12:53 / 09.08.2020
1 709

Иккинчи жаҳон урушининг охирги жанги. СССР ва Япония уруши ҳақида

Иккинчи жаҳон урушининг охирги жанги. СССР ва Япония уруши ҳақида
Фото: Google Photos
1945 йилнинг 9 августидан 2 сентябригача давом этган бир ойлик уруш Узоқ Шарқ ва Тинч океани минтақаси харитасини ўзгартириб юбориш билан бирга даҳшатли урушни ниҳояга етишида сезиларли ҳисса қўшди ва минтақанинг кейинги бир неча ўн йилликдаги тараққиётини белгилаб беришда муҳим тарихий омил бўлди. «Дарё» Иккинчи жаҳон урушининг энг йирик ҳарбий амалиёти сифатида тарихда қолган СССР ва Япония уруши ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos
Урушнинг сабаблари
Япониянинг Россияни мағлубиятга учратишини Шарқнинг Ғарбни мағлубиятга учратиши сифатида баҳоладик. Япониянинг ғалабаси биз осиёликларнинг ғалабаси эди» – Сунь Ятсен.

1945 йилдаги рус-япон урушининг ҳақиқий тарихи 1905 йил 5 сентябрдаги Портсмут тинчлик сулҳи имзоланишига бориб тақалади. Биринчи рус инқилоби гирдобида қолиб кетган Чор Россияси японлар билан бўлган илк урушда мағлубиятга учраши оқибатида рус империяси учун шармандали сулҳ битимини имзолашга мажбур бўлади. Иснод эса унутилмайди. АҚШ президенти Теодор Рузвельт воситачилигида Портсмут сулҳи имзоланди ва натижада, Чор Россияси Хитойдан ижарага олинган Ляодун яримороли ва Сахалинннинг жанубий қисмини Японияга беришга мажбур бўлди.

Россия империясининг муваффақиятсиз уруши империянинг Узоқ Шарқдаги нуфузи ва таъсирига ҳам дарз етказганди. Қўшимча тарзда Япониядан мағлубият рус элитасининг обрўсини ҳам ер қилганди. Напалеонни мағлуб қилган рус элитаси юзини йўқотганди. Япония эса Узоқ Шарқнинг ҳукмдорига айланган Узоқ Шарқдаги даромадли – балиқчилик соҳасидан тортиб портларга эгалик қилиш мақомига эришганди.

Устига устак Япония 1936 йилнинг 25 ноябрь санасида фашист Германияси билан «Антикоминтерн битими»ни имзолаган ва оқибатда, Берлин-Рим-Токио ҳарбий иттифоқи юзага келган эди. Бу иттифоқ Японияга Тинч ва Ҳинд уммонида ўз таъсир доирасини кенгайтиришга хизмат қилди. Кейинроқ, 1938 йилда Ҳасан кўли ва 1939 йилдаги Халхин Гол урушлари Япония ва СССР ўртасида қуролли низо тугамаганини англатарди.

Урушнинг бошланиши
СССРнинг Японияга қарши урушга кириши 1945 йилнинг 11 февраль санасида Ялтада ўтган конференцияда аниқ бўлди. СССР раҳбари Иосиф Сталин иттифоқчилари билан биргаликда Германияни таслим қилгандан икки-уч ой Японияга қарши жангга кирди. Япония 1945 йилнинг 26 июль санасида АҚШ, Буюк Британия ва Хитойнинг таслим бўлиш ҳақидаги шартларига кўнмайди.

1945 йилнинг 7 август санасида СССР ташқи ишлар комиссари Вячеслав Молотов япон элчиси Сато Наотакени ҳузурига чақириб «9 августдан бошлаб СССР ва Япония уруш ҳолатида эканини» маълум қилди. 9 август куни Совет Иттифоқи Байкалорти қўшинлари, биринчи ва иккинчи Узоқ Шарқ фронтлари қўшинлари ёрдамида японларга қарши курашга кирди. Қўшинга маршал Родион Яковлевич Малиновский бошчилик қилди.

Совет Иттифоқи Япониянинг Узоқ Шарқдаги Квантун армиясини таслим қилиш учун 1,5 миллион аскарларни Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги жангига сафарбар қилди. Квантун армиясига генерал Отодзо Ямада бошчилик қиларди. Унинг қўл остида бир миллионга яқин аскар, 6 500 тадан кўпроқ артилерия қуроллари, 1 215 дона танк ва 1 907 та ҳарбий учоқлар мавжуд эди. Шунга қарамасдан Совет Иттифоқи Японияга нисбатан анча устунликка эга эди.

Совет ҳарбийлари содда, аммо кенг қамровли эди. Ҳарбий режага кўра, совет қўшинлари 1,5 миллион квадрат километр майдонда япон армиясини қуршовга олиш керак эди. Окинавадаги жангларда японларнинг фидойиларча жанг қилишлари инобатга олинса Квантун армияси ҳам СССР қўшинларига қарши сўнгги томчи қон қолгунча курашишлари шубҳасиз эди. 10 август санасида Моғулистон Халқ Республикаси армияси ҳам Японияга қарши уруш эълон қилади. Совет ҳарбий штаби генерал Кравченконинг танк қўшини ёрдамида ўтиш қийин бўлган Хингон тоғлари орқали Манжурияга юриш бошлайди.

12–14 август кунлари япон қўшинлари ҳам қарши ҳужумларга ўтади, бироқ совет қўшинларининг зарбалари натижасида японларнинг мудофааси заифлашиб боради. Совет қўшинлари секин-аста жануб ва жанубий шарқ томон силжишда давом этади. Квантун армияси Яла дарёси орқали Шимолий Кореяга чекинади. Мазкур қўшин эса 20 августга қадар иттифоқчиларга қарши кураш олиб боради. 19 август санасида Совет ҳарбийлари Манжуо Гонинг сўнгги императори Пу Ини асирга олади. Япон қўшинлари гуруҳ-гуруҳ бўлиб асирга туша бошлайди.

Асирга олинган япон аскарлари.
Фото: Google Photos

Манжурия ва жанубий Сахалиндаги муваффақиятли юришлар Курил оролларининг озод қилинишида муҳим бўлди. 18 август ва 1 сентябрь оралиғида ташкил қилинган десант операцияси давомида Шумшу оролига десант қўшинлари туширилди. Узоқ ва кескин кечган жанглар натижасида орол гарнизон қўшинлари таслим қилинди. Ҳарбий саноат базаларидан ва пиёда қўшинларидан айрилган Япония урушни давом эттириши мантиқсиз эди. Манжурия, Корея, Сахалин ва Курил оролларидаги ҳарбий плацдармларнинг ҳам қўлдан бой берилиши Японияни капитулясияни қабул қилишга мажбур қилди. 1945 йилнинг 2 сентябрь санасида «Миссури» кемасида Япония таслим бўлиш ҳақидаги шартномага имзо чекди.

Хулоса
Уруш якунига кўра, Совет Иттифоқи иттифоқчилари олдидаги Ялта конференциясида келишилган шартларни бажарди ва Узоқ Шарқда Японияни таслим қилди. Шу билан биргаликда Портсмут сулҳи натижасида Японияга ўтказилган жанубий Сахалин, Порт Артур, Далний ва Курил оролларини СССР ўзига қайтариб олди. Совет Иттифоқи яна бир бор Қизил Армиянинг қудратини дунёга намойиш қилишга эришди ва Хитой, Мўғулистон, Кореяни япон милитаристлари зулмидан озод қилди.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)