date
views 6 101

СССРда бари зўр эди: гугурт – бир тийин, одам – бир тийин

СССРда бари зўр эди: гугурт – бир тийин, одам – бир тийин
Россия конституциясига ўзгартириш киритилиши Ўзбекистон ахборот майдонида бирор муҳокама келтириб чиқарганини кўрмадим. Бу, менимча, ғалати.
Бизда ташқи сиёсат бўйича экспертлар йўқлиги тайин, лекин Россия,
- биринчидан, дунёнинг энг йирик давлатларидан ва энг муҳим сиёсий акторларидан бири;
- иккинчидан, Россия билан бизни боғлаб турувчи кўп ришталар бор: собиқ СССР, постколониал алоқалар, мигрантлар, яқин сиёсий ва иқтисодий алоқалар, қолаверса, Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи бўлиб қўшилди. Бу қадар яқин ҳамкорнинг ички ҳаётида рўй бераётган жиддий ўзгариш бизга ҳам таъсир қилади.

Энг қизиғи, Ўзбекистонда руспарастлик – кенг тарқалган ҳодиса. Нафақат аҳоли, зиёлилар, давлат ходимлари орасида ҳам. Россиядаги ижобий ўзгаришларни-ю СССРда гугурт бир тийин бўлганини зўр бериб мақтайдиганлар нега Кремль диктатурани ва миллатчиликни қонунийлаштираётганини “кўрмай қолди”? Қани уларнинг овозлари?

Мен сиёсий шарҳловчи эмасман, сиёсатни зўр тушунмайман ҳам. Лекин янги конституция лойиҳасида юзада турган муаммолар борки, буни кўриш учун мантиқий анализнинг ўзи етарли.

Минг йиллик тарих билан бирлаштирилган Россия Федерацияси, бизга идеалларини ва Худога ишончни, шунингдек, Россия давлатчилиги ривожининг меросийлигини етказган аждодлар хотирасини сақлаган ҳолда, тарихан шаклланган давлатчилик яхлитлигини тан олади.

Бу преамбулани сиёсий тилдан одам тилига таржима қилсак, бу ерда,
- биринчидан, “Қрим бизники”, яъни давлатнинг жорий бирлигини шубҳа остига олиш мумкин эмас, дейиляпти;
- иккинчидан, минг йиллик тарих, яъни Киев Руси Россия давлатининг бошланмаси деб эълон қилинмоқда;
- учинчидан, ҳокимият ва давлатчилик муқаддаслаштирилмоқда (бунинг учун Худога ишонч иттифоққа чақирилмоқда), муқаддаслик эса танқидга қарши энг яхши иммунитетдир. Энди конституцияда акс этган бу расмий қарашга бироз зид келадиган нуқтаи назарни бемалол қатағон қилиш мумкин бўлади.

Россия Федерациясининг бутун ҳудудида давлат тили давлат ҳосил қилувчи халқ тили ўлароқ рус тилидир.

Руслар давлат ҳосил қилувчи халқ деб эълон қилиниши бошқа халқларнинг аҳамиятини кескин тушириб юборади. Улар автоматик ҳолда этник озчиликка, “меҳмон”га айланади. Яъни рус миллатчилиги конституцияда мустаҳкамлаб қўйилади. Бу нафақат фуқаролар, балки муҳожирлар ҳаётида ҳам акс этиши мумкин.

Хуллас, Путиннинг Россия империяси, СССР, Ғалаба, рус миллатчилиги, православие, Николай II ва Сталин культлари қоришмасидан иборат гибрид идеологияси янги конституция лойиҳасида ўз аксини топмоқда. Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши йирик геосиёсий факторнинг ички ҳаётида ва ташқи сиёсатида туб ўзгаришлар ясаши мумкин.

СССРнинг яхши жиҳатлари, ютуқлари ҳам кўп, лекин бунга қандай инсоний ва интеллектуал қурбонлар эвазига эришилганини унутмаслик керак. СССР ностальгиясига тушиб қолган Россия ва постсовет республикалари шубҳали ҳаракатлар қиляпти: совет ўтмишига ишқибозлик диктатурага ишқибозликка айланмоқда. Гугурт бир тийин бўлган замонларга қайтилмасин ишқилиб. Гугурт бир тийин бўлган жойда одамнинг ҳам қадри унчалик юқори бўлмайди.

Элдар Асанов,
журналист
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » СССРда бари зўр эди: гугурт – бир тийин, одам – бир тийин