18:28 / 03.04.2020
4 400

Коронавирус тўғрисида хитойча ёлғон

Коронавирус тўғрисида хитойча ёлғон
Carlos Garcia Rawlins/Reuters
Бугунги кун менюси: биз кундан-кун Хитой қандай қилиб коронавирус хавфини яшириб келгани ва бу бутун дунёга қандай талафот етказганини кузатмоқдамиз.

Вирусли бомба хронологияси
Коронавирус пандемияси тарихини ҳанузгача ёзиб ётишибди. Лекин ҳали бошланғич босқичида қабул қилиниши керак бўлган қарорлар биз бугун ҳис қилиб турганимиз пандемиянинг ловуллаш хатарини бироз бўлса-да сўндириши мумкин эди.

Эҳтимол, сиз бошида Хитой ҳукумати вирус инсондан инсонга ўтишини рад этганини эшитгандирсиз. Аввалбошда Ухандаги шифокорлар вирус одамдан одамга ўтишини аниқлаган бўлсалар-да, Хитой ҳукумати бундай бўлиши мумкин эмас, деб ўз фикрида қаттиқ туриб олганини балки эшитмагандирсиз.

Маълумки, кўплаб давлатлар, хусусан АҚШ ва Европа давлатлари бундай хавф-хатарга тайёр эмас эди. Дунёдаги баъзи давлатларгина пандемияга тайёр бўлиб чиқдилар.

Биз ўзимизга фақат шу саволни беришимиз мумкин: Хитойнинг тўғри ва кечиктирмасдан берадиган хабари АҚШ ҳукумати, Америка халқи ва дунёдаги бошқа давлатларнинг яқинлашиб келаётган заҳарланиш таҳдидига нисбатан тайёргарлик йўл-йўриқларини ўзгартириши мумкинмиди?

2019 йилнинг охирлари:
Коронавирус инсонга ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларидан ўтади. Ҳозирги паллада биз бу Хитойдаги “ивиган бозор”лардан бирида рўй берганлигини тахмин қилишимиз мумкин.

6 декабр: The Lancet нашри тадқиқотига кўра, биринчи беморда касаллик аломати 2019 йил 1 декабрда намоён бўлган. Беш кун ўтиб, унинг аёлида пневмония аломатлари кузатилган ва у дарҳол яккалаб қўйилган. Аёл бозорга бормаган бўлиб чиққан. Бошқача айтганда, 2019 йил декабрининг иккинчи ҳафтасидаёқ Ухандаги шифокорлар вирус одамдан одамга ўтишини тасдиқлайдиган бир талай ҳолатларни аниқлашди.

21 декабр: Ухан шифокорлари “номаълум сабабли пневмония ҳолатлари кластери”ни ўтказишни бошлаб юборишди.

25 декабр: Ухандаги тиббиёт ходими пневмония билан касалланганликда гумон қилинмоқда ва карантинда сақланмоқда. Бу вируснинг одамдан одамга юқишини исботлайдиган асосли далилдир.

Декабрнинг охирларида:
New England Journal of Medicineʼга кўра, Ухандаги касалхоналар “Ухан денгиз маҳсулотлари бозорларига алоқаси бўлмаган касалликлар сонининг ошиши”ни қайд этишмоқда.

30 декабр: Доктор Ли Вэньлян бошқа шифокорлар гуруҳига хабар юбориб, уларни Кучли ўткир респиратор синдромини эслатувчи касалликлар авж олиши мумкинлигидан огоҳлантирди ва уларни инфекцияга қарши ҳимоя чораларини кўришга чақирди.

31 декабр: Ухан соғлиқни сақлаш комиссияси маълум қилади: “Бугунги кунда тадқиқотлар инфекциянинг инсонлар ўртасида тарқалишини кўрсатувчи очиқдан-очиқ ҳолатларини ва тиббиёт ходимининг заҳарланиш ҳолатини аниқламади”. Бу икки тиббиёт ходимининг вирусга чалинганини ва Уханьдаги шифокорларнинг бу борадаги қатъий ишончлари нотўғри эканлигини исботлайди.

Уч ҳафтадан сўнг, хитойлик шифокорлар заҳарланиш ҳолатларини қайд қилишни бошлагач, Хитой Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан боғланади.

Тао Лина (соғлиқни сақлаш соҳасида мутахассис) South China Morning Postʼга хабар берди: “Бизнинг медицина тизимимиз, фавқулодда ҳолатларга шайлигимиз ва касалликларни назорат қилиш тизимимизни ҳисобга олган ҳолда, айтишим мумкинки, биз ҳозир касалликни унинг бошланғич босқичида бартараф этишга тўла-тўкис қодирмиз”.

1 январ: Ухан жамоат хавфсизлиги бюроси доктор Ли Вэньлянʼни чақириб, уни “миш-миш гапларни тарқатиш”да айблади. Икки кун ўтгач, полиция бўлимида, доктор Ли тушунтириш хати ёзиб, унда ўз “айби”га иқрор бўлди ва келгусида “қонунга қарши ҳаракатлар”ни содир этмасликка сўз берди. Худди шунга ўхшаш айб билан тағин етти киши ҳибсга олинди, лекин уларнинг кейинги тақдири бизга маълум эмас.

Шу куни, генга оид инженерия билан боғлиқ компаниянинг бир ходимига Хубэй вилояти Соғлиқни сақлаш хизмати ходимидан қўнғироқ келади ва унда компанияга Ухандан чиққан янги вирус намуналарини тест қилишни бас қилиш ва барча мавжуд намуналарни йўқ қилиш буюрилади”.

Хитой телефон компаниялари маълумотларига асосланиб хабар бераётган New York Timesʼга кўра, шу куни Уханни 175 000 киши тарк этган. ОАG фирмаси маълумотларига кўра, 21 мамлакат Ухан билан тўғридан-тўғри авиақатновга эга бўлган. Таққослаш учун: 2019 йилнинг биринчи кварталида 13 267 йўловчи Ухандан АҚШга келган, ёки ойига ўртача ҳисобда 4 442 киши. АҚШ ҳукумати яна бир ой Хитойдан келган хорижликларнинг киришини тақиқламади.

2 январ: Ухандаги беморлар устида олиб борилган илмий текширув 41 беморнинг фақат 27 нафарини денгиз маҳсулотлари бозори билан боғладики, бу вируснинг одамдан одамга ўтишини кўрсатмоқда.

Ой охирида ёзилган тадқиқот хулоса қилади: “Ҳозир мавжуд далил-исботлар 2019-nCoV ни одамдан одамга ўтишини тасдиқлайди”.
Шунингдек, шу куни Ухань вирусология институти вирус геноми карталарини тузишни тамом қилди. Хитой ҳукумати бу ўпирилма ҳақида яна бир ҳафта лом-мим демади.

3 январ: Хитой ҳукумати вирус тўғрисидаги ҳар қандай хабарнинг тарқалишини олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиряпти: “Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси (соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг катта орган) барча ташкилотларга янги вирус билан боғлиқ ҳар қандай маълумотни тарқатишни ман қилди ва барча лабораторияларга ўзларида мавжуд бўлган барча намуналарни тегишли идораларга тақдим қилишни ёки бўлмасам, уларни йўқ қилишни буюрди”.

Ухандаги илк заҳарланиш ҳолатидан чамаси бир ой ўтиб, АҚШ ҳукуматига бу ҳақда хабар қилинди. Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Марказ директори Роберт Редфилд хитойлик ҳамкасбларидан янги коронавирус тўғрисида дастлабки ҳисоботларни олади. Бу ҳақда АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги котиби Алекс Азар хабар беради.

Шунингдек, ўша куни Ухан Соғлиқни сақлаш маҳаллий комиссиясидан яна бир баёнот чиқдики, унда яна ўша гаплар такрорланиб келди: “Ҳозирги вақтда дастлабки илмий текширишлар вируснинг одамдан одамга ўтишини тасдиқловчи ҳеч қандай белгини аниқламади ва бугунги кунгача биронта тиббиёт ходими вирусга чалинмаган”.

4-январ: Бу пайтда хитой ҳукумати вирус инсондан инсонга ўтмаслигини қаттиқ туриб маъқуллаяпти, лекин чет элдаги шифокорлар бундай фикрда эмас. Гонконг инфекция маркази университети раҳбари Хо Пак Люн огоҳлантирадики, “шаҳар янги вирусли пневмонияни мониторинг қилиш тизимини амалга татбиқ қилиши керак, негаки бу вирус билан Хитойда ўнлаб одамлар касалланган ва унинг инсондан инсонга ўтиш эҳтимоли жуда каттадир”.

5-январ: Ухан Соғлиқни сақлаш маҳаллий комиссияси баёнот чиқарди, унда зарарланганлар сони янгиланган-у, лекин бу сафар ҳам ўша гап қайталанган: “Ҳозирги вақтда дастлабки илмий текширишлар вируснинг одамдан одамга ўтишини тасдиқловчи ҳеч қандай белгини аниқламади ва бугунги кунгача биронта тиббиёт ходими вирусга чалинмаган”.

6 январ: New York Times вирус тўғрисидаги илк мақоласини чоп қилди, унда айтилишича, “Ухан шаҳрида 59 киши пневмонияга ўхшаш касаллик билан оғриган”. Мақолада мана бундай изоҳ ҳам бор эди:

Ван Линфа – Сингапурдаги Дюка Тиббиёт мактабининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси – у билан хитойлик олимлар авж олаётган эпидемияни муҳокама қилишдан бош тортганидан хафа бўлганини айтади. Доктор Ван лекин айтдики, барибир вирус одамдан одамга ўтмайди. “Биз ваҳимага тушиб қолмаслигимиз керак”, – дейди у.

Ван Линфадан хафа бўлмаслик керак. У ноаниқ маълумотга асосланиб баёнот берди, унга бу маълумотни Хитой ҳукумати берган.

Ўша куни АҚШнинг Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Маркази Хитойга бўладиган сафарларни таҳдиднинг биринчи даражаси деб баҳолади. Марказ баёнотида айтилишича, “вируснинг тарқалиш усули номаълум ва Уханга сафар қилувчиларга тирик ва ўлик ҳайвонлардан ҳамда одамлар билан мулоқотдан сақланишни маслаҳат берди”.

Шунингдек, шу куни Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Марказ вирусни текширишда ёрдам бериш учун бир гуруҳ мутахассисларни Хитойга юбориш таклифи билан чиқди. Хитой ҳукумати эса рад жавобини берди, лекин таркибида икки нафар америкалик бўлган Марказ гуруҳи 16 февралда Хитойга келишди.

8 январ: Хитой ҳукумати вирусни идентификациялашга эришганини даъво қиляпти. Хитой даъво қилишда давом этяпти ва унинг ортидан дунё ОАВлари ҳам тасдиқлашдан чарчамаяпти: “Янги вирус одамлар орқали осон тарқалишига ҳеч қандай далил йўқ, агар шундай бўлганида бу уни жуда хавфли қилиб қўйган бўларди, шунингдек у ҳеч қандай ўлимга олиб келувчи ҳолатлар билан ҳам боғлиқ эмас”.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий баёнотида айтилишича: “Янги вируснинг дастлабки идентификацияси қисқа фурсат ичида сезиларли муваффақият ҳисобланади ва бу Хитой янги авж олишларни уддалаши мумкинлигини кўрсатади... ЖССТ саёҳатчилар учун аниқ чора-тадбирларни тавсия қилади. ЖССТ Хитойдан чиқиб кетишга нисбатан чеклов киритмасликни ёки Хитойнинг ўзига нисбатан қандайдир тижорий чеклов қўлламасликни тавсия қилади”.

10 январ: Ухан вирусини юқтирган беморнинг муолажасидан кейин доктор Ли Вэньляннинг иситмаси кўтарилади ва у томоқ қириб йўтала бошлайди. У 12 январда госпиталга ётқизилади. Кейинги кунларда доктор Лининг аҳволи ёмонлаша боради ва у алоҳида палатага олиниб, сунъий кислород ола бошлайди.

New York Times Ухан Соғлиқни сақлаш маҳаллий комиссиясининг навбатдаги баёнотидан иқтибос келтиради: “вируснинг одамдан одамга ўтишини тасдиқловчи ҳеч қандай исбот йўқ”. Бу вақтда эса хитойлик шифокорлар вирусни оила аъзоларига юқтиришни давом эттираётган эди. Бу эса Хитой ҳукуматининг юқоридаги расмий баёнотларини инкор қиларди.

11 январ: Ухан Соғлиқни сақлаш маҳаллий комиссияси маълумотларни янгиламоқда: “Барча 739 нафар мулоқотга киришганлар, уларнинг ичида 419 нафар тиббиёт ходимлари ҳам бор, тиббий текширувдан ўтишди ва уларда касалликнинг ҳеч қандай белгилари аниқланмади... 2020 йил 3 январдан бу ёғига ҳеч қандай янги зарарланиш ҳолати аниқланмаган. Бугунги кунда биронта тиббиёт ходими мазкур вирусга чалинмаган ва бу, вирус одамдан одамга ўтмаслигини тасдиқлайди”.

Кейин шу куни, улар савол-жавоблар варақасини чоп қилишади ва унда вирус билан боғлиқ саволларга қуйидаги жавоблар берилган эди: “Уханда қайд этилган пневмония билан зарарланган ҳолатларнинг аксарияти Жанубий хитой денгиз маҳсулотлари бозори билан тўғридан-тўғри боғлиқдир”. “Вируснинг инсондан инсонга ўтишини тасдиқловчи ҳеч қандай далил-исбот мавжуд эмас”.

Шу куни Хубэй вилояти сиёсий раҳбарлари, ичида Ухан ҳам бор, минтақавий учрашувга йиғилади. Тўрт кунлик учрашувда коронавирус бирон марта ҳам тилга олинмайди.

13 январ: Таиланд ҳукумати мамлакатга Ухандан келган 61 ёшли хитойлик аёлда коронавирус борлигини топадики, бу Хитойдан ташқарида вирусга чалиниш бўйича илк ҳолат бўлди. “Таиланд Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, аёл Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорига бормаган ва 5 январда унда иситмали қалтироқ (лихорадка) пайдо бўлган. Шифокорларнинг қатъий фикр билдиришича, аёл Ухандаги бошқа кичик бозорларга борган, у ерда ҳам ўлик ва тирик ҳайвонлар сотилган”.

14 январ: Маҳаллий соғлиқни сақлаш органлари ўз баёнотини эълон қилдилар ва унда айтилишича, “вирусга чалинганлар билан яқин мулоқот ўрнатганлар орасида касаллик белгилари аниқланмаган”. Ухан шифокорлари, бозорга бормаган биринчи бемор ва унинг хотинига қараб, декабрь бошидан бери янграб келаётган бу баёнотлар ёлғонлигини билишарди.

ЖССТ Хитойнинг даъвосини такрорлаяпти: “Хитой ҳукумати томонидан амалга оширилган дастлабки илмий текширувлар вируснинг одамдан одамга ўтишини тасдиқловчи ҳеч қандай белгини аниқламади”.

15 январ: Япония коронавирус билан боғлиқ биринчи ҳолат ҳақида хабар берди. Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумича, бемор Хитойдаги биронта ҳам денгиз маҳсулотлари бозорига борган эмас ва қўшимча қилдики, “бемор Хитойдаги номаълум бир бемор билан мулоқотда бўлган бўлиши мумкин”.

Ухан маҳаллий соғлиқни сақлаш комиссияси ўз баёнотини ўзгартиришни бошлади: “мавжуд далиллар вируснинг одамдан одамга ўтиши ҳақида гувоҳлик бермайди, лекин бундай (одамдан одамга - таржимон) ўтишнинг айрим ҳолатларини мустасно қилмаслик керак, лекин бундай ўтишнинг хавф-хатари жуда ҳам оз”.

17 январ: АҚШнинг Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази ва Ички хавфсизлик департаменти эълон қилишича, Ухандан келган йўловчилар АҚШнинг учта аэропортида коронавирус аломатларини аниқлаш текширувидан ўтади. Булар Ухандан учиб келадиган аксарият рейсларни қабул қилади: Сан-Франциско, Нью-Йорк ва Лос-Анжелес аэропортлари.

Ухан Маҳаллий соғлиқни сақлаш комиссиясининг одатдаги хабари: “Ҳаммаси бўлиб 763 нафар яқин алоқада бўлганлар текширилди, шундан 665 нафарида назорат бекор қилинди, 98 ҳолат тиббий текширув ўтамоқда. Яқин мулоқотда бўлганлар ичида биронта зарарланиш ҳолати аниқланмади”.

18 январ: АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги котиби Азар биринчи бўлиб президент Трамп билан коронавирусни муҳокама қилди.
Уханлик шифокорлар шикоятига қарамасдан, ҳукумат 40 000 оилага янги йил банкетига йиғилишга рухсат берди.

19 январ: Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълум қилишича, вирусни ҳали “тўхтатиш ва назоратга олиш” мумкин. ЖССТ ўз баёнотини янгилаб, шундай тасдиқни уряпти: “Бизда номаълумлигича қолаётган вируснинг қандай тарқалиши, унинг клиник хусусиятлари, манбаси ва тарқалиш даражаси тўғрисида хулоса қилиш учун аниқ маълумотлар йўқ”.

20 январ: Ухан Маҳаллий соғлиқни сақлаш комиссияси охирги марта ўзининг кундалик мониторингида баёнот беришича, “яқин алоқага киришганлар орасида вирус юқиши ҳолати аниқланмади”.

Шу куни эпидемия авж олиши устида илмий текширув олиб борган Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси раҳбари тасдиқлаб айтишича, Гуандон вилоятидаги иккита вирусга чалиниш ҳолати одамдан одамга ўтиш билан чақирилган ва тиббиёт ходими ҳам вирус юқтирган.
Шунингдек, бу куни шаҳарнинг энг машҳур газетаси Wuhan Evening News 5 январдан бери биринчи марта биринчи саҳифасида вирусни тилга олади.

21 январ: АҚШ Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази Вашингтон штати Снохомиш округида яшовчи Хитойдан олти кун аввал қайтиб келган фуқаронинг коронавирус юқтирганлиги (биринчи ҳолат) тўғрисида хабар беради.
Бу пайтга келиб миллионлаб одамлар Уханни тарк этиб, бутун Хитой ва бошқа мамлакатлар бўйлаб вирусни тарқатиб юборишди.

22 январ: ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейсус Хитойни эпидемия билан курашдаги саъй-ҳаракатларини олқишлашда давом этяпти: “Менда Хитойнинг бу борадаги ҳаракатлари катта таассурот қолдирди. Мен Хитой Соғлиқни сақлаш вазирлигининг биргаликдаги ҳамкорлигини юқори баҳолайман. Унинг раҳбарияти, шунингдек раис Си ва бош вазир Лининг касаллик авж олишини тўхтатишдаги тадбирлари бебаҳодир”.

Ўтган кунларда ЖССТ делегацияси Уханга ўз ташрифини амалга оширди. Улар шундай тўхтамга келишдики, “тест учун янги сидраларнинг кенг қўлланилиши шундан гувоҳлик берадики, Уханда вирус инсондан инсонга ўтади”. Делегация хабарига кўра, “уларнинг ҳамкасблари қўл ва нафас олиш гигиенасига, озиқ-овқат маҳсулотларига жиддий эътибор қаратиш ва иложи борича оммавий йиғинлардан четланиш фикрига қўшилишди”.

ЖССТ Фавқулодда комитети йиғилишида гуруҳ аъзолари “халқаро аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасида бу вазият фавқулодда ҳолат ҳисобланишига оид турли нуқтаи-назарларни илгари суришди. Бу вақтда биз шундай хулосага келдикки, бу ҳодиса PHEIC процедурасидан фойдаланишга сабаб бўлолмайди (ЖССТ фавқулодда ҳолат тўғрисида)”.

Президент Трамп Давосдаги Халқаро иқтисодий форумда CNBCʼга берган суҳбатида: “Бизда ҳаммаси назорат остида. Бу Хитойдан бўлган бир киши холос. Бизда бу назоратда. Ҳаммаси яхши бўлади”, деди.

23 январ: Хитой ҳукумати Уханда карантин эълон қилди. Бу вақтга келиб, Хитой янги йилини нишонлаш билан боғлиқ равишда аллақачон миллионлаб одамлар шаҳарга ташриф буюрган ва уни тарк этишга ҳам улгурган эди. Сингапур ва Вьетнам ўзларида дастлабки вирус юқиш ҳолати тўғрисида хабар беришди. Бу вақтга келиб миллионлаб хитойликлар вирус аломатларига эга бўлмаган ҳолда уни ташувчиси сифатида мамлакатни тарк этишди.

24 январ: Вьетнам вирус одамдан одамга юқиши ҳақида хабар берди, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ эса ўз мамлакатларидаги иккинчи вирус юқтириш ҳолати тўғрисида хабар беришди. Иккинчи ҳолат Чикагода қайд этилди. Икки кун мобайнида янги ҳолатлар Лос-Анжелес, Оранж ва Аризонада қайд қилинди.

1 февраль: Доктор Ли Вэньляннинг коронавирус учун тест топшириши мусбат натижани кўрсатди. У олти кун ўтиб ўлди.

Ва кейинги мулоҳазалар: 4 февраль куни Флоренция мэри Дарио Нарделла Италия халқини хитойликларни коронавирусга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун уларни қучоқлаб бағрига босишга даъват қилди. Мақсади икки мамлакат халқларининг дўстлигини мустаҳкамлаш бўлган Италиядаги хитой ҳамжамияти – Associazione Unione Giovani Italo Cinesi аъзоси оммавий митингда коронавирус юқтирган беморларни ҳурмат қилишга чақирди. “Мен вирус эмасман. Мен инсонман. Хурофотларга барҳам берамиз”.

Жим Герайти

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус тўғрисида хитойча ёлғон