
Европада наркобизнес яна янги қиёфа касб этди. Уюшган жиноий гуруҳлар энди кокаинни ташишнинг илгари эшитилмаган усулларидан фойдаланмоқда. Улар бу моддани мева шарбати, зиравор ва ҳатто пластмасса маҳсулотлари ичига яширишни ўрганиб олган. Бу ҳақда Германия Федерал жиноий идораси раҳбари Ҳолгер Мюнх маълум қилди, деб хабар берди DW.com.
Ҳолгер Мюнхнинг сўзларига кўра, наркотик контрабандаси эндиликда оддий порт орқали юк етказиш билан чекланмаяпти. Энди савдогарлар мини сувости кемалари, тезкор шиширилган қайиқлар ва махсус капсулалардан ҳам фойдаланмоқда. Бу усуллар кокаинни денгиз орқали Европага яширинча етказиш имконини бераётгани айтилади.
Таҳлилларга кўра, наркокартеллар Жанубий Америкадан келаётган зираворлар ва мева шарбатларига кокаинни махсус кимёвий жараён орқали қўшишни ўрганган. У натижада маҳсулот билан шундай аралашадики, порт ва аэропортлардаги стандарт текширувларда уни аниқлаш деярли мумкин эмас.
Кейин эса бу аралашмалар Европанинг айрим саноат ҳудудларида жойлашган яширин лабораторияларда қайта ишланиб, кокаин тозаланган ҳолда тайёр маҳсулот сифатида тарқатилади.
Мюнх таъкидлаганидек, бу тенденция нафақат Германия, балки бутун Европа хавфсизлик тизимини жиддий ташвишга солмоқда. “Сўнгги йилларда контрабанданинг асосий маркази Белгия ва Нидерландиядан Испания ва Францияга кўчди. Бу Европа юк йўналишларида янги ‘наркологистика’ тармоғи пайдо бўлганини англатади”, — деди у.
Европа ҳуқуқ-тартибот органлари наркокартеллар фаолиятини чеклаш учун қўшма рейдлар ва рақамли кузатув тизимларини кучайтиришни режалаштирмоқда. Аммо экспертлар фикрича, савдогарлар ҳар гал янги усулларни ўйлаб топаётгани учун кураш узоқ ва оғир кечиши аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!