Ҳар бир бола меҳр ва ғамхўрликка муҳтож. Шу боис дунёдаги кўплаб машҳур инсонлар ҳам ижтимоий мақоми ва моддий имкониятларидан ташқари, инсоний юраги орқали болаларга меҳр бағишлашни ўз бурчи деб билади. Одатда улар томонидан асраб олинган чақалоқлар ёки ёш болалар оила муҳитида вояга етиб, ҳақиқий ота-она меҳрини ҳис этиш имконига эга бўлади.
Сандра Буллок
Голливуд юлдузи Сандра Буллок ёшлигиданоқ фарзанд асраб олишни орзу қилган. Бироқ турмуш ўртоғи Жесси Жеймс билан ажрашгач, у ниятини якка ўзи амалга оширишга қарор қилди. 2010 йилда актриса Нью-Орлеанлик кичик Луини қўлига олди ва шу тариқа биринчи марта оналик бахтига эришди. Кейинчалик у Лейла исмли қизалоқни ҳам оиласига қабул қилди. Маълумотларга кўра, Буллок турли тиббий усуллар орқали ўз фарзандига эга бўлишга ҳаракат қилган, аммо улар самара бермаган.
Шарлиз Терон
Жанубий Африкада туғилиб, Голливудда машҳур бўлган Шарлиз Терон ҳозирда икки фарзанд тарбияламоқда. 2012 йилда у Жексон исмли болани, 2015 йилда эса Жанубий Африкадаги болалар уйидан Огест исмли қизалоқни олиб келди. Актрисанинг айтишича, асраб олинган бола билан биологик фарзанд ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ — ҳар иккисини ҳам бирдек севиш ва тарбиялаш зарур.
Анжелина Жоли ва Брэд Питт
Голливуднинг энг кўп муҳокама қилинган жуфтлиги Жоли ва Питтнинг олти фарзанди бор. Улардан уч нафари асраб олинган. Жоли 2002 йилда Камбоджадаги кичик Мэддоксни, 2005 йилда Эфиопиялик Захарани, 2007 йилда эса Вьетнамдан Пакс Тьенни қабул қилди. Қолган фарзандлари — Шайло, Нокс Леон ва Вивьен Маршелин жуфтликнинг қонидан. Жоли ва Питт кўп марта ўз оилалари маданий хилма-хиллик ва муҳаббатга асосланганини таъкидлаган. Бироқ ажримдан сўнг оиладаги муносабатлар жиддий кескинлашган, ҳатто қизлари отасининг фамилиясидан воз кечгани ҳам маълум.
Шерон Стоун
2000 йилда актриса Шерон Стоун ва турмуш ўртоғи Фил Бронштейн биргаликда Роан исмли болани тарбияга олган. Ажримдан сўнг, Шерон яна икки бор оналик мас’улиятини ўз зиммасига олиб, Лэрд ва Куинни асраб олди.
Мадонна
Поп қироличаси Мадонна эса Африка қитъасидан тўрт фарзанд асраб олган юлдузлардан. 2006 йилда у Дэвид Банда Мвалени, 2009 йилда Чикондо Мерси Жеймсни, 2017 йилда эса эгизаклар — Стелла ва Эстерни оиласига қўшди. Шу билан бирга, Мадоннанинг ўз қонидан икки фарзанди ҳам бор: Лурдес (отаси Карлос Леон) ва Рокко Жон (отаси режиссёр Гай Ричи).
Мутахассислар таъкидлашича, машҳур шахслар томонидан амалга оширилган фарзанд асраб олиш жараёнлари наfaқат болалар тақдирини, балки бутун жамиятнинг инсонпарварлик ҳақидаги тушунчасини ўзгартирмоқда. Улар ўз намуналари билан дунёга “ҳар бир бола ота-она меҳрига арзийди” деган ҳақиқатни кўрсатишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!