Бразилиядан Швейцарияга учиб кетаётган 42 ёшли аёл халқаро аэропортда йирик миқдордаги гиёҳванд модда билан қўлга олинди. У Сан-Паулу шаҳридан парвоз қилаётганда, чамадонидаги моддалар рентген текшируви давомида аниқланди.
2-август куни амалга оширилган текширув жараёнида чамадон ичидаги бир неча юбкаларга яширилган 5 кг кокаин топилди. Ортидан олиб борилган қўшимча суриштирув ишлари давомида яна бир чамадон текширилди. Ундан ҳам қўшимча 5 кг кокаин чиқди.
Тергов органлари маълум қилишича, ушбу моддалар халқаро йўналиш орқали ноқонуний равишда олиб ўтилмоқчи бўлган. Бу ҳолат Швейцарияда наркотик моддалар савдосини кенгайтириш билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ҳозирда аёлга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, уни ўз мамлакатига депортация қилиш жараёни бошланган ва иш судга оширилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!