15:06 / 06.04.2020
2 324

Италиядаги вазият. Ҳукумат бундан сўнг қандай йўл тутмоқчи?

Италиядаги вазият. Ҳукумат бундан сўнг қандай йўл тутмоқчи?
Италия бугунги кунда Европадаги асосий вирус ўчоқларидан бўлиб турибди. Айни пайтда мамлакатда вирус билан касалланганлар сони қарийб 129 мингни, вафот этганлар сони 16 мингга яқинни, соғайганлар эса 21 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда. Италия ушбу қўрқинчли рақамлар билан дунё коронавирус рейтингида 3-ўринда бормоқда.

Хўш, мамлакатда вазиятнинг бу қадар издан чиқишига қандай омиллар сабаб бўлди? Ҳукумат бундан сўнг қандай йўл тутмоқчи? Қуйидаги мақолада шу каби бир қатор саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Комендантлик соати бекор қилинади
Мамлакатда бир ярим ойдан бери давом этаётган карантиндан сўнг қурбонлар камайиб, коронавирус графиги ва ниҳоят ётиқ кўриниш ола бошлади. Бунинг ортидан ҳукумат Пасха байрамининг эртасига комендантлик соатини бекор қилишга қарор берди. Шунга қарамай, илмий қўмитанинг кўрсатмалари қатъий: башарти уйдан чиқилган тақдирда ҳам ижтимоий масофа сақланиши, жамоат жойларида ниқоб тақилиши шарт.

Ўзларини масхара қилингандай ҳис этишмоқда
Италия халқи бир томондан диний байрам шукуҳини ҳис қилишга умидвор бўлиб турган бўлса, бошқа томондан ғазабнок ҳамдир: дўст деб билган мамлакатлари энг қийин дамларда ёлғиз ташлаб қўйгани ва бу инқирозни бошқа ривожланган давлатлардан аввал бошдан кечирганликлари туфайли ўзларини гўё масхара қилингандай ҳис этишмоқда. Ҳолбуки, бугун Англия ва АҚШда ҳам инқироз бутун бўй басти билан ўзини намоён этмоқда. Бундай ҳис-туйғулар билан эртага – пандемиядан сўнг соғлиқни сақлаш сектори, иқтисодиёт, халқаро сиёсий муносабатлар, шунингдек, халқлар орасидаги ўзаро ишонч қандай тикланади – бу ҳам бир муаммо.

Соғлиқни сақлаш сектори заифлашиб қолганди
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кўплаб мамлакатлар қатори Италия ҳам ҳар тарафлама фаровон ва тўкис давлат бунёд этганди. Соғлиқни сақлаш сектори ҳам инқироз юзага келишидан аввал ушбу фаровон давлатнинг фахр-у ифтихори эди. Аммо тиббиёт ходимларининг улкан фидокорлигига қарамай, эпидемия шароитида соҳадаги баъзи камчиликлар юзага қалқиб чиқди.

Айтиш жоизки, 90-йиллардан эътиборан соғлиқни сақлаш сектори ғоят заифлашиб қолганди. 2017 йил миллий соғлиқни сақлаш сектори (52 фоизи давлат тасарруфида) жами мингта муассасага эга бўлиб, улар тахминан 191 минг ётоқ сиғимига эга эди. Бу рақам ҳар минг кишига 3,6 кроват тўғри келишини англатади. Қолаверса, шифохоналарнинг сиғими Европа Иттифоқи ўрталамасининг мингдан 5 қисмини ташкил этишини ҳисобга олсак, етишмовчилик кўлами қай даражада экани ойдинлашади. Ўн йил олдин ўртача ётоқ ҳажми ҳар минг кишига 4,3тани ташкил қилган бўлса, 1998 йилда бу кўрсаткич 5,8та эди. Яъни аҳолининг кексайиб боришига қарамай, соғлиқни сақлаш соҳасида ётоқлар сони жиддий равишда камайиши кузатилган.

Давлат хусусий секторга ишонганди, аммо...
Давлат бюджетини кучайтириш сиёсати доирасида хусусий секторнинг сармояларига ишониб, давлат касалхоналарига ажратилиши кўзда тутилган маблағлар қисқартириб келинди. Ўз навбатида хусусий сектор ҳам сердаромад соҳаларга эътибор қаратиб, бу каби инқирозлар пайтида энг кўп эҳтиёж туюлувчи реанимация бўлимларига юқори харажатлар туфайли сармоя киритишдан узоқ вақт тийилиб келди. Натижада бугун Италияда ҳар 100 минг фуқарога атиги 13та реанимацион тўшак тўғри келмоқда. Таққослаш учун, Туркияда ҳар 100 минг фуқарога 40 ётоқ сиғими бор ва бу давлат бу борада Европа мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради.

Кечиктиришлар одатий ҳолга айланиб қолганди
Юқоридаги рақамлар Италия ўз соғлиқни сақлаш тизимига инвестиция киритиш масласини тезлаштириши лозимлигини кўрсатмоқда. Бироқ сўнгги ойларда кузатилаётган инфратузилма етишмовчилиги ва шунга мос равишда юзага келган авариялар, давлат инвестицияларининг кам эканини ва кечикиши одатий ҳолга айланиб қолганини тасдиқламоқда. Масалан, ярим оролнинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Неаполдаги метро линияси иқтисодий ўсиш бошланган 1960-йилларда режалаштирилган эди, аммо уни қуриш 1976 йилгача қолиб кетди. Метронинг биринчи қисми мамлакат фаровонлик даражаси юқори бўлган бир пайтда – 1993 йилда фойдаланишга топширилган эса-да, унинг қолган қисми иқтисодий турғунлик билан тавсифланувчи келгуси ойларда якунланиши кутилмоқда.

Афсуски, Италиядаги бундай ҳолат одатий ҳолга айланиб бормоқда. Қолаверса, Соvid-19 билан боғлиқ аччиқ тажриба ҳам ушбу тенденцияни йўқотиш учун зарур маданий, ҳуқуқий ва иқтисодий ўзгаришлар ясашга қодир бўлмаслиги мумкин.

Соғлиқни сақлаш тизими ва «регионализм»
Италиянинг демократик конституциявий режими 20 минтақага автономия берадиган «регионализм»га асосланади. Гарчи соғлиқни сақлаш сектори миллий мувофиқлаштириш билан боғлиқ эса-да, аслида, у ҳудудларнинг жавобгарлик доирасидадир. Шунинг учун ҳам имконият ва инвестициялар бўйича минтақалар ўртасида жиддий тафовутлар мавжуд. Вирусдан энг кўп зарар кўрган Ломбардия минтақасининг соғлиқни сақлаш сектори, аслида, мамлакатда энг яхшиларидан бири бўлса-да, қандай натижа кузатилгани барчага яхши маълум. Тиббиёт хизматлари энг ёмон бўлган Сицилияда ҳоким оролни материк билан боғлайдиган барча денгиз йўлларини ёпиб, минтақани ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда.

«Яшил» чироқлар ёқилди, бироқ...
Бугунги кунда бозорга бориш ва харид қилиш имкони йўқлиги сабабли талабда жиддий пасайиш кузатилмоқда. Бундан ташқари, фабрикалар ёпилгани ёки халқаро алоқалар занжири узилиб қолгани сабаб таъминот камайиши, шу тариқа иқтисодиёт қисқариши кутилмоқда. Шубҳасиз, ушбу вазиятдан энг кўп зарар кўрадиганлар қатлам кам даромадли фуқаролардир. Давлат инқироз шароитида тирикчилик муаммосининг олдини олиш учун молиявий ёрдам кўрсатмоқда. Европа Иттифоқи ҳам молиявий интизом сиёсатидан воз кечди ва бюджет тақчиллигини қўллаб-қувватлаш учун ниҳоят «яшил» чироқларни ёқди. Бироқ сиёсатдаги ушбу тарихий ўзгаришларга қарамай, карантиндан сўнг компанияларнинг молиявий ҳолати ҳавас қилгулик даражада бўлмаслиги аниқ.

Қитъанинг глобал мавқейига путур етмоқда

Carlo Bressan / AA
Италиялик Марио Драги раислик қилган даврда Европа Марказий банки (ЕСB) аъзо давлатларнинг қарзларини сотиб олиб, уни барча Европа Иттифоқи мамлакатларига «сочиб» юборганди. Ҳозир ҳам хавфни бўлишиш учун шунга ўхшаш амалиёт талаб қилинмоқда. Италия сиёсатчилари Европа Марказий банкининг евробонд ёки коронабонд деб номланган облигация чиқариш талабини салбий қабул қилишди. Ушбу масалалар бўйича Иттифоқнинг 10 аъзоси (жами ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизини ташкил этади), Германиядан алоҳида ҳаракат қилиб, Италиянинг талабларини биринчи марта қўллаб-қувватлашди. Бироқ Шимолий Европа мамлакатлари, айниқса, Германиянинг эътирозлари туфайли Европа комиссияси илгари ҳам кузатилгани каби бу йўналишда ҳам зудлик билан бирор қарорга кела олмади. Ушбу чуқур келишмовчиликлар алалоқибат қочқинлар инқирози ёки Ливия муаммоси каби Сovid-19 инқирозида ҳам қитъанинг глобал мавқейига путур етказмоқда.

«Агар Европа ўлса, бу ўлимнинг сабаби унинг ҳаракат қилмагани бўлади»
Россия ўзининг глобал кучини тиклашга ҳаракат қилар экан, Италияга ҳарбий парад билан тонналаб материаллар ва биологик кураш бўйича мутахассисларни юборди. Айниқса, Куба ёки Албания каби гегемонликка даъво қилмайдиган икки мамлакатнинг мос равишда 35 ва 30 нафар кўнгилли шифокорларни юборгани, шу билан бир вақтда гуллаб-яшнаётган қўшни давлатларнинг ёрдамга қўл чўзмагани кишини ўйга толдиради. Тўғрироғи, Италия тиббий муассасаларининг ишини енгиллаштириш учун Соvid-19 ташхиси қўйилган италиялик беморларни ўз касалхоналарига қабул қилган Германия нима учун Россия, Куба ва Албания каби Италия жамоатчилигида эффект ярата олмади?

Италия жамоатчилиги сўнгги йилларда Европа Иттифоқига шубҳа билан қаровчи ўнг қанот популист партияларни қўллаб-қувватлар экан, Европа ҳам зарур пайтда Италияга совуқ муомала қилгани, бирдамликни намойиш қилмагани муҳим аҳамиятга эга. Бироқ Европа мамлакатлари Италия ёки Ўрта ер денгизидаги ҳар қандай мамлакатнинг иқтисоди заифлашиши бутун Европа мамлакатларида таъсир кўрсатишини жуда яхши билишади. Франция президенти Эммануэл Макрон Италия матбуотига берган интервюсида «Агар Европа ўлса, ушбу ўлимнинг сабаби унинг ҳаракат қилмагани бўлади», деб айтди. Италия бош вазири Жузеппе Конте ҳам минимал даражадаги алоқага эга бир Европани кўришни истамаётганини, билъакс, келгусида Европа бирдамлик ва суверенитетда бўлиши кераклигини таъкидлади.

Давлатлаштириш сиёсати ўзини қанчалик оқлаши мумкин?
Бошқа томондан, Германия каби давлатлар емаган сомсаларига пул тўлашни, иқтисоди заиф давлатларнинг муваффақиятсиз молиявий сиёсати бадалини тўлашни исташмаяпти. Аслида, улар ўзини худбинларча тутяпти, деб айтиб бўлмайди. Аммо бугунги кунда Италиянинг давлат қарзи 2 триллион 443 миллиард еврони ташкил этмоқда ва шунинг учун ҳам унинг ушбу оғир шароитда ёлғиз ҳаракат қилиш қобилияти ниҳоятда чекланган. Мазкур инқироздан кейин тез-тез кўрилиши кутилаётган давлатлаштириш сиёсати ҳам яна бир хавф туғдириши аниқ.

Давлат тасарруфига олинадиган компаниялар орасида инқироз давомида ҳеч бир парвоз амалга ошира олмаган «Alitalia» авиакомпанияси биринчи навбатда турибди. Бироқ йиллар давомида молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган миллий авиакомпания Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилган кўплаб қутқарув режаларига қарамай, инқироздан аввал ҳам жар ёқасига келиб қолганди. Давлат тасарруфига ўтказиш ёки давлат шериклиги, шубҳасиз, инқирознинг иқтисодий таъсирини камайтиришнинг муҳим воситаси бўлса-да, агар давлатнинг қўллаб-қувватлови компанияларга янглиш бериладиган бўлса, мамлакатнинг шундоқ ҳам чекланган ресурслари беҳуда сарф бўлади.

Евродан воз кечиш – популистик ҳаракатларнинг бўш ваъдасидир
Олдин ҳам чуқур келишмовчиликлар кузатилган ЕИнинг мавжудлиги ҳақида энди ҳеч ким савол бермаяпти. Тўғри, Европа Иттифоқи ичида эркин ҳаракатланиш иттифоқнинг ажралмас бир элементи ҳисобланади, бироқ ҳозир ундан деярли наф йўқ. 1999 йилда муомалага киритилган евро Италия каби мослашувчан валюта сиёсатига кўникиб қолган давлатларни чекласа-да, инқироз шароитида зарур молиявий барқарорликни таъминлашда евро жуда муҳим аҳмиятга эга. Шу сабабли, евродан воз кечиш популистик ҳаракатларнинг бўш ваъдаси бўлиб қолаверади.

Ўша пайт чора кўриш мумкин эди...
Айни дамда халқаро муносабатлардаги келишмовчиликлардан ташқари, халқлар ўртасидаги ишончсизликни ҳам жиддий эътиборга олиш лозим. Декабрь ойида Хитойда вирусга чалиниш билан боғлиқ илк хабарлар чиққан пайтда Италияда илк бор ноодатий пневмония ҳолатлари рўй берганди. 7 январь куни Миландаги шифохоналарда пневмония билан боғлиқ касалланиш ҳолатлари йиллик ўртача кўрсаткичдан 50-80 фоизга ортиб кетгани маълум қилинганди.

Ўша ҳафталарда вирус эмин-эркин тарқалгани аниқ. Ўша пайт миллий ва халқаро институтлар бунга қарши чора кўришлари мумкин эди. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тақдим этган маълумотларга асосланиб, Италия Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро саёҳатларга, хусусан, Хитой билан сайёҳлик ва савдо алоқаларига ҳеч қандай чекловлар жорий этмади. Бошқа Европа давлатлари сингари Италия ҳам юқори харажатли чоралар кўришга ботинмади.

Италияликлар эпидемия якунланишидан умидвор
Яқинлашиб келаётган Пасха байрамида Венеция марказида жойлашган Сан-Рокко черковининг эшиклари очилади. Бироқ ҳеч ким маросимда иштирок этолмайди. Черковдаги машҳур Тинторетто фрескаларини ҳайрат ва ҳаяжон билан томоша қилувчи сайёҳлар ҳам бу кунларда атрофда кўринмаслиги аниқ.

Италияликлар эпидемия Сан-Рокко хотирланадиган 15 август кечасига қадар тамоман тугашини, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва халқаро сиёсий алоқаларда эпидемия туфайли келиб чиққан муаммолар ечим топишини, одамлар яна бир-бирларига ишонч билдиришини умид қилишмоқда.

Отабек Тиллаев тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Италиядаги вазият. Ҳукумат бундан сўнг қандай йўл тутмоқчи?