12:12 / 16.07.2020
2 270

«Кавказни асир қилган можаро». Арман-озар зиддияти қандай бошланганди?

«Кавказни асир қилган можаро». Арман-озар зиддияти қандай бошланганди?
Фото: Getty Images
Тоғли Қорабоғ можароси эшитган қулоққа эриш туюлмайди. Чунки дунёда нима кўп, этник сабабларга кўра содир бўлаётган можаролар кўп. Қорабоғда шунчалик кўп келишмовчиликлар бўладики, улар одатий ҳолга айланиб қолган.

Айнан шу можаро туфайли Кавказортидаги икки қўшни республикасида 30 йилдирки ҳануз тинчлик йўқ. «Қўшнинг тинч – сен тинч» деган гап бор. Бу гап кўп марта ўз исботини топган. Шунингдек, хоҳ иккита оила, хоҳ икки давлат бўлсин, бир-бири билан ёвлашиб яшаб бўлмайди. Ўзингиз ўйланг, эрталаб кўчага чиққанингиздан сизни ёқтирмайдиган, ортингиздан гоҳ сизга эшиттириб, гоҳ эшиттирмасдан ҳақоратли сўзлар билан ёмонлайдиган қўшни билан яшаб бўладими?

Ундай қўшнидан-ку уйни сотиб, бошқа ерга кўчиб кетиб қутуларсиз, аммо шу муаммо икки қўшни давлат ўртасида бўлса-чи? Ахир ватан кичик уй эмаски, ёмон қўшнидан қутулиш учун уни сотиб кўчиб кетсангиз. Чингиз Айтматовнинг ўлмас қаҳрамони Гурам Жўхадзе айтганидек «Ватанни олиб кетиб бўлмайди. Фақат соғинч ва армонларни олиб кетамиз. Агар Ватанни хуржун каби олиб юриш ва ташиб кетиш мумкин бўлганда, у сариқ чақага арзимасди...».

Озарбойжон ва Арманистон можароси ҳам чегарадаги одамларини худди шундай мураккаб ҳолатда яшашга мажбур қилмоқда. Бу икки қўшни юрт 30 йилдан бери ёвлашиб келади. Таъсир доираси кучли давлатлар эса уларни яраштириш ўрнига қурол-яроғ сотиш билан банд...

Ижтимоий тармоқларда бу икки мамлакат ҳамда озар ва арманлар муносабати ҳақида ҳаваскор видеолар жуда кўп. Бу видеороликларда блогерлар Арманистон пойтахтида озар ролини, Озарбойжон пойтахтида эса арман миллатига мансуб шахс ролини ўйнашади. Бундай синов видеоларда Арманистонга бориб қолган озарни арманилар, Озарбойжонга бориб қолган арманини озарлар миллатини билган заҳоти сўкиб, ҳақорат қила бошлайди ёки дўппослашга уринади. Бу жуда нохуш ҳолат. Икки давлатнинг бир-бирига муносабатини олов яқинида қолаётган порохли бочкага ўхшатиш мумкин. Олов етиб бориб порохли бочка исталган пайтда портлаб кетиши ва кўпчиликка зиён етказиши мумкин.

Тоғли Қорабоғ тарихи
Тоғли Қорабоғнинг узоқ асрлик тарихи бор. Бу ўлка ўз вақтида Салжуқлар, кейинчалик туркманларнинг Оқ қуюнли, Қора қуюнли уруғларига, ундан сўнг Темурийлар ихтиёрига ўтади. Амир Темур ҳам Қорабоғда бўлган ва бу тоғли ўлканинг об-ҳавоси унга жуда маъқул келган. Амир Темур 1399 йилнинг қишини айнан Қорабоғда ўтказади. Кейинчалик Эрондаги Сафавийлар давлати, ундан кейин Усмонийлар империяси таркибига киради. 19 асрга келиб Усмонийлар империяси билан Россия империяси ўртасида бўлиб ўтган урушлардан сўнг бу ўлка Россия империяси таркибига киради.

Бу ўлкага тарихан кимлар эгалик қилгани бугун унчалик муҳим эмас аслида. Ўрта асрларда дунё батамом ўзгариб кетди ва оқибатда кимлардир ўз еридан айрилди, кимлардир янги ерларга эга бўлди. Энг муҳими шундаки, ХХ асрнинг 90-йилларигача Кавказда яшайдиган миллатлар ўртасида жиддий душманлик бўлмаган. Аммо тил бошқа, эътиқод бошқа бўлгани учун алоқалар унча яхши ҳам эмасди. Икки миллат ўртасидаги кескинлик тарихи 1987 йилга бориб тақалса ҳам, балки бу кескинлик аввалдан бўлган-у советларнинг темир қонунлари туфайли бош кўтармай келгандир.

Факт шуки, гарчи икки миллат эътиқод ва қардошлик нуқтайи назаридан бир-бирига бегона бўлса-да, ХХ асрнинг 90-йилларида Озарбойжонда арманлар, Арманистонда эса озарлар тинч-тотув яшаб келишган. Нима бўлди-ю, 1987 йилда Ереванда арманистонликлар «Озарбойжон Тоғли Қорабоғдаги арманларга яхши эътибор бермаяпти. Бу автоном вилоятни Озарбойжондан тортиб олиб, Арманистон таркибига қўшишимиз керак» деган чақириқлар билан чиқа бошлади. Ўша йили арманистонликлар бу хусусда СССР раҳбариятига расмий мурожатнома ҳам йўллашади.

Ўша йили кузга бориб Ереванда Тоғли Қорабоғни Арманистон таркибига қайтаришни талаб қилиб талабалар намойишга чиқади. Арманистон даврий матбуотида Озарбойжонни айблаб мақолалар эълон қилинади. Шундан сўнг Арманистонда яшайдиган озарлар ўз хавфсизлигини ўйлаб бу республикадан кўчиб кета бошлади. Кўчиб кетишни хоҳламаганларни ҳам мажбурлаб кўчиришди.

1988 йилга ўтиб расмий Ереваннинг ундови билан Тоғли Қорабоғ автоном ҳудуди раҳбарлари ҳам СССР раҳбариятига ўзларини Озарбойжон ССР таркибидан чиқариб Арманистон ССР таркибига ўтказишни сўраб мурожатнома йўллайди. Расмий Москва уларнинг мурожатида сўралган ишни мақсадга мувофиқ эмас деб рад этади. Москванинг Тоғли Қорабоғ ҳақидаги ўша қарори Озарбойжонда катта ғалаба сифатида қабул қилинади ва уни нишонлаш учун митинглар ўтказилади.

Ўша йил 22 февралида минтақада илк арманлар ва озарлар ўртасида қонли тўқнашув бўлиб ўтади ва унда икки нафар арман ҳалок бўлади. 27-29 февралда Сумгаитда Арманистондан қувилган озарлар қасди учун энди озарлар арманларни қувиш ҳаракатини бошлайди. СССР прокуратураси маълумотларига кўра, Сумгаитда содир бўлган ўша талотўпда 26 нафар арман, 6 нафар озар ҳалок бўлади. Ана шу ҳодиса арман-озар можаросида бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади ва шундан сўнг воқеалар тезлашиб кетади.

1988 йил март ойида СССР президенти Михаил Горбачёв Тоғли Қорабоғ аҳолисига ёрдам бериш зарурлигини айтиб, келажакда бу автоном ҳудуд чегаралари у ёки бу томон фойдасига ўзгариши мумкинлигини айтади. Ўша йилнинг ёзига бориб расмий Ереван Тоғли Қорабоғ Арманистон Олий Советига мурожат қилиб, ушбу мамлакат таркибига ўтиш истагини билдиргани ҳақида баёнот беради. Ўз навбатида, Озарбойжон ССР раҳбарияти республика ҳудуди бўлинмас эканлигини айтиб чиқади.

1989 йил августга келиб расмий Москва Тоғли Қорабоғ тўғридан тўғри марказга бўйсунишини эълон қилади. Бу тартиб ўша йил ноябргача амал қилади.

1990 йил Озарбойжонда «Озарбойжон халқ фронти» ҳаракати республикани ўз таъсир доирасига ола бошлайди ва Москва қўшимча ҳарбийлар жалб қилишга мажбур бўлади. Москвадан Озарбойжонга аскарлар киритилганига қарши Бокуда намойишлар бошланади, ҳарбийлар намойишчиларни аёвсиз тарзда тарқатишни бошлайди. Ана шундай намойишлардан бирида ҳарбийлар билан тўқнашувда намойишчилардан 130 нафари ҳалок бўлади, минг нафарга яқин одам жароҳатланади. Расмий Москванинг Бокуга қўшимча ҳарбийларни киритгани Тоғли Қорабоғдаги арманларни илҳомлантириб юборади ва улар қуролланиб озарларга тегишли шаҳар қишлоқларни эгаллай бошлайди.

1991 йилда ҳар икки республика ўзини мустақил деб эълон қилади. Шундан сўнг Тоғли Қорабоғда арманларнинг маҳаллий ҳукумати аҳоли ўртасида референдум ўтказади ва унда кўпчилик Озарбойжон таркибидан чиқиш учун овоз беради. СССР тарқагандан сўнг, Тоғли Қорабоғни назорат қилиб турган совет армияси олиб чиқиб кетилади минтақада ҳар икки миллат ўртасида қонли тўқнашувлар авж олади.

1992 йил февралда қуролланган арман гуруҳлари Тоғли Қорбоғда жойлашган, асосан озарлар яшайдиган Хўжали шаҳрига ҳужум қилади ва шаҳарнинг тинч аҳолисига қирғин уюштиради. Бу тарихда «Хўжали қатлиоми» деб номланган. Озарлар уни «Хўжали фожиаси» деб атайди.

«Хўжали фожиаси»
Ушбу фожиада Арманистон қуролли кучлари Россиянинг Хонкелдидаги 366-мотоўқчи полки ёрдамида Хўжали шаҳрида оммавий қирғин уюштиради. Ўшанда тинч аҳоли орасида 613 киши ҳалок бўлади, 487 киши жароҳатланади, 1 275 киши асир олинади ва кейинчалик уларнинг тақдири номаълумлигича қолади. Россия томони шу пайтгача бу қирғинда ўз ҳарбийлари иштирок этганини тан олмайди. Аммо 2000 йилда Арманистоннинг ўша пайтдаги президенти Серж Саргсян Хўжали қирғинида арманларга Россия армияси ҳам ёрдам берганини тан олганди. Қолаверса, кейинчалик бу қирғинда иштирок этган Россия армиясининг собиқ хизматчилари ҳам Хўжали қатлиомида иштирок этганини тан олиб чиққан.

Хўжали қатлиомини ўзида 57 давлатни бирлаштирган Ислом ҳамкорлиги ташкилоти геноцид деб атаган. Шунингдек, АҚШнинг кўплаб штатлари, Гватемала, Ҳондурас, Парагвай, Мексика, Шотландия, Руминия каби давлатлар ҳам бу қирғинни озар миллатига қарши геноцид сифатида тан олган. Ўтган йиллар мобайнида бу қатлиом гувоҳи бўлган озарбойжонликлар халқаро ташкилотларга уни озарларга қарши геноцид деб тан олишни сўраб мурожат қилиб келади. Аммо халқаро ташкилотлар бу мурожатларни эътиборсиз қолдириб келяпти.

Бу йил Тоғли Қорабоғ можароси бошланганига 30 йилдан ошди. Хўжали қатлиомига 28 йил бўлди, аммо муаммо ҳануз ечимини топгани йўқ. Шу кетишда бу яқин орада ечимини топмаса ҳам керак. Ўтган йиллар орасида бу минтақада Арманистон ва Озарбойжон ҳарбийлари ўртасида кўплаб катта-кичик тўқнашувлар юзага келди. Тўқнашувларда ҳар икки тарафдан кўплаб ҳарбийлар ҳалок бўлди, жароҳатланди.

Бу можаро масаласида ҳар икки давлатнинг ўз қарашлари бор.

Арманистон нима дейди?
Бугун Тоғли Қорабоғни эгаллаб олган арманларнинг ортида Арманистон тургани сир эмас. Қолаверса, Тоғли Қорабоғ чегарасини 95 фоиз Озарбойжон ўраб турган ҳолда, атиги 5 фоизи тарихий ватанигача қадар чўзилган бу ҳудуд аҳолиси хорижга Арманистон орқали чиқяпти. Озиқ-овқат ва бошқа кундалик зарур маҳсулотларни ҳам Арманистондан олади. Шунингдек, бу ҳудуддаги ҳарбийларга қурол-яроқни катта эҳтимол билан Арманистон етказиб беряпти (ва яна бир катта давлат борлиги айтилади).

Халқаро қонун-қоидаларга кўра, Арманистон Тоғли Қорабоғни ўз сафига қўшиб ололмайди. Акс ҳолда бу давлат халқаро ҳамжамиятнинг санкциялари остида қолиб кетиши мумкин. Аммо бугун Тоғли Қорабоғнинг ҳозирги ҳолати ҳам Арманистоннинг бошқа бир вилоятиникидан асло кам эмас. Тўғри-да, Арманистон бу ўлка аҳолисини боқса, қурол-яроғ билан таъминласа, демак Тоғли Қорабоғнинг мақоми расмий Ереван учун ҳам, ҳудуднинг ўзи учун ҳам Арманистон таркибидаги исталган бир вилоятникидан кам эмас.

Умуман олганда, Арманистонда яшовчи арманлар ҳам Тоғли Қорабоғни эгаллаб олган арманлар ҳам бу ўлка ўзларига тегишли эканини ва уни батамом эгаллаб олиб тўғри йўл тутишганини айтишади.

Озарбойжоннинг даъвоси
Озарбойжон томони ушбу муаммода мамлакат ҳудуди яхлит ва бўлинмаслигини, Тоғли Қорабоғ тарихда ҳам, бугун ҳам ўзига тегишли ўлка эканини таъкидлаб келади. Шунингдек, озар сиёсатчилари, арманлар Тоғли Қорабоғга босқинчилик билан кириб олганини, сўнг ваҳшийлик билан озарларни қириб ташлаб, Озарбойжонга тегишли ҳудудни эгаллаб олганини даъво қилади. СССР пайтида Тоғли Қорабоғнинг Озарбойжон таркибида эканини инобатга олсак, уларнинг даъвосида жон бор. Озарбойжон томонига кўра, Арманистон қуролли кучлари Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7та туманни босиб олган. Расмий Боку қўшни юрт ҳарбийлари зудлик билан босиб олинган Озарбойжон ерларини бўшатиб қўйиши лозимлигини таъкидлайди.

Мўрт келишувлар
Тоғли Қорабоғдаги чегара ҳудудларда Озарбойжон ва Арманистон ҳарбийлари ўртасида кескинлик юз берганда халқаро ташкилотлар ва айрим давлатлар воситачилигида ўзаро ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишувлар имзоланади. Ана шундай келишувларнинг биринчиси 1994 йилда имзоланган. Аммо орадан бироз ўтмай у ёки бу томон ўша келишувни бузаверган. Шу тариқа, ўтган 28 йил мобайнида кўплаб келишувларга эришилди ва улар бузилаверди. Шу кеча-кундузда ҳар икки давлат ҳарбийлари ўртасида яна кескинлик юзага келган. Ўзаро ўт очишлар оқибатида яна одамлар ўлмоқда...

Халқаро ҳамжамиятнинг Тоғли Қорабоғ масаласида позицияси
БМТ ва яна бир қатор ташкилотлари Тоғли Қорабоғ можароси масаласида можаро бошланган йиллардаёқ кетма-кет тўртта резолюция қабул қилган. N822, N853, N874, N884-сонли резолюциялар 1993 йил 30 апрель ва 12 ноябрь оралиғида қабул қилинган. Бу резолюцияларда икки томон барча ҳарбий ҳаракатларни, ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирилган ва арманлар Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши лозимлиги ёзилган. Бугун Озарбойжон мазкур муаммо БМТ томонидан қабул қилинган ўша резолюциялар доирасида тинч йўл билан ҳал қилинишини истайди. Аммо Тоғли Қорабоғдан ажралишни хоҳламайдиган арманлар БМТ резолюцияларини писанд қилмайди.

Тоғли Қорабоғ можароси ва Хўжали қатлиомига ўзбекистонликларнинг муносабати
Тоғли Қорабоғ можароси ва Хўжали қатлиоми бошқалар қатори ўзбек халқини ҳам ташвишга солгани рост. Ўзбек адабиётининг пешқадам шоирларидан бири Хуршид Даврон 1992 йил Хўжали қатлиоми юз берган куннинг эртасигаёқ «Хўжали болаларига» шеърини ёзган эди.

Эй озари болаларим,
Юрагимда нолаларим,
Кўзларимда жолаларим,
Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Бу жаллодлар инсон эмас,
Бу саллотлар инсон емас,
Инсон инсон гўштин емас,
Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Ўтар кунлар, ўтар тунлар,
Қонингиздан гуллар унар,
«Интиқом!» деб ханжар сунар,
Мен ҳам ўлдим сиз билан бирга!

Бу масалада туркий халқларнинг аксарияти озарлар тарафида. Бир томондан қардошлик ва эътиқод масаласи, шунингдек, адолат кўзи билан қаралса, озарларнинг ҳақ эканини ҳақиқатга яқинроқ. Гап шундаки, Тоғли Қорабоғ азалдан озарлар ери бўлган. Қолаверса, тарих гувоҳ ўша ўтган асрнинг 90-йилларида содир бўлган можароларда озарлар арманларга нисбатан ўта шафқатсизлик қилмаган. Ҳаммаси арманларнинг Хўжали қатлиомидан кейин ўзгариб кетган.

Тоғли Қорабоғ масаласида нега кўпчилик Озарбойжон тарафда?
Бугун дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳукуматлар, таниқли инсонлар, сиёсатчилар Тоғли Қорабоғ можаросида Озарбойжон томонда эканини билдирган. Масалан, Украина. Бу давлат Тоғли Қорабоғ можароси масаласида ўзининг сўнгги баёнотини шу йилнинг 1 апрель куни билдирди. Баёнотда айтилишича, Украина Тоғли Қорабоғда жорий йил 31 март куни ўтказилган президент ва парламент сайловларини ҳақиқий деб тан олмайди. Баёнотда шунингдек, Украина томони Тоғли Қорабоғ ҳудудини Озарбойжон ҳудуди деб билишини маълум қилган. Бежизга Украинани мисол қилиб келтирмадик, чунки бу мамлакат ҳам ҳар қанча ғалати кўринмасин XXI асрда бутун бошли ҳудудини бошқа мамлакатга топшириб қўйди.

Бу можаро бўйича Озарбойжон томонида турганларнинг фикрига кўра, дунёдаги аксарият давлатларнинг чегара ҳудудларида қўшни миллат вакиллари яшайди. Турли сабабларга кўра чегаралар шундай тортилган. Масалан, Германиянинг Польша билан чегарсида поляклар, Польшанинг Германия билан чегара ҳудудларда немислар яшайди. Бундай мисоллар жуда кўп. Ана шундай ҳолатда чегаранинг буёғида яшаётган миллатлар Тоғли Қорабоғ арманларига ўхшаб бош кўтариб чиқаверса ва ўзи яшаб келган давлатнинг ҳудудий яхлитлигини хавф остига қўйса, унда дунё можароларга тўлиб кетади. Шу учун ҳам арманларнинг Тоғли Қорабоғда тутган йўлини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.

Жангда генерал ҳалок бўлди

Фото: Вахрам Багдасарян/Reuters
12 июль куни Арманистон ва Озарбойжон чегарасида яна отишмалар бошланиб кетди. Арман томонининг айтишича, озарлар чегара пунктини эгаллаб олишга ҳаракат қилган ва «йўқотишга учрагач, чекинган». Ўша куни Озарбойжон ҳарбийларининг икки нафари ҳалок бўлгани айтилди. Бу гал жанжаллар Қорабоғда эмас, Товуз туманида содир бўлди. Озарбойжон томони арманларнинг 100дан ортиқ ҳарбийлари ва кўплаб техникаси йўқ қилинганини маълум қилди. Ўз навбатида Озарбойжон томонидан генерал-майор Пўлат Ҳошимов ва полковник Илғор Мирзаев ҳалок бўлгани айтилди. Уларнинг вафоти катта йўқотиш деб қабул қилинмоқда.

Эрдўған Озарбойжон томонда
Туркий миллатлар масаласида тезда реакция билдиришга одатланган арман-озар можаросида қардош Озарбойжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ўз навбатида Туркия армияси керак вақтда Озарбойжонга ёрдам беришини маълум қилди. Ҳозирча бирор мамлакат Арманистон томонида эканини айтиб чиққани йўқ.

Ўхшаш муаммолар
Бугун дунёнинг турли бурчакларида Тоғли Қорабоғ можаросига ўхшаш муаммолар етарлича бор ва қизиғи уларнинг бир нечтаси Собиқ Иттифоқ республикалари ҳудудида.

1. Приднестровье
Ушбу ҳудуд Молдавияга тегишли эди. 1992 йил йилда бу ўлкада яшовчи руслар Россиянинг қўллови билан расмий Кишинёвга бўйсунмаслигини билдириб, ўзини мустақил давлат деб эълон қилди. Ушбу давлат халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган. Унинг ҳудудида Россия ҳарбий базаси жойлаштирилган ва рус ҳарбийлари у ерда тинчликпарвар кучлар ролини бажармоқда.

2. Донецк ва Луганск
2014 йилда Украинада аҳоли Европа билан интеграция келишуви имзоланишини талаб қилиб намойишларга чиқади. Шундан сўнг, мамлакат шарқида яшовчи рус миллатига мансуб аҳоли Россиянинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ва ҳарбий ёрдами билан амалдаги ҳукуматга қарши бош кўтаради. Украина ўзбошимчалик қилаётган бу ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар олиб боради, аммо Россиядан кўмак олаётгани айтиладиган айирмачиларга кучи етмайди. Кейин бу ҳудудда «Донецк халқ республикаси», «Луганск халқ республикаси» номи билан мустақил давлатлар тузилади. Ушбу ҳудуд ҳануз нотинч бўлиб қолмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Кавказни асир қилган можаро». Арман-озар зиддияти қандай бошланганди?