
Франциядаги дунёда машҳур Лувр музейи хавфсизлик чораларини кучайтирди. Reuters агентлиги ёзишича, ўтган ҳафтадаги жиноят воқеасидан сўнг музей ўзининг энг қимматбаҳо жавоҳирларидан бир қисмини Франция банкига кўчирди.
Маълум қилинишича, Аполлон галереяси — яъни қироллик тожига оид ноёб дурдоналар сақланадиган бўлимдан айрим экспонатлар 24 октябрь куни полиция кузатуви остида Франция банкининг махсус омборига етказилган.
Банк мамлакатнинг олтин захираларини ер остидаги 27 метр чуқурликда жойлашган улкан омборхонада сақлайди. У Сена дарёсининг ўнг соҳилида, Луврдан бор-йўғи 500 метр узоқликда жойлашган. Шу билан бирга, на Лувр, на Франция банки расмий баёнот билан чиқмаган.
Эслатиб ўтиш жоиз, 19 октябрь куни музей коллекциясидан тахминан 102 миллион долларлик саккизта қимматбаҳо буюм ўғирлаб кетилганди. Тергов маълумотларига кўра, номаълум шахслар иш вақтида кран ёрдамида музейнинг юқори қаватига кириб, ойнаси орқали ичкарига тушишган ва жавоҳирларни олиб, мототциклларда қочиб кетишган.
Барча жараён атиги 4 дақиқа давом этгани айтилмоқда. Ўғирликни амалга оширганлар ходим либосида бўлгани ҳам аниқланган. Бу ҳолат нафақат Францияда, балки бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёзишича, кўплаб француз фуқаролари ва маданият арбоблари бу воқеани миллий шармандалик сифатида баҳолаган. Ҳукумат эса маданий бойликларни муҳофаза қилиш бўйича қўшимча хавфсизлик чораларини кўришни бошлаган.
Таъкидланишича, Лувр музейининг тарихида бу каби йирик ўғирлик ҳолатлари жуда кам кузатилган. Аммо сўнгги воқеа Франциянинг маданий мероси ва жавоҳирлар хавфсизлиги масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!