date

Британияда юзлаб маҳкумлар хатолик туфайли озод қилинди

Британияда юзлаб маҳкумлар хатолик туфайли озод қилинди

Буюк Британияда жазо тизимида йирик хато аниқланди — 2024 йилнинг мартидан 2025 йилнинг мартигача бўлган бир йил ичида 260 дан ортиқ маҳкум нотўғри қарор ортидан эркинликка чиқиб кетган. Бу ҳақда ҳукумат статистикасига асосланиб, “Sky News” телеканали маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 233 нафар маҳкум қамоқхоналардан, яна 29 киши суд залларидан хатолик туфайли озод этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 128 фоизга кўп. Масала айниқса, эфиопиялик ноқонуний муҳожир Хадуш Кебату билан боғлиқ воқеадан сўнг жамоатчилик эътиборини тортди.

Кебату жинсий жиноятлар учун судланган бўлиб, унинг озод қилиниши бутун мамлакат бўйлаб қаттиқ норозиликларга сабаб бўлди. Маълумотларга кўра, у 14 ёшли қиз ва бир аёлга тегажоғлик қилгани учун Челмсфорд магистрлар суди томонидан бир йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик уни депортация қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ходимларига топшириш учун озод этилган, аммо бу жараёнда у қочиб кетган.

Эссекс полицияси Кебатунун Лондонга йўл олганини маълум қилди. Унинг илгари ҳам бир неча марта тегажоғлик қилгани аниқланган ва бу ҳолатлар суд томонидан исботланган. Бу воқеа ортидан Британиянинг турли шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Норозиликчилар ҳукуматдан ноқонуний муҳожирларни меҳмонхоналарда жойлаштириш амалиётини бекор қилишни талаб қилишган. Аслида, бошпана сўровчилар махсус марказларда жойлаштирилиши керак, аммо мамлакатда бундай марказлар сони етарли эмаслиги маълум бўлди.

Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил март ҳолатида мамлакат бўйлаб 210 та меҳмонхонада 32 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир яшамоқда. “The Times” газетаси ёзишича, уларни жойлаштириш ва таъминлаш Британия солиқ тўловчиларига йилига тахминан 4 миллиард фунт стерлинг харажат келтиради.

Ҳукумат бу тизимни ислоҳ қилиш ниятида. Режага кўра, 2029 йилгача муҳожирларни меҳмонхоналарга жойлаштириш амалиёти бутунлай тугатилади. Шу билан бирга, қамоқ тизимидаги хатоликлар бўйича ҳам ички текширув бошланган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда АҚШда ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган — 64 ёшли эркак 43 йил давомида ноҳақ қамоқда ўтирганидан сўнг озодликка чиққан, аммо ортидан яна ҳибсга олинган эди. Бу воқеалар жаҳон бўйлаб адлия тизимларидаги камчилик ва инсон хатоси оқибатларига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Британияда юзлаб маҳкумлар хатолик туфайли озод қилинди