
Полшанинг Болтиқ денгизи соҳилида турли даврларга оид топилмалар кўп учрайди, аммо бу сафар маҳаллий ўлкашунослар ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамиятга эга буюмга дуч келишди, деб хабар берди Muzeum Historii Ziemi Kamieńskiej.
Камен шаҳри яқинидаги соҳилдаги кучли бўронлар оқибатида ер қияликлари емирилиб, ер остида қарийб уч минг йил сақланган қадимий буюм юзага чиққан. Бу — тахминан милоддан аввалги 800–450-йилларга оид, ярим ой шакли ва геометрик нақшлар билан безатилган металл ханжар бўлиб чиқди.

Топилмани тарих ҳаваскорлари Яцек Уковский ва Катажина Герджик бўрондан кейин соҳил бўйлаб сайр қилиб юрган пайтда топишган. Улар лой қатламидан ярқ этиб кўринган металл буюмни олиб, дарҳол музей директори Гжегож Куркага маълум қилишган.

Ханжарнинг узунлиги 24 сантиметр бўлиб, у нафақат безаклари, балки ишлов сифати билан ҳам ажралиб туради. Дастаси ўткир, ясалиши эса ўша давр металл санъатида юқори даражадаги маҳоратни намоён этади. Курканинг сўзларига кўра, бу буюм Полша ҳудудида топилган энг нодир темир аср артефактларидан бири бўлиши мумкин.

Ancient Origins нашри маълумот беришича, ханжарнинг нафақат геометрик нақшлари, балки умумий шакли ҳам унинг жанг учун эмас, балки маросим ёки диний мақсадларда ишлатилганини кўрсатади. Бой безаклари ва жанг изларининг йўқлиги шу фикрни янада мустаҳкамлайди.

Шу билан бирга, унинг мувозанатли тузилиши ва мустаҳкамлиги айрим тадқиқотчиларга бошқа фикр уйғотган — уларга кўра, ханжар юқори мартабага эга жангчига тегишли бўлган қурол бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Музей директори Гжегож Курка ханжарнинг келиб чиқиши бўйича шундай фикр билдирди: “Бу буюм эҳтимол, ўша даврдаги металл ишлов бериш марказларидан бири — ҳозирги Италия, Австрия ёки Болқон минтақасида ясалган. Кейинчалик у қадимий савдо йўллари орқали шимолга, Полшага етказилган бўлиши мумкин”.

Ҳозирда ханжар махсус шароитда сақланмоқда ва яқин ҳафталарда ўтказиладиган лаборатория таҳлиллари унинг аниқ таркиби, ёши ва функциясини белгилаб беради.
Тарихчилар бу топилмани Европанинг темир асри маданияти учун катта аҳамиятга эга далил сифатида баҳоламоқда. Болтиқ соҳиллари яна бир бор инсон цивилизациясининг қадимий изларини ёрқин намоён этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!