат сақланадиган сут учун талаб сезиларли даражада ошди.

Озиқ-овқат етказиб бериш хизматидаги навбатлар

Дўконларда маҳсулотлар етарлича, аммо уни интернет орқали буюртма қилувчилар кутиб туришига тўғри келади / GETTY IMAGES
Ўтган йили британияликларнинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларини интернетда етказиб бериш хизмати орқали сотиб олган.

Энди ушбу хизматларга талаб кескин кўтарилди, чунки кўпчилик одам гавжум бўлган дўконга яна боришни истамаяпти. Натижада, етказиб бериш хизмати учун бир неча кун олдин буюртма қилиш керак бўлмоқда.

Озиқ-овқат дўкони бошқарувчилари ваҳима қўзғаш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини айтишмоқда: омборларда маҳсулотлар етарлича, аммо уларни уйда ўтириб сотиб олишни истаганлар ҳақиқатан ҳам кутишлари керак.

Генерик дорилар

Женерикларнинг 20 фоизини жаҳон бозорига Ҳиндистон етказиб беради / GETTY IMAGES
Баъзи шифокорлар доимий равишда маълум дориларни қабул қилиб юрувчи беморларга рецептларни аввалдан ёздириш ва дори-дармонлар ғамлаб қўйиш маслаҳатини беришни бошлашди, чунки глобал фармацевтика бозорида етказиб бериш занжири узилиши мумкин.

Дунёда барча генерикларнинг (турли хил дорилар таркибига кирувчи фаол моддалар) бешдан бир қисмини ишлаб чиқарадиган Ҳиндистон яқинда 20 турдаги препарат, хусусан, энг машҳур иситма туширувчи ва оғриқ қолдирувчилардан бири бўлган парацетамол экспортини чеклади.

Ҳиндистон фармацевтика саноати керакли кимёвий таркибий қисмларнинг учдан икки қисмини Хитойдан олади. Хитойда эса фармацевтика заводлари коронавирус эпидемияси туфайли ишламаяпти. Ҳиндистон ҳукуматининг маълум қилишича, мавжуд захира аввалги ҳажмдаги етказиб бериш уч ойга етадиган захира мавжуд.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, Кения ва Нигерияда дорилар етишмаслиги билан боғлиқ хавотирлар пайдо бўлган.

Кениядаги Daily Nation нашри хабар беришича, дорихоналардаги баъзи дори-дармон нархлари Ҳиндистон экспорти чекланиши ҳақидаги хабарлардан сўнг дарҳол уч баравар ортган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дўконлар шип-шийдам: Одамлар коронавирус ваҳимасида қайси маҳсулотларни ғамлаб қўйишмоқда?